Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Самарқанд вилоят бошқармаси ишчи гуруҳи томонидан Самарқанд туманида 2022 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш, уруғлик дон тайёрлаш, қишлоқ хўжалиги техникларидан фойдаланиш қоидаларига риоя этилиши, чорвачилик ҳамда суғориш тармоқларида қонунчилик ижроси юзасидан мониторинг тадбирлари ўтказилди.

Ўрганишлар давомида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш борасида муҳим саналган агротехник тадбирларнинг бажарилиши, эришилаётган ютуқлар билан бирга ечимини кутаётган муаммолар таҳлил қилинди. Уларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган вазифалар белгилаб олинди.

Самарқанд туманида 2022 йил ҳосили учун 2 минг 35 гектар майдонга бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган. Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан кузги бошоқли дон экинлари экиш юзасидан тасдиқланган жадвалга асосан 2021 йил 13 сентябрь ҳолатига 132 гектар майдонларга бошоқли дон экинлари экиш режалаштирилган бўлса-да, амалда 4 гектар майдонда экиш ишлари амалга оширилган, холос.

Бошоқли дон экинлари экиш учун туманда 440 гектар очиқ ер майдони мавжуд бўлса-да, бор-йўғи 17 гектар ер майдони экиш учун тайёрланган бўлиб, қолган 423 гектар майдонларда сув ресурслари етишмаганлиги сабабли ер тайёрлаш ишлари амалга оширилмаган.

Жумладан, туманнинг “Конигил” ММТП ҳудудидаги “Беклар узумзорлари” фермер хўжалиги томонидан ғалланинг “Безостая-100” элита авлодидан 800 килограм уруғлик дон олинган бўлиб, амалда 4 гектар майдондан экиш ишлари амалга оширилган ва суғориш ишларига киришилмаганлиги маълум бўлди.

“Гулистон” ММТП ҳудудидаги “Чорвадор Хакимов Абдухалил” фермер хўжалигининг 3 гектар ер майдони экишга тайёрланган бўлса-да, экиш ишларига киришилмаган.

Шунингдек, “Самарқанд дон маҳсулотлари” АЖ корхонасига қарашли “Самарқанд” уруғлик донни қайта ишлаш цехида 2 минг 190 тонна юқори авлодли уруғлик донларни тозалаш, дорилаш ҳамда қадоқлаш режалаштирилган.

Вилоят ҳокимлигининг жорий йил 25 июлда тасдиқланган жадвалига асосан, 2021 йил 5 сентябрда дорилаш ишларини якунлаш белгиланган бўлса-да, ушбу уруғлик цехи томонидан 2022 йил ҳосили учун 2 минг 190 тонна юқори авлодли уруғлик донларини дорилаш режалаштирилган бўлиб, жадвалга нисбатан 1 минг 115 тонна кам дориланган.

Бундан ташқари, ўрганиш давомида “Яксарт” навининг “Элита” авлодли қадоқланган қопларнинг 28 донасида нав номи ва авлоди ёзилган ёрлиқлар мавжуд эмас.

Самарқанд тумани ҳайвонлар касалликлари ташҳиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази ВСЭ лабораториясида Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”ги, “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунлари ва соҳага оид бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан мониторинг ўтказилганда, синов ва ўлчов воситалари давлат қиёслов кўригидан ўтказилмаганлиги аниқланди.

Самарқанд туманидаги мавжуд 15 та суғориш каналларида “Дарғом Ирригация” тизими бошқармасининг жорий йил 3 сентябрдаги 517-фармойишига асосан, жами 4,38 м3/с сув ажратиш белгиланган бўлса-да, амалда 3,46 м3/с сув ажратилган, холос.

Самарқанд туманидаги 18 та фермер хўжаликларига наслчилик фаолиятини юритиш учун наслчилик мақоми берилган бўлиб, ушбу хўжаликларнинг 2 тасида наслчилик мақоми муддати тугаган. Наслчилик хўжаликларида жами 2 минг 191 бош қорамоллар, шундан 861 бош сигирлар мавжуд.

Шунингдек, ишчи гуруҳи томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш юзасидан бир кунда 8 та мониторинг тадбирлари ўтказилган бўлиб, 3 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, туманнинг “Чордара” ММТП ҳудудида Ж.Д. бошқарувидаги “Дарғом” ирригация тизимига қарашли ТТЗ-80.10 русумли, давлат рақами 30 DA 076 бўлган транспорт трактори ва тиркамалар мажбурий техник кўрикдан ўтказилмаганлиги, тиркамада хавфсизлик занжири уланмаган, тиркаманинг бурилиш чироқлари ва нурқайтаргичлар ўрнатилмаганлиги аниқланди.

“Гулистон” ҳудудида Ш.У.га тегишли бўлган МТЗ-80 русумли, давлат рақами 30 ВA 527 бўлган транспорт трактори мониторинг тарзида кўздан кечирилганда тракторнинг бурилиш ва ёритиш чироқлари ишламаслиги, руль бошқарувида меьёридан ортиқ носозлик мавжудлиги маълум бўлди.

О.Л. бошқарувидаги ARION-630 русумли, давлат рақами 30 ВA 131 бўлган ҳайдов трактори кўздан кечирилганда ҳайдовчи йўл варақаси олмасдан ишга чиққан.

Аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, Ўзбекистон Республикасининг МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилди, деб хабар беради “Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилоят бошқармаси ахборот хизмати.