Маълумотларга кўра, жорий йил 15 май куни Пахтакор тумани ҳудудида жойлашган «Жиззахагрокимёҳимоя» ҲАЖ масъул ходимлари туман ИИБ га мурожаат қилиб, жорий йилнинг 6 май кунидан 14 май кунига қадар номаълум шахслар омборнинг орқа томон деворини бузиб кириб, омборда сақланаётган аммафос минерал ўғитининг бир қисмини ўғирлаб кетганини маълум қилган.
Терговга қадар текширув давомида номаълум шахслар томонидан умумий баҳоси 55 млн 400 минг сўмлик жами 9 тонна 900 кг. Аммафос минерал ўғити яширин равишда талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Пахтакор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «Г» банди (ўғирлик) банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Пахтакор туманида яшовчи 9 нафар фуқаро олдиндан жиноий тил бириктириб ушбу жиноятни содир этгани маълум бўлди. Улар тунда «Жиззахагрокимёҳимоя» ҲАЖга бетон деворнинг туйнуги орқали кириб, омборхона биносининг орқа томонидаги ғиштдан терилган деворини тешган ва у ерда сақланаётган қўшма корхона ҳисобида бўлган умумий баҳоси 55 млн 400 минг сўмлик 9.900 кг аммафос минерал ўғитини бўлиб-бўлиб «NEXIA-2» ва «COBALT» русумли автомашиналарга юклаб олиб кетган.
Уни Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Самарқанд вилоятининг Булунғур туманларидаги деҳқон хўжаликларига сотиш билан шуғулланиб келганликлари аниқланди. Ушбу автомашиналардан қопланган ҳолатдаги аммафос минерал ўғитлари, минерал ўғитларнинг қоплари ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.