Мамлакатимиз мавзусини қамраб олган хабар-мақолаларда яқинда қабул қилинган “2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегияси”га алоҳида урғу берилмоқда.
Хусусан, Мисрдаги етакчи нашрлардан бири ҳисобланадиган “ал-Аҳром” газетаси саҳифасида чоп этилган “Ўзбекистон ялпи ички маҳсулот ҳажмини келгуси беш йилда 100 миллиард долларга етказишга интилмоқда” сарлавҳали мақолада Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда 2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг стратегияси ва уни жорий йилда амалга ошириш мавзуси муҳокама қилингани тафсилотлари атрофлича қаламга олинган.
Мақолада мамлакатимиз илм-фан, сунъий интеллект, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий қилиш, фермерларнинг даромадларини икки баробарга кўпайтириш, қишлоқ хўжалигини янада ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил амалга ошираётгани қайд этилган.
Шунингдек, нашр мамлакатимиз ҳукумати 2022-2026 йилларда мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга 120 миллиард доллар ҳажмида инвестиция жалб қилишни, унинг 70 миллиард доллари хорижий сармоялар бўлиши, 1,2 миллион ўқувчига мўлжалланган янги мактаблар қуриш, мактабгача таълим муассасаларини 80 фоизга кўпайтириш ҳамда олий ўқув юртларининг халқаро рейтингини оширишга эришиш, хусусий шерикчилик асосида 100 минг талаба учун замонавий, барча қулайликларга эга бўлган янги кампуслар бунёд этиш каби улкан лойиҳалар белгилангани мисрлик ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилинган.
Мисрда чоп этиладиган яна бир матбаа нашри - “ал-Ахбор ал-Йаум” газетасида эса “Ўзбекистон 2022 йилда 80 дан зиёд халқаро тадбир ўтказишни режалаштирди” сарлавҳали таҳлилий мақола босилиб чиқди.
Унда 2022 йилда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида Ўзбекистон жорий йил давомида 80 дан ортиқ турли халқаро тадбир ўтказишни режалаштиргани, ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида савдо айланмасини ошириш, айниқса, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратиши қайд этилган.
Шунингдек, мазкур газета саҳифасида чоп этилган яна бир мақола “Президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан буён Ўзбекистонда бозор иқтисодиёти тез суръатларда ривожланмоқда” деб номланган. Унда сўнгги беш йил мобайнида мамлакатда туб иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётгани, иқтисодиётга хорижий инвестицияларнинг жалб этилиши нисбати бир неча баробарга кўпайгани, кўплаб янги иш ўринлари яратилгани ўз ифодасини топган.
“Илгари Ўзбекистон иқтисодиёти, асосан, табиий газ, олтин, пахта хом-ашёсини экспорт қилишга ихтисослашган бўлса, ҳозирги кунга келиб Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ушбу бойликларни қайта ишлаш ва қўшимча қиймат қўшилган тайёр маҳсулот сотишга ихтисослашган замонавий саноат ва қишлоқ хўжалиги кластерларини барпо қилишга устувор даражада эътибор қаратилмоқда”,- деб ёзади “ал-Ахбор ал-Йаум” газетаси.