Хабарда айтилишича, шу йил 7 май куни Молия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойиши лойиҳаси келиб тушган.
Фармойиш лойиҳасида Қурилиш вазирлигининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш мақсадида “Land Cruiser 200” русумли автомашинасини истисно тариқасида танловларсиз, тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилиш кўзда тутилган эди.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунининг мақсади давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонуннинг 4–12-моддаларида давлат харидларининг асосий принциплари белгиланган бўлиб, улар давлат харидлари жараёнининг барча босқичларида қўлланиши керак, дейилади вазирлик ахборотида.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августдаги 5780-сонли фармонининг 27-бандида вазирлик ва идоралар, шунингдек, хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат харидларини амалга оширишда истисно тарзида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш ҳуқуқини беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш тақиқланган.
Мазкур фармойиш лойиҳасида тўғридан-тўғри шартнома асосида давлат харидини амалга ошириш бўйича киритилган норма давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига зид бўлгани, шунингдек, давлат харидларининг очиқлик ва шаффофлик, рақобат ва холислик, молиявий маблағлардан оқилона фойдаланиш, тежамкорлик ва самарадорлик каби принципларга таянган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида фармойиш лойиҳасидан ушбу нормани чиқариб ташлаш бўйича Молия вазирлиги таклиф билдирди.