13 июнда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги марказий аппаратида генерал Майкл Эрик Курилла раҳбарлигидаги АҚШ ҳарбий делегацияси мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Курбонов томонидан қабул қилинди.
Қабул давомида ҳар икки томон Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тенглик, ишонч ва ҳурмат, ўзаро манфаатларни инобатга олиш каби принциплар асосида ривожланаётгани, стратегик шериклик даражасига етганлиги, тинчлик ва барқарорликка таҳдид ҳисобланган экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши курашишда АҚШ билан мақсадлар бир эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳолати ва истиқболлари, жумладан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик муносабатлари ҳамда дўстона ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.