Мазкур тадбирга Муслимбек Йўлдошев модераторлик қилди. Тадбир доирасида Убайдулла Уватовнинг ҳаёти ва илмий фаолиятига бағишланган видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, сўзга чиққанлар устознинг бой илмий, маърифий ва инсоний мероси, унинг миллий ва жаҳон илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, дин ва давлат арбоблари, таниқли олимлар, ижодкорлар, ОАВ ходимлари иштирок этди. Шунингдек, устознинг оила аъзолари ва яқинлари ҳам мезбон сифатида қатнашдилар. 

Убайдулла Уватов — ўзбек исломшунос олими, ҳадисшунос, шарқшунос, арабшунос ва манбашунос сифатида миллий илм-фан тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган йирик шахслардан биридир. У 1940 йил 23 февраль куни Қашқадарё вилоятида таваллуд топган. 1964 йил Тошкент давлат университетининг Шарқ факультетини араб филологияси йўналиши бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаб, шу даргоҳда педагогик фаолиятини бошлайди. Турли йилларда Миср, Ироқ ва Ливияда таржимон сифатида фаолият юритиб, араб тили ва манбалар билан ишлаш бўйича бой тажриба орттиради. Олимнинг илмий фаолияти, аввало, Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш билан чамбарчас боғлиқ. У XV аср араб тарихчиси Ибн Арабшоҳнинг “Ажоиб ал-мақдур фи тарихи Таймур” яъни “Темур тарихидаги тақдир ажойиботлари” асари асосида муҳим тадқиқот олиб борди. Бу иш собиқ шўро даврида амалга оширилгани билан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, катта жасорат намунаси эди. Мазкур асар мустақиллик йилларида нашр қилиниб, кенг жамоатчиликка тақдим этилди. Мустақиллик йилларида олим юртимиз алломалари меросини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратди. У Имом Бухорий, Имом Термизий, Маҳмуд Замахшарий каби улуғ алломалар ҳаёти ва илмий мероси ҳақида кўплаб илмий-маърифий асарлар яратди. Унинг “Буюк юрт алломалари” китоби ўнлаб олимлар ҳақидаги қимматли маълумотларни жамлаган муҳим манба ҳисобланади. Убайдулла Уватов 300 дан ортиқ илмий мақола, 50 га яқин китоб ва рисолалар муаллифи бўлиб, уларнинг бир қисми хорижий тилларда ҳам нашр этилган. Шу билан бирга, у кўплаб илмий ишларга раҳбарлик қилиб, ёш тадқиқотчилар етишиб чиқишига катта ҳисса қўшди.

Фаолияти давомида у бир қатор масъулиятли лавозимларда ҳамда Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Халқаро Амир Темур жамғармаси ҳамда Имом Бухорий халқаро маркази каби муассасаларда самарали меҳнат қилди. Унинг хизматлари давлатимиз раҳбарияти томонидан ҳам муносиб баҳоланди. “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” фахрий унвони ва “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан тақдирланди. Йирик олим ва фидойи устоз Убайдулла Уватов 2020 йил 3 ноябрь куни вафот этди. У киши қолдирган бой илмий мерос бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йуқотгани йуқ. Унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган “Илм-у маърифатга бахшида умр” ва “Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби” каби тўпламлар устоз хотирасини абадийлаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Холис ва аниқ маълумотлар бериши билан аҳамиятлидир.

Хусусан, мазкур тадбирда ҳам кўплаб олимлар ва илм-фан намояндалари устоз ҳақида самимий ва мазмунли хотиралар билан ўртоқлашдилар. Тадбирда сўзга чиққан Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори, профессор Гулчеҳра Рихсиева устоз ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

— Бугун биз устозимизни йўқотганимиз муносабати билан чуқур қайғудамиз. Бу йўқотиш нафақат бизнинг жамоамиз, балки бутун илм аҳли учун катта йўқотишдир. Чунки, устоз нафақат шарқшунослик соҳасига, балки олий таълим тизими, хусусан, юртимиз ва миллатимиз нуфузини юксалтиришга улкан ҳисса қўшган буюк шахс эдилар. Устозимиз ўзларининг беқиёс илмий мероси, тарбияси ва фидойилиги билан кўплаб шогирдлар етиштирдилар. Биз бугун устозимизни ёд этар эканмиз, уларнинг илмий меросини асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш ва кенг тарғиб қилишни ўз олдимизга асосий вазифа қилиб қўямиз. Чунки, айнан шу устоз бизларни илм йўлига бошлаб, бугунги даражага етишимизга сабабчи бўлганлар. Уларнинг ёрқин хотираси қалбларимизда абадий сақланиб қолади, — деди у.

Шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор Зоҳидилла Мунавваров ҳам устоз ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди.

