Мазкур ҳолат Болалар омбудсмани томонидан назоратга олинди.
Аниқланишича, воқеа Чирчиқ шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасасида 8 февраль куни бўлган. Боғча тарбиячиси оилавий сабабларга кўра асабий ҳолатда бўлганлиги туфайли тушлик пайтида ухлай олмай йиғлаётган болага бир неча бор қаттиқ бақириб, сўнг болани уриб хожатхонага қамаб қўйган.
Ҳозирда мазкур тарбиячи Меҳнат кодексининг 161-моддасининг 5-банди (ходимнинг ўз меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилиш) асосида лавозимидан озод этилган.
Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда ва тарбиячининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Тарбиячи томонидан бу тарздаги жазо усулини қўлланилиши боланинг манфаатларига мутлақо зиддир.
Боланинг руҳий-эмоционал соғлиғига, шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи бундай ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас!
Болалар омбудсмани мазкур факт бўйича боланинг қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан ўз кузатувини қатъий давом эттиради. Бу борада қўшимча маълумот берилади.