Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев топшириғига асосан конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари эса қайта таъмирланиб ишга қўшилмоқда.

Ўзбекнефтгаз” АЖнинг Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Шимолий Бердақ” конидаги 72-сонли қудуқда олиб борилган таъмирлаш ишлари ҳам муваффақиятли якунланди.

Ушбу қудуқда 2314–2312м оралиғида перфорация ишлари олиб борилди ва ўзлаштиришдан сўнг қудуқдан ўртача кунлик 71 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 0,5 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилди.

Маълумот учун: “Шимолий Бердақ” газ конденсат кони Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида жойлашган бўлиб, 2006 йилда ишга туширилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати