Уйқунгиз келмадими? Олимлар хотирани уйқусиз тун оқибатидан ҳимоя қилиш усулини топишди. Уйқусизлик нафақат эртанги куннинг кайфияти ва иш қобилиятига таъсир қилади, балки хотирани ҳам ёмонлаштириши мумкин: жумладан, маълумотларни эслаб қолиш ва янги кўникмаларни ўзлаштириш қийинлашади. Маълумки, жисмоний фаоллик уйқусизликнинг баъзи оқибатларини қоплашга ёрдам беради. Машғулотлар пайтида организм хавотирни камайтирадиган ва циркад ритмларни тартибга солишга ёрдам берадиган эндорфинларни ишлаб чиқаради.
Циркад ритм – организмнинг ички соати бўлиб, 24 соат давом этади ва кун-тун алмашиш вақтига қараб мослашади. Эндофирин – кимёвий моддалар гуруҳи, у бош мияда ишлаб чиқилади. Организмга оғриқни сусайтиришга ёрдам беради ва стрессни камайтиради.
Канаданинг Конкорд университети олимлари жисмоний машқлар нафақат уйқуни яхшилаши, балки хотирани уйқусизлик оқибатидан ҳимоя қилиши мумкинлигини аниқлашди. Тадқиқот Sleep илмий журналида чоп этилган.
Тадқиқотда 88 нафар соғлом ёшлар иштирок этди. Улар тасодифий равишда тўрт гуруҳга бўлинди. Иккала гуруҳ иштирокчилари одатдагича ухлашди, қолганлари эса кечаси тавсия этилган 8,5 соат ўрнига атиги 4,5 соат ухлашди. Кейин ушбу гуруҳларнинг ҳар бири яна бир бор бўлинди: иштирокчиларнинг ярми уйқудан олдин ярим соат давомида велотренажёрда ўртача юклама билан шуғулланди, қолган 40 дақиқа эса шунчаки креслода ўтириб, ҳеч нарса қилмади.
Кўнгиллилар ухлашдан олдин хотира тестини топширишди. Уларга юзлар кетма-кетлиги кўрсатилди ва уларнинг ҳар бири олдинги расмлар сериясида учраганми ёки биринчи марта пайдо бўлганини аниқлаш керак эди. Эртаси куни иштирокчилар худди шу тестни такрорлашди.
Кутилганидек, тўлиқ тунги уйқу маълумотни эслаб қолиш қобилиятини сақлаб қолишнинг энг яхши усули бўлиб чиқди. Яхши ухлаган иштирокчилар эртаси куни хотира топшириғини муваффақиятли бажарди. Уйқуга тўймаганлар эса анча секинроқ жавоб беришди.
Бироқ, жисмоний машқлар уйқусизлик оқибатини юмшатишга ёрдам берди. Уйқудан олдин велотренажёрда шуғулланган иштирокчиларда хотиранинг пасайиши уйқудан олдин дам олганларга қараганда сезиларли даражада камроқ бўлган, деб хабар берди vokrugsveta.ru.
Тадқиқот муаллифларининг фикрича, натижалар уйқу етишмовчилигида ўртача жисмоний фаолликнинг мия фаолиятига ижобий таъсири ҳақида қўшимча маълумот беради. Шу билан бирга, тадқиқотчилар тажрибанинг чекловлари борлигини тан олишади. Хусусан, бир хил иштирокчиларни турли шароитларда текшириш фойдали бўларди — бу индивидуал хусусиятларнинг таъсирини истисно қилиш имконини берарди. Тўғри, бундай тажриба кўнгиллилардан анча узоқ вақт иштирок этишни талаб қилган бўларди.
Айниқса, чуқур уйқу — мия секин тўлқинли фаоллик ҳолатига ўтадиган босқич хотира учун жуда муҳим. Имтиҳонга тайёргарлик кўриш, иш хатларини тугатиш ёки сериалнинг яна бир қисмини томоша қилиш учун кечгача ўтириб қолганимизда, биз кўпинча айнан шу нарсани олмаймиз.
Шунинг учун кечки пайт телефонда янгиликларни тинимсиз кўриб чиқишни баъзан боғда сайр қилиш билан алмаштириш керак. Бу мия фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг оддий, арзон ва дори-дармон талаб қилмайдиган усулидир, айниқса, тўлақонли уйқуга эриша олмаган бўлсангиз. Олимлар биргина уйқусиз тун мия нейронлари ўртасидаги алоқаларга таъсир қилишини аниқлади. Уйқу эса организмнинг нормал ҳолатини тиклаш учун жуда зарур.