Бугун халқаро андозалар даражасида жиҳозланган ҳунар масканида малакали педагоглар жамоаси ишсиз аҳоли, хусусан, ёшларга касб-ҳунар сирларини ўргатмоқда.
“Ишга марҳамат” мономарказида банд бўлмаган аҳоли ва ишсиз фуқаролар, хусусан, хотин-қизлар ва ёшларга касб-ҳунар ўргатиш жараёни йилдан йилга кенгайиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, 2021 йилда мономарказда 22 турдаги қисқа муддатли курсларда 1 минг 870 фуқарога касб-ҳунар ўргатилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич сезиларли ошган: 29 йўналиш бўйича 3 мингга яқин мутахассис тайёрланган. Шундан 2005 нафари аёл-қизлар, қолгани эркаклар ҳиссасига тўғри келади. Битирувчиларнинг 1777 нафари 30 ёшгача бўлган ёшлар экани мамлакатимизда навқирон авлодга қаратилаётган эътибордан далолат.
Табиийки, меҳнат бозори ҳам талаб ва таклиф асосида шаклланади. Бу жараёнда талаб бўш иш ўринларини ўрганишга эҳтиёж, таклиф эса банд бўлмаган ишчи кучининг мавжудлиги ёки иш ўрнини ўзгартириш истаги сифатида майдонга чиқади. Юртимизда аҳоли бандлигини таъминлашда муносиб ечим сифатида мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ишсиз фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш асосида доимий даромад келтирадиган ишга жалб қилиш, турмуш даражасини ошириш мақсад қилинган. Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида “ҳар бир фуқарога давлат ҳисобидан аниқ касб-ҳунарга ўқиш имкониятини яратиш, касбга ўқитиш кўламини 2 баробар ошириб, жами 1 миллион нафар ишсиз фуқарони касб-ҳунарга ўқитиш ва бу жараёнда нодавлат таълим муассасаларининг иштирокини 30 фоизга етказиш” вазифаси белгиланган. Шу маънода, жорий йилнинг январь–июль ойларида “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”ига киритилган 150 фуқарога касб-ҳунар ўргатилгани топшириқлар қоғозда қолиб кетмаётганини кўрсатади.
Мономарказ биносида Яшнобод туман бандликка кўмаклашиш бўлими ҳам фаолият юритади. Бу аҳолига бир вақтнинг ўзида бир жойда бир нечта турдаги хизмат кўрсатиш имкониятини беради. Масалан, фуқаро дастлаб бўш иш ўринлари билан таништирилади. Шундан сўнг хоҳишига кўра талаб юқори, бўш иш ўринлари мавжуд бўлган курсда таҳсил олишига имконият яратилади. Бу уларга кўрсатилаётган иккинчи хизмат тури саналади.
— 2022 йилда мономарказда техник соҳалар бўйича меҳнат бозорида талаб ортиб бораётган кондиционерларга техник хизмат кўрсатиш устаси, тикув машиналарини таъмирлаш устаси, сурдотаржимонлик очилди, — дейди Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази директори Ойгул Сатторова. — Туризм соҳаси вакиллари билан ўзаро келишувга асосан, сайёҳлик бўйича фаолият юритаётган, меҳмонхона ва ресторанларда ишлаётган ходимлар малакасини ошириш бўйича меҳмонхона хўжалиги хизмати ва меҳмонхона маъмури йўналишларида 80 соатга мўлжалланган малака ошириш курслари, мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда ходимлар малакасини ошириш бўйича масофавий онлайн курслар ташкил этилди. Уларда кўплаб ёшлар касб-ҳунар эгалламоқда.
Ўтган йил августидан бошлаб мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда бошқарув сервис компаниялари раҳбар-ходимларининг кўп қаватли уйларда коммунал хизмат кўрсатиш бўйича малакасини ошириш учун ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда. Шу кунгача пойтахтимиздаги 202 та бошқарув сервис компанияларидан 102 тасининг раҳбарлари ва ходимлари малакаси оширилди. Бу жараён жорий йилда ҳам давом эттирилади.
— Қўлимда бирор ҳунарим йўқ эди, — дейди Комрон Купалов. — Шу сабаб анча йил ишсиз юрдим. “Ишга марҳамат” мономаркази ҳақида эшитиб, шу ерга келдим. Шароити, имконияти билан танишгач, пайвандчиликни ўрганишга қарор қилдим. Чизмачилик, тўрт хил пайвандлаш тури бўйича малакали устозлар ҳунар ўргатяпти. Бу касбни яхшилаб ўрганганимдан кейин Жанубий Кореяга ишга кетмоқчиман. У ерда кемасозлик бўйича ишлашни ният қилганман.
