Кинематография агентлиги буюртмаси асосида режиссёр Иброҳим Расулов суратга олган “Муҳаббат баҳори” фильми ҳам юқорида таърифи келтирилган бадиий фильмлар сирасига киради. “Киночилар уйи”да ушбу кинокартинанинг катта тақдимоти бўлиб ўтди. Фильмда икки таниқли ижодкор — Ўзбекистон халқ шоири Зулфия ва жамоат арбоби, таниқли шоир Ҳамид Олимжоннинг соф муҳаббати, ҳаёт йўллари, ижоди, айрилиқ, вафо, садоқат туйғулари ҳақида ҳикоя қилинган. Шунингдек, уларнинг орзу ва армонлари, Ҳамид Олимжон вафотидан кейин Зулфияхонимнинг ички кечинмалари, изтироблари, армонлари, умид ва шижоатга тўла ҳаёт йўли ўзига хос реал воқеликларга асосланган ҳолда намойиш этилади.
Кино 1920-1944 йиллардаги воқеликларни қамраб олган. Фильмнинг сценарий муаллифлари Зулфия Қуролбой қизи ҳамда Микойил Сулаймонов. Асосий ролларни Ҳамза Ҳасанов ва Шаҳноза Ҳожимуродова ижро этади. Шунингдек, Шоҳида Исмоилова, Абдурайим Абдуваҳобов (марҳум), Меҳриддин Раҳматов ва бошқа кўплаб моҳир ижодкорлар асарда турли образларни гавдалантирган.
Наим Каримов, академик:
— Фильмни томоша қилар эканман, муҳаббат ва эзгуликнинг гоҳо мағлуб бўлса-да, қалбларда яхшилик уруғини сочиши билан ҳамиша ва ҳар доим ғолиблигини яна бир бор ҳис этдим. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан икки буюк ижодкор, етук шахс ва жамоат арбоблари ҳақида суратга олинган “Муҳаббат баҳори” фильми нафақат миллий маънавиятимиз ва маданиятимиз юксалишига, балки ўзбек адабиёти, адабий меросига муносиб ҳиссасини қўшади. Шу билан бирга, бугунги кун ёшларига ибрат бўлади.
Иброҳим Расулов, фильм режиссёри:
— Биласизми, кинофильмни суратга олаётганимда уни, биринчи навбатда, мактаб ўқувчилари, келажак авлод кўриши керак, деган фикр хаёлимни буткул банд қилган эди. Бугун тақдимотдан сўнг қалбим қувончга тўлди, фильм ёшларга ёқди, ҳеч ким томошанинг ўртасида ўрнидан туриб чиқиб кетмади.
Шаҳноза Ҳожимуродова, актриса, бош роль ижрочиси:
— “Муҳаббат баҳори” фильмида севимли шоирамиз Зулфияхоним образини яратиш менинг зиммамга ниҳоятда улкан масъулият юклади. Киноасарда Зулфияхонимнинг ижодигина эмас, балки унинг инсоний жиҳатлари, аёллик латофати, назокати, бахти, турмуш ўртоғи, атоқли шоир Ҳамид Олимжонга чексиз муҳаббати ва садоқати акс эттирилди. Кинорежиссёр Иброҳим Расулов кастинг жараёнларида 200 га яқин номзод орасидан мени танлаб олганидан жуда хурсанд бўлдим. Бугун эса Шаҳноза эмас, Зулфияхоним бўлиб танилганимдан бениҳоя шодман.
Фильм Тошкент, Самарқанд, Жиззах вилоятлари ҳамда Қўқон шаҳрида 3 йил давомида суратга олинган.
"Янги Ўзбекистон" мухбири,
Г.Дурдиева