Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2025–2026 йилларда сайёҳлар оқимини кескин кўпайтириш ва туристик хизматлар кўламини жадал кенгайтириш орқали туризмнинг иқтисодиётдаги ўрни ва аҳамиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, республика миқёсида ёшлар ўртасида ўтказиладиган спорт мусобақалари ғолиблари қўшимча равишда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат” йўлланмаси билан тақдирланиши белгиланди. 

2027 йил 1 январгача тадбиркорлар томонидан модулли меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш харажатларининг бир қисмини қоплаш учун камида 10 та модулдан иборат бўлган модулли меҳмонхоналар учун қуйидаги миқдорларда 1 марталик субсидия ажратилади:

  • I тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 10 млн сўм;
  • II тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 7 млн сўм;
  • III тоифадаги модулли меҳмонхонадаги ҳар бир жой учун – 5 млн сўм.

2028 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг туризм йўналишидаги ходимлари малакасини ошириш харажатларининг бир қисми қоплаб берилади.

2030 йил 1 январгача тиббий туризм кластерларининг хизматлари халқаро туризм ва тиббиёт ярмаркалари ҳамда кўргазмаларида тарғиб қилинади.

2025 йил 1 июндан туризм соҳасига оид барча давлат электрон тизим ва платформалари Миллий туризм ягона платформаси доирасида ишлаб чиқилади. 

2025 йил якунига қадар Самарқанд шаҳрида “Ипак йўлида туризм” тематик офиси ташкил этилади.