Аҳолига тадбиркорлик асосларини ўргатиш, тингловчиларнинг молиявий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис, мономарказ “Сабр микрокредит ташкилоти” МЧЖ билан ҳамкорликда Жаҳон банкининг “Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш лойиҳаси” доирасида 450 дан ортиқ фуқарони тадбиркорлик асослари бўйича ўқитди.
Марказда инклюзив таълимга катта эътибор қаратилган. Бу ерда “Имкониятлар маркази” ташкил этилгани таянч ҳаракатида нуқсони бўлганларга кўмак беряпти. Юқори қаватга чиқиш имконияти бўлмаган юртдошларимиз бинонинг биринчи қаватидаги махсус хонада бир нечта касбга ўргатилади. Улар учун барча шароит яратилган. Заиф эшитувчи ёки гапиришда нуқсони бўлганлар махсус сурдотаржимон хизматидан фойдаланади. Ўтган йили 72 нафар, 2023 йилнинг ўтган 7 ойида 61 нафар имконияти чекланган тингловчи, жумладан, кар-соқов ва таянч ҳаракатида ногиронлиги бор фуқаро аёллар сартарошлиги, тикувчилик, чилангарлик, маиший техникаларни таъмирлаш устаси, нейл стилист, қандолатчилик ва ошпазлик бўйича касбга ўргатилди.
— Веб дастурчилик, ахборот технологиялари йўналишида ўқиш учун бу ерга келдим, — дея фикрини имо-ишора билан тушунтиради Абдураҳим Раззоқов. — Бу кейинги фаолиятим учун жуда ҳам зарур. Асли касбим сураткаш. Шу соҳани янада чуқурроқ ўрганиш, такомиллаштиришга, бироз қийналсам ҳам ниманидир тушунишга, ахборот технологиялари бўйича кўпроқ маълумот олишга ҳаракат қиляпман. Алоҳида дастур яратиш менга жуда ёқди. Бу соҳани яхшилаб ўрганганимдан сўнг дунё кезмоқчиман. Олган суратларимни намойиш этаман. Ўзбекистон довруғини ҳам суратларим орқали дунёга таратмоқчиман.
Ўқув дастурлари ва ишчи ўқув режалари мослаштирилган ҳолда бошқа йўналишларда ҳам имконияти чекланганларнинг касб-ҳунар ўрганиши учун тайёрланди. Шу кунларда Ўзбекистон Карлар жамияти билан ҳамкорликда сурдотаржимонлик бўйича 3 ойлик махсус курс ташкил этилди. Бугунгача 100 га яқин йигит-қиз шу йўналишда ўқитилиб, иш билан таъминланди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Шароит плюс” ногиронлар жамоат бирлашмаси билан ҳамкорликда кўришида нуқсони бўлганлар ва кўзи ожизлар учун компьютер оператори курси ташкил этилди. Биринчи гуруҳда 4 нафар фуқарога йўлланма асосида бепул касб ўргатилди. Айни вақтда эса 9 нафар кўриш имконияти чекланган юртдошимиз компьютер операторлигини ўрганмоқда.
Мономарказда чет тилларни ўқитишга ҳам эътибор қаратилмоқда. Япон, рус, инглиз ва корейс тиллари бўйича ўқув курслари ташкил этилган. Қисқа муддатли курсларда тингловчилар икки йўналишда таҳсил олади. Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимиз учун алоҳида тил курслари бор. Унда чет тилини нолдан бошлаб, юқори даражагача ўргатиш йўлга қўйилган. Шу йилнинг ўтган 7 ойида 102 нафар фуқаро хорижий тилларни ўрганиб, тегишли гувоҳнома олди. Тил ўрганувчилар орасида 60–70 ёшдаги ҳамюртларимиз ҳам бор. Ёшга қадар чекловнинг йўқлиги шундай имкониятни тақдим этмоқда.
Жорий йилда Ички ишлар вазирлиги академияси курсант қизлари учун ОТМнинг ўзида сартарошлик, тикувчилик, косметология билан бир қаторда, рус ва инглиз тиллари ҳам ўргатилди. Айни вақтда Тошкент стоматология институтининг 40 нафарга яқин талабасига корейс тили бўйича билим берилмоқда.
Хорижий давлатлар ва халқаро компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда ҳам мономарказда бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, келгусида икки томонлама ҳамкорлик масалаларини атрофлича муҳокама қилиш учун ўтган йил давомида 40 дан ортиқ хорижий давлат ва компанияларнинг нуфузли вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтди, ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Жумладан, мономарказга Туркия, Япония, Жанубий Корея, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Польша, Кувайт, Германия, АҚШ, Россия, Канада, БАА делегациялари, шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари минтақавий бюроси, Жаҳон банки каби нуфузли халқаро ташкилотларнинг расмий вакиллари келди. Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартиришга ҳисса қўшиб келаётган янгича тизим билан яқиндан танишди.
