Сир эмас, Давлат бюджети даромадлари асосан солиқлар ҳисобига тўлдириб борилади. Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, солиқ ва божхона сиёсатида кўзда тутилаётган ўзгаришлар ҳамда иқтисодий ўсиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб 2024 йил учун Давлат бюджети даромадлари прогнози 270,6 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 20,8 фоиз миқдорида белгиланмоқда. Бунда бевосита солиқлар бўйича тушумлар 85,6 триллион сўм ёки 2023 йилги ижрога нисбатан 117 фоиз юқори бўлиши кутиляпти. Хўш, бу аҳолидан олинадиган солиқлар ва уларнинг ставкаларига қанчалик таъсир кўрсатади?

Мубин МИРЗАЕВ,

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари:

— Таҳлилларимизга кўра, 2024 йилда бевосита солиқлар Давлат бюджети даромадлари прогнозининг 31,7 фоизини, билвосита солиқлар эса 41,3 фоизни ташкил қилади. Ресурс, мол-мулк ва бошқа турдаги солиқлар тушумлари ҳам жорий йилдагига нисбатан кўпроқ бўлиши тайин. Аммо солиқсиз тушумлар бундан мустасно, 2023 йилги ижрога нисбатан 90,8 фоиз кам бўлиши кутилмоқда.

Умуман, 2024—2026 йилларда солиқ ва божхона сиёсати бир қатор йўналишларни ўз ичига олади. Буларнинг биринчиси, сақлаб қолинадиган солиқ ставкалари бўлиб, қулай тадбиркорлик муҳитини таъминлаш мақсадида келаси йили асосий солиқ ставкаларини сақлаб қолиш таклиф этилмоқда. Жумладан, фойда солиғининг базавий ставкаси 15 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз, ижтимоий солиқ 12 фоиз, айланмадан олинадиган солиқнинг базавий ставкаси 4 фоиз, шунингдек, чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимлар ўзгаришсиз қолади. Қўшилган қиймат солиғи ставкаси ҳам 12 фоизда сақлаб қолинмоқда.

Аммо соғлом турмуш тарзини ва табиатни асрашни рағбатлантириш йўналишидаги солиқлар ставкалари оширилади. Бу ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижадорлигини таъминлаш билан боғлиқ. Масалан, 2024 йил 1 апрелдан таркибида шакар мавжуд бўлган газланган ичимликларга 1 литр учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилмоқда. Чунки бундай турдаги ичимликлар инсон саломатлиги учун зарарли бўлиб, ортиқча вазн ва қандли диабет касалликларига олиб келиши мумкинлиги аллақачон исботланган. Шунга қарамай, афсуски, бундай ичимликлар истеъмоли йилдан йилга ортиб боряпти. Жорий этилаётган солиқ тури эса маҳсулот таннархи ошишига олиб келиб, аҳолининг уни камроқ харид қилишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, 2024 йил 1 июлдан бошлаб автомобиль шиналарининг бир донаси вазнидан (кг учун) келиб чиққан ҳолда БҲМнинг 0,3 фоизи миқдорида утилизация йиғими, 1 апрелдан бошлаб эса юк кўтариш қуввати 10 тоннадан оғир юк машиналари учун йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида йўл йиғимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Солиқ тизимидаги яна бир муҳим масала айрим шахсларгагина қўлланиладиган солиқ имтиёзлари билан боғлиқ. Афсуски, бундай имтиёзлардан фойдаланаётган аксарият тадбиркорлар маҳсулотлар таннархини тушириш ўрнига, ошириб бораётгани кузатиляпти. Шу боис, иқтисодиётда барчага бир хил шарт-шароит яратиб бериш ва рақобат муҳитини ошириш мақсадида солиқ имтиёзларини бекор қилиш бўйича таклифлар киритганмиз.

Қонун лойиҳаси билан уларнинг бир қанчасини бекор қилиш назарда тутиляпти. Биринчи навбатда, дори воситалари, шунингдек ветеринария дори воситалари, тиббиёт ва ветеринария буюмларини реализация қилиш, олиб кириш ҳамда уларни ишлаб чиқариш учун четдан олиб келинган хомашё, тиббий ва ветеринария хизматлари бўйича алоҳида имтиёзлар бекор қилинади. Бу йўналишда жорий этилган 15—20 фоизлик устамалар ҳам на аҳоли, на тадбиркорга фойда келтирмаяпти, аксинча, қонунни бузиш ҳолатларига сабаб бўляпти. Шу боис, бундай қўшимча тартибларни бекор қилиб, ҳаммага тенг шароит яратиш энг тўғри йўл бўлади. Бу кам таъминланган аҳолига қандай таъсир қилади, деган савол туғилиши табиий. Унинг ўрнига бошқа алоҳида чора-тадбирлар ишлаб чиқиляпти. Ҳар бир харид қилинган дори воситаси учун қўшилган қиймат солиғи кешбек сифатида қайтариб берилиши шулар жумласидан.

Маълумки, юртимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасида жуда катта ишлар қилинмоқда. Бу борадаги зарурий талаблардан яна бири бюджет сиёсатини ташкилот талабларига умумлаштириш ҳисобланади. Асосий йўналишлар эса солиқ ва божхона сиёсатидир. Масалан, ушбу халқаро ташкилот солиқ имтиёзлари ва субсидиялашни оқламайди. Мавжуд талабларига кўра, импорт ва ички маҳаллий маҳсулотлар учун солиқ ҳамда божхона ставкалари бир хил бўлиши керак. Экспортчиларга ҳам алоҳида имтиёзлар бериш ёки субсидиялаш мумкин эмас. Бизда эса Давлат бюджети харажатларидан экспортни қўллаб-қувватлаш бўйича субсидиялаш мавжуд. Шу боис, келгуси йилларда солиқ имтиёзлари ва субсидиялашни босқичма-босқич бекор қилиб, уларнинг ўрнига Жаҳон савдо ташкилоти талабларига мос қўллаб-қувватлаш усулларини таклиф қиляпмиз. Масалан, суғурталаш, имтиёзли кредитлар ажратиш кабиларни жорий этамиз. Шу мақсадларда қўшилган қиймат солиғи, акциз солиқларини бир хиллаштириш бўйича ишлар олиб бориляпти. Бу янги Қонун лойиҳасида ҳам ўз тасдиғини топган.

Умуман, Давлат бюджети жуда катта тизим бўлиб, мамлакат иқтисодиётидаги ҳар қандай майда жиҳатларни ҳам ўз ичига олади. Янги Қонун лойиҳаси, 2024—2026 йиллар макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози ҳамда Бюджетнома билан танишган ҳар бир юртдошимиз бунга ўзи амин бўлади. Лойиҳа жамоатчилик муҳокамаси учун интернет тармоқларига жойлаштирилган ва мамлакатимизнинг барча фуқаролари у билан танишиб чиқиб, ўз фикр ҳамда мулоҳазаларини қолдиришлари мумкин.

 (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 03.11.23 й, 229-сонида эълон қилинган)