Афғонистон Ислом Республикаси ва Покистон Ислом Республикаси Ҳукуматлари делегацияларининг Тошкент шаҳрига ташрифи доирасида уч мамлакатнинг асосий вазирликлари, идоралари раҳбарлари, Афғонистон Ислом Республикаси, Покистон Ислом Республикаси ва Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик миссиялари раҳбарлари иштирокида «Мозори-Шариф - Кобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича юқори даражадаги уч томонлама ишчи гуруҳининг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари қатнашди, улардан айримлари видеоконференцалоқа орқали иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан ишчи гуруҳига Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков, Афғонистон томонидан ташқи ишлар вазири Ҳ.Атмар, Покистон томонидан Бош вазирнинг савдо, тўқимачилик саноати ва инвестициялар масалалари бўйича маслаҳатчиси А.Довуд бошчилик қилдилар.
Тадбир энг олий ва юқори даражадаги музокараларнинг мантиқий давоми бўлди. 2020 йил 29 декабрда Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон раҳбарлари «Мозори-Шариф - Кобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасини қўллаб-қувватлаш таклифи билан халқаро молия институтларига биргаликда мурожаат юборган эдилар.
Маълумки, Марказий Осиё ва Афғонистон давлатлари халқаро денгиз портларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли улар сезиларли транспорт ва транзит харажатлари қилмоқдалар, бу эса денгиз коммуникацияларидан эркин фойдаланиш шароитига эга бўлган мамлакатлар харажатларидан 2-3 баравар юқоридир. Ушбу муаммо халқаро юк ташишга сезиларли чекловлар қўйган COVID-19 пандемияси пайтида, айниқса, жуда долзарб аҳамият касб этди.
Бундай шароитда «Мозори-Шариф - Кобул – Пешавор» темир йўлининг қурилиши Жанубий Осиё ва Европа давлатлари ўртасида Марказий Осиё орқали юкларни ташиш вақтини ҳамда нархини сезиларли даражада камайтиради.
Шундай қилиб, Покистоннинг «Карачи», «Қасим» ва «Гвадар» денгиз портларига чиқишни таъминлайдиган янги трансафғон темир йўли Жанубий Осиё темир йўл тизимини Марказий Осиё ва Евроосиё темир йўл тизимлари билан боғлайди ҳамда Марказий Осиёнинг транзит салоҳиятини кескин оширишга, катта миқдордаги юк оқимларини жалб қилишга, шунингдек, Европа ва Осиёни энг қисқа қуруқлик йўли билан боғлайдиган кўприк сифатида минтақанинг тарихий ролини тиклашга ёрдам беради.
Лойиҳани амалга ошириш, шунингдек, Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, ўн минглаб янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда темир йўл йўналиши бўйлаб минерал ресурсларга бой захираларни ўзлаштириш (мис, қалай, рух, темир рудаси, мармар, гранит, травертин ва бошқалар) учун шароит яратиш орқали бу мамлакатнинг изчил иқтисодий ўсишини рағбатлантириш учун ноёб имкониятлар очади.
Йиғилиш кун тартибининг бир қисми сифатида «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишнинг турли жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди. Геодезик, гидрогеологик ва топографик тадқиқотлар ўтказиш, темир йўл линияси бўлимлари ҳамда тегишли картографик материаллар схемасини тайёрлаш учун уч томонлама қўшма халқаро экспедиция ташкил этиш билан боғлиқ амалий масалалар муҳокама қилинди.
Учрашувда сўзга чиққан уч мамлакат делегациялари раҳбарлари ушбу лойиҳани миллий иқтисодиёт, минтақавий ва минтақалараро савдо-сотиқнинг ўсишини рағбатлантириш, қолаверса, уч мамлакат ўртасидаги тарихий савдо-иқтисодий, маданий ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича кучли платформа сифатида баҳолаб, умумий позициясини билдирдилар.
Йиғилишда халқаро молия институтлари вакиллари ҳам сўзга чиқиб, лойиҳанинг стратегик аҳамиятини таъкидлаб, уни амалга ошириш жараёнида ҳамкорликда иштирок этишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Ривожланиш бўйича ҳамкорлар лойиҳа ҳаётга татбиқ этилишининг барча босқичларида Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ҳукуматларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёр эканликларини бир овоздан билдириб, уни амалга ошириш учун молиялаштиришнинг турли хил механизмларини жалб этиш таклифини илгари сурдилар.
Тадбир якунида «Мозори-Шариф – Кобул – Пешавор» темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича эришилган асосий келишувларни ўзида мужассам этган қўшма «Йўл харитаси» имзоланди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.