Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментининг маълум қилишича, «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатини ўтаб бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларни қуролли кучлар резервига бўшатиш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган фуқаролар 2023 йилнинг март-апрел ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.

Ҳарбий хизматга яроқли, муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли Кучлар сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резервига олинади. Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар эса 2023 йилнинг март-апрел ойларида Қуролли Кучлар резервига бўшатилади.

Шунингдек, ҳужжатда муддатли ҳарбий хизматга янгидан чақирилган фуқароларни ҳарбий қисмларга тантанали равишда кузатиш, резервга бўшатилган фуқароларни яшаш жойларида тантанали кутиб олиш тадбирларини юқори савияда ташкил этиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ёрдамида амалга оширилиши белгилаб ўтилган.