Йиғилишда электротехника тармоғи корхоналарининг Республикада эришган кўрсаткичлари тўғрисида сўз борди.
Қайд этилишича, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 7,1 триллион сўмни ташкил этиб, 2020 йилнинг тегишли даврига нисбатан 133 фоиз ўсишга эришилган. Таҳлиллар ўтган давр ичида электротехника саноати корхоналари Республика саноатида энг юқори ўсиш суръатларини қайд этганини кўрсатди.
Жорий йилнинг ўтган даврида соҳа корхоналари томонидан 25 минг тоннага яқин мис хом ашёси чуқур қайта ишланган. Жорий йил якунига бориб эса ишлаб чиқариш ҳажмини 16,7 триллион сўмга (2020 йилга нисбатан 122 фоизга) ошириш, мис хом ашёсини чуқур қайта ишлаш ҳажмини 55 минг тоннага етказиш режалаштирилган.
Инвестиция дастури доирасида биринчи ярим йилликда 81,0 миллион доллар, режага нисбатан 2,3 баробар инвестициялар, шундан 52 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилиб, режага нисбатан 4 баробарни ташкил этди.
Лойиҳалар доирасида вентилятор, электрон тарозилар, электр чойнаклар, саноат музлатгичлари, транcформатор шитлари, электр двигателлари, аккумулятор ва бошқа шу каби маҳсулотлар ўзлаштирилиб, 1,0 тиллион сўмлик қўшимача ишлаб чиқариш қувватлари яратилди. Жорий йилнинг якунига қадар 143 миллион доллар инвестициялар, шундан 55 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилади.
Жорий йилнинг ўтган биринчи ярим йиллик якунлари билан маҳсулотлар экспорти 237 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 2 баробарга ошган. Жорий йил якунига маҳсулотлар экспортини 500,0 миллион долларга етказиш мақсад қилиб олинган.
Ҳозирги пайтда соҳада янги инвестиция лойиҳалар ва истиқболли йўналишлар устида иш олиб борилмоқда. Бу эса “Электроника ва автоматика”, “Яшил энергетика” ва шунга ўхшаш бир қатор йўналишларни ўз ичига олади, дейди мутахассислар тадбир давомида.