Инсон ҳамиша ўзини намоён қилишга майдон, сўзини тушунадиган ҳамсуҳбат, давра ахтариб яшайди. Бу унинг табиатига хос хусусият. Айниқса ёшликда – қони, завқи жўшиб, ўрганиш ва яратиш иштиёқида юрган кишилар учун ўзи билан бир тўлқинда бўлган тенг-тўшлар, қизиқишлари, ўй-ташвишлари ўхшаш одамлар билан суҳбатда, мунозара, мулоқотда бўлиш, турли йўналишдаги баҳс ва беллашувларда куч синашиш, энг муҳими, иқтидор ва салоҳиятини намоён зтиш эҳтиёжи туғилади. Ўз навбатида, иш ва имтиёз тақдим этувчи тоифа ҳам ўз-ўзидан энг муносибларни ахтариши табиий. Замонавий дунёда турли форум ва учрашувлар айни шу вазифани зиммасида жо қилгандек. Хусусан, жорий йил 9 апрель куни Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида ўтказилган V Республика ёшлар форуми ҳақида ҳам ана шундай фикрларни билдириш мумкин. Зеро, иштирокчи талабалардан бири таъкидлаганидек, бу ерда йиғилганлар оддий иштирокчи сифатида келиб, ўз ичидаги имкониятни ҳис этишга, уни намоён этишга ундовчи муҳитга кириб борди.
Форум университет, унинг филиаллари, техникум ва академик лицей ўқувчилари ҳамда маҳалла ёшлари учун ягона учрашув платформасини яратди, турли йўналишларда таҳсил олаётган, ҳар хил тажрибага эга бўлган ёшлар бир маконда жамланди. Дастур илк дақиқаларданоқ иштирокчиларни фаол жараёнга тортди. Дастлаб ташкил этилган “Гулхан” атрофидаги учрашувлар ёшлар ўртасида эркин мулоқот, яқинлашув ва ўзаро англашувни кучайтиришга хизмат қилди. Расмий очилиш маросими эса форумнинг умумий йўналишини белгилаб берди. Унда ёшлар учун яратилаётган имкониятлар, уларнинг олдида турган вазифалар ҳамда замонавий билим ва кўникмаларнинг аҳамияти ҳақида фикрлар илгари сурилди. Шу нуқтадан бошлаб форум иштирокчилари томошабиндан фаол қатнашчига айланади, улар ҳар бир жараёнда бевосита иштирок этди.
Шунингдек, “Билимдон ёшлар — келажак бунёдкори!” шиори остида ўтказилган “Заковат” интеллектуал ўйини ёшларнинг билим даражаси, тезкор фикрлаши ва жамоавий ишлаш кўникмаларини синовдан ўтказган бўлса, “Ёшлар — тафаккур ва имконият тимсоли!” шиори остида ўтказилган мунозара-дебат танлови фикрлар тўқнашуви орқали янги қарашларни юзага чиқарди. “Ғоя – амалиёт – натижа” тамойилига асосланган стартап лойиҳалар танлови форумнинг энг фаол ва ҳаракатга бой йўналишларидан бирига айланди. Бундан ташқари, факультетлараро “Ибратли келин”, “Балли қизлар” каби маданий тадбирлар, шахмат бўйича “Қўмита раиси” кубоги, стол тенниси бўйича “Ректор кубоги”, футбол бўйича “Вазир кубоги” ҳамда волейбол бўйича “Ҳоким кубоги” сингари спорт мусобақалари ташкил этилдики, бу, ўз навбатида, ёшлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.
Форум давомида юзага чиққан энг муҳим жиҳатлардан бири унинг амалий натижалари орқали янада аниқроқ намоён бўлди. Шу маънода форум доирасида ташкил этилган “Карера куни” ярмаркаси бутун жараённинг марказий нуқтаси бўлди дейиш мумкин. Мазкур ярмаркада 51 та ташкилот ва корхоналар иштирок этиб, 800 га яқин иш ўринларини тақдим этди. Бу эса ёшлар олдида кенг танлов имкониятини яратди. Эътиборлиси, 370 дан ортиқ битирувчилар билан ишга жойлашиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
– Форум доирасида иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлаш йўналишида ҳам аниқ натижаларга эришилди. Ўзини ўзи банд қилиш истагини билдирган иқтидорли битирувчиларнинг 165 нафарига Келажакка қадам дастури доирасида имтиёзли кредит олиш учун тавсияномалар берилди, – дейди Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети ректори, профессор Худойназар Юнусов. – Улардан 77 нафари 1 миллиард 120 миллион сўм миқдоридаги кредитлар орқали ўз тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишига эришилди. Тадбир давомида яна 810 миллион сўмлик имтиёзли кредитларни қўлга киритган битирувчиларга сертификатлар топширилди. Бу ёшларнинг иқтисодий мустақиллик сари интилишини янада кучайтиради деб ишонамиз.
Шунингдек, форумга таклиф этилган мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан вилоятдаги мавжуд бўш иш ўринлари, ишга жойлашиш механизмлари ҳамда махсус платформалар юзасидан маълумотлар берилди. Мазкур маълумотлар ёшлар учун амалий йўриқнома вазифасини ўташи шубҳасиз. Бир сўз билан айтганда, V Республика ёшлар форуми ёшларнинг ички салоҳиятини юзага чиқариш билан бир қаторда уларни муҳим ҳаётий қарорлар сари йўналтирувчи муҳим босқич бўлиб хизмат қилди.
Аслиддин АБДУРАЗЗОҚОВ,
“Yuz.uz” мухбири