Шу боис, дунёда кундан-кунга талаб юқорилаб бораётган бу маҳсулот жаҳон миқёсида улкан тижорий аҳамиятга эга бутун бошли индустрия ҳисобланади. Халқаро экспертларнинг фикрича, электромобиллар, электротехника ва қайта тикланувчи энергия соҳаларининг ривожланиши эвазига 2030 йилга бориб дунёда мисга бўлган талаб 40 фоизга ошиши кутилмоқда.

Охирги 5 йилда мамлакатимизда мис ишлаб чиқариш ҳажми қарийб 1,5 баравар ошиб, 2020 йилда 148 минг тоннага етган. Аммо ундан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлаш ишлари етарли эмас. Шу боис, Президентимиз раислигида жорий йил 28 июнь куни мис ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш ҳамда саноат кластерини ташкил этиш масалалари юзасидан ўтказилган йиғилишда келгуси 5 йилда мис ишлаб чиқариш ҳажмини 400 минг тоннагача етказиш орқали, мисдан олинадиган даромадни турдош тармоқлар билан бирга 7-8 миллиард долларга етказиш лозимлиги таъкидланди.

Бу борадаги вазифаларни амалга оширишда 24 июнь куни қабул қилинган “Кон-металлургия саноати ва унга боғлиқ соҳаларни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори ҳуқуқий асос бўлади. Мазкур ҳужжат тарихий қарор бўлди, десак муболаға эмас. У ўзида мис хомашёси базасини кенгайтиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва кадрларни тайёрлаш масалаларини қамраб олади.

Айни пайтда мис ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ишлари бошланган. Олмалиқ кон-металлургия комбинатида 3-мисни бойитиш фабрикаси қурилиши ҳамда йиллик қазиб олиш ҳажми 60 миллион тонна атрофида бўлган янги “Ёшлик” конини ўзлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Бу йил 35 миллион кубдан кўпроқ қазиш ишлари амалга оширилади.

Бугун комбинат корхоналарида молибден, рений, рух купороси, кадмий, вольфрам, палладий каби нодир ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқарилса-да, унинг асосий маҳсулоти мис ҳисобланади. Бундан бир неча йил аввал корхонада 98 минг тонна мис ишлаб чиқарилган бўлса, айни пайтга келиб бу кўрсаткич қўшимча 50 минг тоннага ортди.

Ҳозирги вақтда миснинг бозордаги нархи асосида дунё иқтисодиётининг йўналишини мўлжал қилиш, прогноз тузиш, технологиялар ривожининг у ёки бу тарафга ўзгаришини олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлиб қолди. Дунё бозорида мисга бўлган талаб ва маҳсулот нархларининг ошиб бориши комбинатнинг экспорт салоҳияти, бу орқали юртимиз иқтисодиёти ўсишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, жорий йилнинг I чорагида корхонада 132,9 миллион долларлик мис экспорт қилиш белгиланган бўлса, қулай конъюнктура туфайли бу кўрсаткич 231 миллион доллардан ошишига эришилди.

Миснинг асосий қисми — 60-70 фоизи қулай логистика туфайли Туркия давлатига йўналтирилади. Шунингдек, Хитой, МДҲ мамлакатлари, Шарқий Европа давлатлари ҳам комбинатнинг доимий ҳамкорларидан ҳисобланади. Сўнгги йилларда янги сотув бозорларини ўзлаштириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Қатар, Австралия, Индонезия, Польшага маҳсулот экспорти амалга оширилди. Эндиликда, Дубай ва Жанубий Европа ҳудудига чиқиш мўлжалланмоқда. Айни пайтда мисни Лондон металл биржасида рўйхатдан ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.

Мис метали яшил энергетикага ўтишда ҳам энг қулай манба ҳисобланади. Яқинда Парижда иқлим бўйича бўлиб ўтган халқаро саммитда жаҳоннинг ривожланган давлатлари нефть ва кўмирдан воз кечиб, тоза, қайта тикланадиган энергетикага ўтиши жадаллашиб бораётгани таъкидланди. Бунда асосий эътибор мис ишлаб чиқарилишига ҳам қаратилади.

Мис иссиқлик ва электр қувватини энг яхши ўтказувчи ҳисоблангани боис, охирги 5 йилда ундан фойдаланган ҳолда, электромобиллар ишлаб чиқариш ҳажми кескин ошди. Агар оддий автотранспорт воситасини тайёрлаш учун 8 килограмдан 20 килограмгача, автобусларда 224-369 килограмм мис ишлатилса, электромобилда бу кўрсаткич 83 килограмгача етади. Бу ўзгаришлар кейинги йилларда мисга бўлган эҳтиёжнинг бир неча баробар кўпайишига олиб келади. Юртимиз иқтисодиёти учун бу ижобий ҳолат бўлиб, мис экспорти ҳажмининг янада ортишига хизмат қилади.

 Ушбу жараёнларда Президентимиз топшириғига асосан ташкил этиладиган мис саноати кластери локомотив вазифасини ўтайди. Йиғилишда малакали мутахассисларни жамлаб, мис саноати кластерини ташкил этиш бўйича чет эл тажрибасини чуқур ўрганиш, халқаро компанияни жалб қилган ҳолда, геология ва кон-металлургия соҳасини ривожлантиришда стратегик йўналишларни белгилаш бўйича топшириқлар берилди. Кластернинг ҳар бир бўғини учун олий маълумотли мухандис-технолог ҳамда ишчи мутахассисларни тайёрлаш, шу мақсадда, етакчи хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари олиб борилади. Мазкур топшириқлар бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” ижросини таъминлаймиз.

Абдулла ХУРСАНОВ,

“Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ бошқаруви раиси