Мономарказда касб-ҳунарга ўқитиш бўйича хорижлик юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш борасида ҳам бир қанча салмоқли ишлар қилинаётир. Масалан, ўқув маслаҳат офиси томонидан чет эл тажрибаси ва амалиётини иш жараёнига татбиқ этиш учун шу кунга қадар дастлабки босқичда туркиялик 65 мутахассис юртимиздаги мономарказларга жалб этилди. Касб-ҳунарга ўқитиш бўйича улар билан тажриба алмашилди. Чет эллик мутахассислар кўпроқ ишлаб чиқариш соҳасида 20–30 йиллик тажрибага эга. Улар ошпазлик, қандолатчилик, хизмат кўрсатиш ва техник соҳада ишчилар тайёрлаш учун хориж тажрибасини мономарказда жорий этишда маҳаллий мутахассисларга яқиндан ёрдам беради.
— Болалар ва кексаларни парваришлаш бўйича мутахассисман. Ўзбекистонга келганимга олти ой бўлди. Беш ой Тошкентдаги “Ишга марҳамат” мономарказида ишладим. Бир ой Урганчда бўлдим. Мономарказларда тингловчиларга болаларни ҳар томонлама ривожлантириш учун зарур машғулотлар олиб бордим. Бу йўналишда нафақат Ўзбекистон ёки Туркия, балки дунёда бўлаётган янгиликларни кузатиб бораман. Кузатувларим натижасида ўйин терапияси туфайли болаларнинг ақлий рвиожланиш жараёни тезлашиб кетганини кўряпман. Бу эса соҳада малакали мутахассисларни яна ҳам кўпроқ тайёрлаш заруратини юзага келтирмоқда. Шу боис, болани тушуниш, алоқа ўрнатишга ўргатадиган бу касбни эгаллаш муҳим, — дейди Туркиянинг Измир шаҳридан келган Селма Онбаси. — Мономарказларда барча имокният яратилган. Бу ерда яхши мутахассис бўлиб етишиш мумкин. Нафақат мамлакатингизда, балки хорижда ҳам ишлай олишга ёрдам берадиган, халқаро талабларга жавоб берадиган тизим яратилган.
— Мономарказларда касб-ҳунарга ўқитиш жараёнига хориж тажрибасини интеграция қилиш орқали ҳам ички, ҳам ташқи меҳнат бозорига сифатли кадрлар тайёрлаб бериш мақсад қилинган, — дейди “Ишга марҳамат” мономаркази директори Ойгул Сатторова. — Бугун талаб ошиб бораётган касблардан бири мактабгача ёшдаги болалар тарбиячилигидир. Жорий йил ҳисобидан 270 дан ортиқ ёш шу йўналишда таҳсил олиб, ишини топди.
Шундай талабгир йўналишлардан яна бири – электромобилларга техник хизмат кўрсатиш хизмати. Мамлакатимизда электромобиллар сони кун сайин ортиб бораётгани сир эмас. Табиийки, ҳадемай уларга ҳам техник хизмат кўрсатиш зарурати юзага келади. Тошкент шаҳри ва ҳудудлардаги мономарказларда шу йўналишда касбга ўқитишни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, бугун қуёш панеллари ўрнатиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича ҳам мутахассислар тайёрлаш борасида лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
— Мономарказ битирувчиларининг касбий малакасини баҳолашда ҳам амалий тизим йўлга қўйилган, — дейди мономарказнинг статистик маълумотлар ва халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Шоҳрух Нуралиев. — Якуний малака имтиҳони жорий этилган. Масалан, фуқаро йўлланма асосида келиб дастлаб имтиҳонсиз ўқишни бошлаши мумкин. Лекин курс тугаган пайтда якуний малака имтиҳони ташкил этилади. Ўша имтиҳонда битирувчининг билими сарҳисоб қилинади. Якуний малака имтиҳонига Ўзбекистондаги машҳур брендлар, ташкилотлар, компаниялардан мутахассислар жалб этилади. Биз фақатгина бунга шароит яратиб берамиз. Экспертлик қилган вакиллар якуний малака имтиҳонида битирувчиларимиз билимига баҳо бериб, ишга таклиф этишади. Бу ҳам битирувчиларимиз бандлигига кўмаклашиш борасидаги битта амалий тизим.
Марказда гендер тенглик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аёллар ва эркакларнинг танлаган касби бўйича ўқиш имконияти тенг. Масалан, юк кўтариш крани оператори соҳасида эркакларга қараганда аёллар фаол. Улар минорали кранларни бошқаришга қизиқади. Бугун улар ҳам меҳнат бозорининг мана шу жабҳасига дадил кириб боряпти. Қурилиш майдонларида уларни тез-тез учратяпмиз. Бунга талаб ҳам ошиб боряпти. Талабдан келиб чиқиб ўқитяпмиз.
Рисолат МАДИЕВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири