2022 йилнинг 19 октябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш учун жавобгарлик назарда тутилган янги “641-модда” ни киритилганлиги мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарали натижаларидан бири ҳисобланади.
Мазкур Қонунга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс VII боб қуйидаги мазмундаги 641-модда билан тўлдирилди:
“641-модда. Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш”
Моддий маданий мерос объектларига нисбатан ҳурматсизлик билан муносабатда бўлиш, яъни ёзувлар ёзиш, расмлар чизиш йўли билан уларни таҳқирлаш ёки уларга шикаст етказиш, моддий маданий мерос объектларини, шу жумладан уларнинг тарихий, илмий, бадиий ёхуд ўзгача маданий қимматига доғ туширувчи ёки уларни масхара қилувчи ҳаракатларни содир этиш, худди шунингдек моддий маданий мерос объектларига нисбатан жамоат тартибини бузувчи ҳаракатларни содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган оз миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган, кўп бўлмаган миқдорда зарар етказган ҳуқуқбузарликни содир этиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу модданинг биринчи, иккинчи ёки учинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, — ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ ўзига нисбатан маъмурий қамоққа олиш қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Оз миқдордаги зарар деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлган доирадаги, кўп бўлмаган миқдордаги зарар деганда базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлган доирадаги миқдор тушунилади.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 132 моддасида ҳам моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлик учун жиноий жавобгаарлик белгиланган. Кодекснинг мазкур моддасига мувофиқ, давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш анча миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда зарар етказган ҳолда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан беш юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда содир этилган бўлса, — беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Етказилган моддий зарар уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Хулоса сифатида шуни айтишимиз керакки, олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ўтган даврда юртимизда демократик ҳуқуқий давлат барпо этишнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизимини шакллантиришнинг мутлақо янги концепцияси амалда жорий этилди.
Аброр МАМАЖОНОВ,
Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси