Ҳукумат қарори билан давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга тиббиёт ва фармацевтика ходимларига ипотека асосида олинадиган уй-жойнинг дастлабки бадалининг 25 фоизини қоплаб бериш тартиби белгиланган.

Унга кўра, номзодлар бирламчи уй-жой бозоридан уй ёки квартира сотиб олиш учун ипотека кредити олиш мақсадида ариза топширади. Ҳар чорак якунида белгиланган талабларга жавоб берадиган аризалар алоҳида реестрга киритилади ва улар орасидан ғолиблар автоматик тасодифий танлов асосида аниқланади.

2026 йилнинг учинчи чораги якунига кўра, ушбу дастур бўйича жами 4728 та ариза келиб тушган. Шундан 1657 таси белгиланган талабларга мос деб топилиб, танловга киритилган.

Энди 125 нафар ғолиб айнан шу 1657 нафар аризачи орасидан танлаб олинади.

Илк танлов 9 октябрь куни соат 10:00 да ўтказилади.

Танлов учинчи чорак якуни бўйича танловга қўйилган аризалар орасидан ғолибларни аниқлайди.

Жараён www.ins-subsidiya.imv.uz сайти орқали ўтказилади. Танлов Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Facebook, Instagram ва Telegram тармоқларидаги расмий саҳифаларида ҳам жонли эфирда намойиш этилади.

Танлов натижалари ариза ID рақамлари кесимида эълон қилинади. Ариза ҳолатини my.gov.uz порталидаги шахсий кабинет орқали ҳам кузатиш мумкин.