Хабарингиз бор ижтимоий тармоқларда шоир Рўзиев Йўлчи Зиёдуллаевичга тегишли бўлган «Хаста бўлма» шеърини Ўзбекистон Халқ артисти Юлдуз Усмонова томонидан куйлангани ва бунинг учун шоирга ҳеч қандай муаллифлик ҳақи бермаганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалган эди.

Дарҳақиқат, шоир Й.Рўзиев ўзига тегишли бўлган «Хаста бўлма» шеърини 2016 йил 16 апрель куни ёзиб тугатган.

«Хаста бўлма» шеърининг муаллифи шоир Й.Рўзиев Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлароро судига муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига чек қўйиш, муаллифлик ҳуқуқлари бузилгани учун товон пули ва маънавий зарарларни ундириш юзасидан даъво аризасини киритган эди.

2021 йил 29 октабр куни Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судида шоир Йўлчи Рўзиев ҳамда хонанда Юлдуз Усмонованинг очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлисида муаллиф Йўлчи Рўзиевнинг «Хаста бўлма» шеъридан ҳақ тўланмасдан фойдаланилганлиги ва бу, ўз навбатида, муаллифлик ҳуқуқларининг бузилиши эканлиги томонларнинг ишончли вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.

Биринчи инстанция судининг қарорига кўра даъво аризаси қисман қаноатлантирилди ва жавобгар Юлдуз Усмонова ҳисобидан даъвогар Йўлчи Рўзиев фойдасига кўрилган маънавий зарар учун 50 миллион сўм миқдорида пул ҳамда БҲМнинг 500 баравари миқдоридаги товон пули, умумий миқдорда 185 миллион сўм ундириш белгиланди.

Шундан сўнг, жавобгар Юлдуз Усмонова томонидан биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлиб Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция шикояти киритилган эди. Апелляция инстанцияси томонидан хонанданинг шикояти бир қанча суд мажлисларида кўриб чиқилди ва ишда мутахассисларнинг фикри эшитилиб, далилларга баҳо берилди. Апелляция инстанциясининг 2022 йил 18 январдаги қарори билан жавобгар Юлдуз Усмонованинг апелляция шикояти талабларини қаноатлантириш рад этилди ва биринчи инстанция судининг қарори ўз кучида қолдирилди.

Апелляция инстанциясининг қарори эълон қилиниши билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирди. Энди хонанда ушбу пул маблағларини тўлаши лозим бўлади. Пул маблағлари ихтиёрий тўланмаган тақдирда ваколатли органлар томонидан суднинг ҳал қилув қарори мажбурий ижро қилинади.