Хусусан, 2022–2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантиришга қаратилган Тараққиёт стратегиясида ҳам аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш орқали камбағалликни қисқартириш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини ҳамда фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш каби бир қатор устувор вазифалар белгиланган.

2022 йилнинг 18-23 апрель кунлари “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков водий вилоятларида бўлиб, жойларда Тараққиёт стратегияси ҳамда Давлат дастури доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси билан яқиндан танишди. Хусусан, 23 апрель куни Э.Туляков Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидаги таълим, соғлиқни сақлаш каби ижтимоий соҳа объектлари, аҳоли бандлигини таъминлаш учун қуриб фойдаланишга топширилган ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини ўрганиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди.

Жумладан, ташриф доирасида туманнинг “Кичик Оқмачит” маҳалласидаги 42-сонли давлат мактабгача таълим муассасаси, маҳаллада ташкил этилган оилавий корхоналар фаолияти ҳамда секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ташриф якунида Э.Туляков тумандаги сектор раҳбарлари ҳамда муттасадди ташкилотлар вакилларига фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва камбағалликни қисқартириш, бунда аҳолини янги иш ўринлари ва кафолатли даромад манбаига эга бўлиши, малакали тиббий ва таълим хизматлари, шунингдек муносиб яшаш шароитлари билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги юзасидан ўз фикр ва тавсияларини билдирди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази

Ахборот хизмати