Тренинг дастурига асосан профессор-ўқитувчилар университетнинг ветеринария медицинаси коллежи профессор-ўқитувчиларининг интерфаол дарсларига кириб, уларнинг дарс ўтиш услубияти, талабалар билан муносабат ўрнатиш, онлайн платформа билан ишлаш, талабалар билимини баҳолаш ва уларни фанни ўқишга қизиқтириш борасидаги тажрибаларини ўрганмоқдалар. 

Шу билан биргаликда коллежда талабаларнинг билим олиши ва илмий-амалий фаолият билан шуғулланиши учун яратилган имкониятлар билан танишмоқдалар. Жумладан, коллежнинг майда ҳайвонлар клиникасига ташриф буюриб, у ерда уй ҳайвонларига сифатли ва мунтазам ветеринария ёрдами кўрсатиш (вакцинация, маслаҳат бериш, турли хил жарроҳлик операцияларини ўтказиш, даволаш ва касалликларни олдини олиш бўйича ҳайвон эгаларига маслаҳатлар бериш) жараёнини ўргандилар. Клиника асосан битирувчи курс талабалари билан гавжум бўлиб, у ерда 80 нафар профессор-ўқитувчилар ва 140 нафар техник ходимлар фаолият олиб боради.

Шунингдек, коллеж қошида ташкил этилган Миннесота штатининг “Ҳайвонлар касалликларига ташҳис қўйиш ва озиқ-овқат хавфсизлиги лабораторияси” фаолияти билан танишдилар. Лабораториянинг мавжуд барча бўлимларидаги иш жараёни, мавжуд замонавий диагностик жиҳозлар ва хизмат кўрсатиш турлари бўйича лаборатория директори ва ишчилари билан суҳбат ўтказдилар. 

Лабораторияда жами 200 нафар профессор-ўқитувчи ва техник ходимлар ишлайди ва улар штатдаги ҳайвонлар саломатлиги учун масъулдир.

Коллежнинг “Озиқ-овқат билимлари ва озиқлантириш” бўлимига ташриф буюриб у ерда талабалар учун ташкил этилган ўқув сўйиш пункти (кушхона) ҳамда гўшт ва сут махсулотларини қайта ишлаш цехи фаолияти билан танишдилар.

Кушхонага келтирилган ҳайвонни сўйишдан олдин ва кейин текшириш, сўйиш жараёнларини бажариш, гўшт сифатини баҳолаш ва категорияларга ажратишдан то цехда бирламчи ишлов бериш, тайёр гўшт махсулотлари (колбаса, сосиска) сифатида истеъмолга чиқаришгача бўлган жараёнларда талабаларнинг иштирок этишига гувоҳ бўлдилар. Университининг ўзида ушбу махсулотларни сотиш ва бошқа дўконларга етказиб бериш йўлга қўйилган. 

Тренинг жараёнлари давом этмоқда.

Ахборот хизмати