Бу маҳобатли иморат икки-уч йилда қуриб битказилиши мумкин эди, аммо давлатимиз раҳбарининг шошилмасдан, ҳар томонлама илмий ёндашув асосида бунёд этиш бўйича топшириғи аждодларимиз қолдирган кўп асрлик илмий-адабий мероснинг тарқалиш географиясини ўрганиш, моддий-маънавий маданиятимиз намуналарини йиғиш ва тизимлаштириш каби юзлаб илмий лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди.

Бундай мажмуа, музей-кутубхоналар жуда кўп мамлакатда бор. Ҳар бир иншоотнинг архитектуравий ечими ўзига хос. Ғоянинг аҳамияти номи ва сарфланган маблағ билан белгиланмайди, мазмунига қараб баҳоланади. Мажмуанинг Ислом цивилизацияси маркази деб аталишининг сабаби тарихий хотирамиз билан боғлиқ. Биз боболардан “Ислом дини Арабистон ярим оролида пайдо бўлди, аммо унинг илм-фани Мовароуннаҳрда юксалди” деган гапни кўп эшитганмиз, лекин унинг ҳақиқат эканини мустақилликка эришгандан сўнг англадик.

Юртимиздан чиққан Муҳаммад Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Аҳмад Фарғоний ва Абу Наср Форобий каби мутафаккир олимларнинг тадқиқотлари ислом бағрида туриб дунёвий фанларни ривожлантирди. Улар турли соҳалардаги кашфиёти билан жаҳон цивилизацияси тарихида ўчмас из қолдирди. Имом Бухорий, Қаффол Шоший, Бурҳониддин Марғиноний, Абу Мансур Мотуридий каби зотлар ислом нақлий фанлари, ислом қонунчилиги, ислом теологияси каби илмлар тараққиётига бемисл ҳисса қўшди. Улар тақдир тақозосига кўра араб тилида ёзди, дунё уларни араб олими сифатида қабул қилди. Улардан кейинги даврларда яшаб ўтган қанчадан-қанча мутафаккир аждодларимиз араб тили билан бирга форс тилида ижод этди. Вақт ўтиб, туркий тилда ҳам ижод қилиш даври бошланди. Бутун дунё уларни эътироф этиб келди, фақат биз бехабар эдик.

Қарийб 70 йил давомида коммунистик мафкура цензураси тарихимизни холис ўрганишга йўл қўймади, муайян мақсадлар билан тарихимиз сохталаштирилган ҳолда онгимизга сингдирилди. Натижада бутун бир авлод ўз халқига тегишли буюк илмий-адабий меросдан бехабар ва бебаҳра улғайди. Мустақилликка эришилгандан сўнг бу соҳада катта илмий изланишлар қилинди. Юзлаб олимлар ва шоиру санъаткорларнинг илмий-адабий мероси аниқланди. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб Президентимизнинг фармон ва қарорлари асосида дунёга сочилиб кетган қўлёзма асарларни излаб топиш, унутилган халқ амалий санъатини тиклаш, анъана ва қадриятларимизга янги ҳаёт бағишлаш ишлари бошланди.

Давлатимиз раҳбари Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш ташаббусини илгари сурди. Тарихий хотирани тиклаш, ёш авлодни миллий қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш ва Учинчи Ренессанс учун зарур интеллектуал муҳит яратиш каби уч долзарб масала давлат ижтимоий сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Халқимиз яратган улкан илмий-маданий меросга алоқадор минглаб ноёб ашёлар саккиз йил мобайнида йиғилди, юртимиздан чиққан юзлаб олимлар, шоирлар, санъаткорларнинг ҳаёти ва фаолияти бўйича маълумотлар тўпланди.

Биргина Мисрнинг Александрия кутубхонасида сақланаётган қадимий қўлёзма асарлар асосида тайёрланган “Марказий Осиё олимлари энциклопедияси”да VIII асрдан XIX асргача Ўзбекистон ҳудудида туғилиб, турли араб ўлкаларида илм билан шуғулланган 2700 олим ҳақида қисқача маълумот берилган.

2016 йили Самарқандда нашр этилган “Ўрта аср Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий-фалсафий мероси энциклопедияси”да Ўзбекистон ҳудудида туғилган 600 дан зиёд дин олимига доир қисқа маълумотлар берилган. Шунингдек, фалсафа, адабиёт, санъат соҳасида номи ва асарлари аниқланган бўлса-да, шахси бўйича чуқур тадқиқот ўтказилмаган юзлаб олим ва ижодкорлар яшаб ўтгани аниқланди.

Бугун уларнинг қайси тилда асар ёзганига қараб, миллатини аниқлашга уриниш тарихни билмасликдан бошқа нарса эмас. У даврларда ислом динига эътиқод қилувчи барча халқ бир миллатга — ислом миллатига мансуб деб ҳисобланган. Умуман олганда, VIII асрдан XX асргача Марказий Осиё халқлари шу қадар аралашиб кетганки, бугун уларнинг миллати борасида баҳс юритиш фойдасиз. Бир ҳақиқатни билишимиз керак: аждодларимиз қаерда яшамасин, умри қаерда якун топмасин, туғилган жойини, Ватанини қайд этиб, номига қўшиб (нисба) ёзган. Шундан биз Имом Бухорийнинг Бухородан, Мотуридийнинг Самарқанднинг Мотурид қишлоғидан эканини англаймиз. Шундай экан, биз — қадим Мовароуннаҳрнинг бугунги ворислари улуғ боболаримиз билан фахрланишга, ғурурланишга тўла маънавий ҳақлимиз.

Халқимиз кўп асрлик тараққиёти жараёнида уч тилли халқ бўлиб шаклланган. Илмий асарлар араб тилида, поэзия форс ва туркий тилда битилган. Бу анъана XX асргача сўнгани йўқ. Бундай улкан маънавий меросни юзага чиқариш бўйича ҳар томонлама чуқур тадқиқот ўтказиш марказ зиммасига юкланган. Аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлод тарбиясида ўтмиш мутафаккирларимиз, буюк боболаримизнинг ҳаёти ва фаолияти намуна бўлиш нуқтаи назаридан катта маърифий аҳамиятга эга.

Ислом цивилизацияси маркази, айримлар тахмин қилганидек, диний марказ эмас. Ислом цивилизацияси номи остида юртимиз исломлаштирилган VIII асрдан бошлаб халқимизнинг бугунгача давом этиб келаётган маданий ва маънавий тараққиёти назарда тутилган. Қисқаси, бу марказ халқимизнинг кўп асрлик маданияти, илм-фани, адабиёти ва санъатини намойиш этувчи ўзига хос тарбиявий-маърифий мажмуа ва тадқиқот марказидир.

Шуҳрат СИРОЖИДДИНОВ,

академик