— Устозимиз нафақат буюк олим, балки юксак инсоний фазилатларга эга инсон эдилар. Улар доимо шогирдларига яқин бўлиб, самимий мулоқот орқали ҳар бирининг қалбига йўл топа олардилар. Устоз-шогирд анъанасига содиқ қолган ҳолда, билим бериш билан бирга тарбия масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратар эдилар. Айниқса, асарларни таржима қилиш масаласига устозимиз алоҳида ёндашар эдилар. Таржима жараёнида матн мазмунини аниқ ва тўлиқ етказиш, уни илмий жиҳатдан асослаш ва кенг жамоатчиликка тақдим этишни муҳим вазифа сифатида кўрар эдилар. Устозимизнинг беқиёс хизматлари ҳамиша юксак қадрланади ва уларнинг илмий ҳамда маънавий мероси биз учун ибрат мактаби бўлиб қолади, — дея таъкидлади Зоҳидилла Мунавваров.

Анжуманда иштирок этган Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти бош илмий ходими, тарих фанлари доктори, профессор, академик Дилором Юсупова ҳам устоз билан боғлиқ хотираларини баён қилди:

— Убайдулла Уватов раҳбарлигида олиб борилган илмий ишлар алоҳида аҳамиятга эга эди. У киши нафақат етук олим, балки талабчан ва фидойи раҳбар сифатида ҳам кўпчиликка ўрнак бўлганлар. Айниқса, манбалар билан ишлаш, уларни ўрганиш ва нашрга тайёрлаш жараёнида жуда катта меҳнат ва сабр талаб этилишини доимо таъкидлаб келганлар. Улар раҳбарлигида бажарилган илмий ишлар осон кечмаган. Айниқса, чет эл манбалари билан ишлаш, XIV–XV асрларга оид қўлёзмаларни топиш ва тадқиқ этиш жуда мураккаб жараён эди. Бу манбаларни ўрганиш катта масъулият ва тинимсиз меҳнатни талаб қиларди. Кўпинча устоз ва шогирдлар кун бўйи илмий ишлар билан машғул бўлиб, ҳатто дам олишни ҳам унутиб қўйишарди. Уйга кеч қайтиш, баъзан эса овқатланишга ҳам вақт тополмаслик ҳолатлари бўлган. Бу эса уларнинг илм йўлидаги фидойилиги ва садоқатини яққол намоён этади. Убайдулла Уватовнинг саъй-ҳаракатлари туфайли кўплаб илмий ишлар фундаментал тадқиқот даражасига кўтарилди. Улар қолдирган илмий мерос бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда ва келгуси авлод олимлари учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади. У кишининг фаолияти, меҳнатсеварлиги ва илмга бўлган садоқати барча учун ибрат мактабидир, — деди Дилором Юсупова.

Тадбирда яна бир маърузачи — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва сиёсий шарҳловчи Қобил Каримбеков ҳам устоз ҳақида ўз фикрларини билдирди:

 — Бизнинг устозимиз, буюк олим Убайдулла Уватов 80 йилдан зиёд умр мобайнида илм-у-фанга беқиёс ҳисса қўшган, сермаҳсул ижодкор сифатида юксак эътирофга сазовор бўлган инсон эдилар. У киши нафақат тарихчилар, балки шарқшунослар ва умуман илм аҳлининг буюк намояндаларидан бири десак, асло муболаға бўлмайди. Устоз бутун фаолияти давомида Ислом цивилизацияси тараққиёти, манбашунослик ва шарқшунослик масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келдилар. Улар томонидан яратилган илмий асарлар бугунги кунда ҳам ўз қимматини йўқотмаган. Жумладан, устозимиз Ибн Арабшоҳнинг “Амир Темур тарихи” асарини икки жилдли ҳолда нашр этганлари алоҳида аҳамиятга эга. Бу эса миллий тарихимизни чуқурроқ ўрганишга хизмат қилган муҳим илмий ишдир. Шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Маҳмуд Замахшарий каби улуғ алломалар меросига бағишланган ўнлаб китоблар яратганлари ҳам устознинг илмий салоҳиятини яққол намоён этади. Шу боис, устознинг илмий меросини ўрганиш нафақат вазифа, балки маънавий бурч ҳамдир. Айниқса, бугунги муборак кунларда — Рамазон ҳайити арафасида ва Наврўз муносабати билан уларни ёд этиш янада катта маъно касб этади. Бугун устозимизни ёд этар эканмиз, у кишининг жияни Ботир Дулановнинг саъй-ҳаракати билан “Мунаввар ҳаёт ва илм соҳиби” мавзусидаги китоб тақдимоти ҳам ўтказилмоқда, — деди сиёсий шарҳловчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Қобил Каримбеков. 

Устоз қолдирган бой илмий меросни ўрганиш бугунги ёшлар учун ҳам муҳим вазифадир. Тадбир якунида таъкидланганидек, Убайдулла Уватовнинг илмий ва маънавий мероси нафақат бугунги, балки келгуси авлодлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолади. Ушбу анжуман устоз хотирасини ёд этиш, унинг бой илмий меросини кенг тарғиб қилиш ва уни келгуси авлодларга етказиш йўлида муҳим қадам бўлди.

Зулхумор АКБАРОВА