Мактабимизда “Илмни қадрланг, илмга интилинг!” шиори остида бўлиб ўтган “Сўнгги қўнғироқ” тадбирида Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Давлатимиз раҳбарининг самимий, сермазмун табригини ўқиб эшиттиргани кўнглимизга қувонч, шодлик олиб кирди. Шу юртда яшаб, билим ва ҳунар ўрганиш қанчалик бахт эканини яна бир бор юракдан ҳис қилдик.
Жадид бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Илмсиз миллат, қавм асир ва заиф қолур. Илмсиз давлатнинг фойдаси йўқ, илмсиз дунёдорнинг ҳаёти йўқ”, деган ҳикматли сўзлари илм ва ҳунар ўрганиш қанчалик муҳим эканидан далолат беради. Таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, иқтидорли ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш борасидаги ислоҳотлар нафақат шаҳар ва туманлар, балки чекка қишлоқларда ҳам билимли ва изланувчан ёшлар камолотига хизмат қилаётир.
Жумладан, Фарғона шаҳридаги мен таълим олаётган 5-мактабдаги шароитлар, амалий ишлар кўнгилларга ғурур-ифтихор бағишлайди. Мактабимизнинг бугунги кўриниши, ўқувчилар ва ўқитувчилар учун яратилган имкониятлар, моддий-техник база, бунёдкорлик, ободончилик ишларини бундан 56 йил аввалги ҳолат билан қиёслаб бўлмайди. Мактабимиз давлат дастури асосида капитал таъмирдан чиқарилди. 480 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Бунинг самараси сифатида 7-8-синф ўқувчиларидан иборат жамоамиз “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида 2-ўринни эгаллаб, 75 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди. Фан олимпиадаларининг ҳудудий босқичларида ҳам она тили, физика, тарих фанлари бўйича юқори кўрсаткичларга эришдик. Мактабимиз ўқувчилари “5 муҳим ташаббус” доирасида ўтказиб келинаётган нуфузли “5 ташаббус китоб билан” фестивалининг республика босқичида икки йилдан буён ғолиб бўлиб келмоқда. Шунингдек, “Обод мактаб” танловида биринчи ўринни эгалладик.
Ўзим бу йилги фан олимпиадаларининг республика босқичида она тили фанидан иштирок этиб, 3-ўринни эгалладим ва муддатидан аввал олий ўқув юрти талабаси бўлдим. Шунингдек, IELTS имтиҳонида ҳам муваффақиятли иштирок этиб, 7 баллни қўлга киритдим. Бу муваффақиятлар ўзидан ўзи бўлгани йўқ. Аввало, юртимизда ёшларга яратилган шароит, имтиёз ва имкониятлар ҳамда ўқитувчиларимизнинг саъй-ҳаракати туфайли эришдим.
Президентимизнинг “Мен сиз, азиз фарзандларимдан бир нарсани сўрайман: тинимсиз ўқиб, изланиб, замонавий билимларни эгаллашдан асло тўхтаманг! Доимо вақтнинг қадрига етиб, мунтазам билим ва тажрибангизни ошириб борсангиз, қатъий белгилаб олган режа ва мақсадларингиз сари дадил ҳаракат қилсангиз, албатта, келгусида катта муваффақиятларга эришасиз. Сизларнинг доимо маррани баланд олиб, ягона куч бўлиб ҳаракат қилишингизга ишонаман. Сизлар бунга албатта қодирсиз”, деган пурмаъно сўзларини ўзимга ҳаётий шиор қилиб олдим. Бу сўзлар мени ва минглаб тенгқурларимни янгиданянги муваффақиятга ундаб туради.
Мадинабону ҲУСАНОВА,
Фарғона шаҳридаги 5-мактабнинг
11-синф ўқувчиси