Ширин шаҳар ҳокимлиги расмлари
Ширин шаҳрини кўпчилик нурчилар шаҳри сифатида эътироф этади. Бу бежиз эмас, албатта, чунки унинг яралиш тарихи икки йирик иншоот «Фарҳод ГEС»и ва «Sirdaryo IES»нинг ташкил топиши билан боғлиқ.

Ширин шаҳрининг тарихи Мирзачўлни ўзлаштиришдек оламшумул воқеа билан чамбарчас боғлиқ. Гарчанд, шаҳар 1972 йилда ташкил топган бўлсада, унинг яралиш тарихи 1943 йилга тўғри келади. Ўша йили Ўзбекистон энергетикаси тарихидаги муҳим воқеа рўй берди, мамлакатимиз энергетикасининг қалдирғоч нурхоналаридан бўлган «Фарҳод ГEС»нинг қурилиши бошланган. Корхона қурилиши билан бир вақтда унинг бунёдкорлари учун аҳоли яшаш жойи ҳам пайдо бўлди. Азим нурхонага бежиз Фарҳод, аҳоли маскани эса Ширин деб номланмади. Сабаби, шаҳарнинг шарқи-ғарбидан унча узоқ бўлмаган жойда Фарҳод қояси қад кўтариб турибди, унинг пастида эса Ширинқиз сойи оқиб ўтган. Улкан бунёдкорлик ишлари мутафаккир бобомиз Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонидан илҳомланиб амалга оширилган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Яъни, афсонани абадийлаштириш мақсадида мазкур жуғрофий ҳудудга афсона қаҳрамонлари номи берилди.

1948 йил «Фарҳод ГEС»нинг 1-2-агрегатлари ишга туширилди. Ушбу иншоотнинг қурилиш ишларига А.А. Саркисов, А.Ҳ. Ҳамидовлар бошчилик қилди.
1966 йилда яна бир улкан бунёдкорлик ишига қўл урилди. Йирик электр ишлаб чиқариш станцияси, «Sirdaryo IES»ига биринчи пойдевор ётқизилди. Шу билан бир вақтда, Ширин шаҳрининг пойдеворига ҳам тамал тоши қўйилди. Бундай шарафли ишга моҳир қурувчилар Семён Функ, Михаил Воронин, Тўхтасин Жўрабоевлар бошчилик қилди. Юртимиз харитасида янги шаҳар пайдо бўлди.

Ширин шаҳри мустақиллик йилларида беқиёс чирой очди. Сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида, айниқса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ҳаётга жорий этиш асосида мамлакатимизнинг сиёсий, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ҳаётини тубдан янгилаш, «Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари» ғоясини реал воқеликка айлантириш борасида салмоқли ютуқлар қўлга киритиляпти. Жумладан, ушбу тамойил асосида шаҳардаги Ширин энергетика коллежи, умумий ўрта таълим мактаблари, тиббиёт бирлашмаси, мактабгача таълим ташкилотларига янги замонавий тус берилиши, «Ёшлар хиёбони», «Энергетиклар» музейи, аҳолига хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт иншоотларининг ташкил этилиши шаҳар ҳаётига янгича файз олиб кирди, деб хабар беради Ширин шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.
Ҳа, эндиликда Ширин шаҳри том маънода ўз номига хос ва мос шаҳарга айланиб боряпти. Таъбир жоиз бўлса, Навоий достони қаҳрамонлари ўзларининг иккинчи умрини яшаяпти.