Қашқадарё вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторлари томонидан жорий йилнинг 15 март куни тунги соат – 23-00 лар атрофида Қарши шаҳар Алишер Навоий истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси бир гуруҳ ходимлари ушбу ҳудуддаги кўп йиллик ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтларни мотоарра ёрдамида кесиб, Ободонлаштириш бошқармасига тегишли бўлган ТТЗ-80 русумли давлат рақами 727 GA 70 тракторининг 700 DA 70 ва 701 DA 70 тиркамаларига кесилган дарахтлар таналарини ортаётганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарларга тушунтириш ишлари олиб борилди ва қонуний тўхтамга келгунга қадар мотоарралар олиб қўйилди.

Афсуски, тушунтириш ишлари таъсир қилмаган ҳуқуқбузарлар томонидан  жорий йилнинг 22 март куни тунги соат – 00-10 лар атрофида юқорида кўрсатиб ўтилган Қарши шаҳар Алишер Навоий истироҳат боғи ичидаги «Нуронийлар маскани»да Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бошқармаси бир гуруҳ ходимлари ва ўзини Қарши шаҳар ҳокими ўринбосарининг назорати остида бир дона мотоарра ёрдамида ушбу ҳудуддаги қолган кўп йиллик ҳар хил турдаги ва диаметрдаги дарахтларни мотоарра ёрдамида кесиб таналарини бўлаклаётганлиги маълум бўлган.

Инспекторлар томонидан юқорида келтирилган иккала ҳолат атрофлича ўрганилиб, мораторий даврида ҳам сақлаб қолишни имкони бўлмаган 14 дона кўп йиллик дарахтлар диаметрлари ўлчанганда табиатга ўсимлик дунёсига келтирилган зарар 58 млн 677 минг 500 сўм эканлиги аниқланди.

Мазкур аниқланган ҳолатлар бўйича ваколат доирасида тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Қашқадарё вилоят экология бошқармаси

ахборот хизмати