Албатта, бу маррага осонликча етганимиз йўқ. Ғалабалар ортида йиллар мобайнида майдонда ва майдон ташқарисида қилинган заҳматли меҳнатлар, болалар футболидан тортиб, терма жамоагача бўлган бир бутун тизимни ташкил қилувчи инфратузилма, давлат даражасидаги эътибор, стадионда, экран қаршисида жамоа учун чин дилдан жон куйдирган миллионлаб мухлислар, она халқимиз, Ватан турибди! Шу туфайли ҳам 2026 йилги жаҳон чемпионатига йўлланма мен учун, бутун жамоамиз учун чин маънода фахр бўлди. Бу халқнинг ишончи, дуоси билан келган тарихий бахт эди.
Энг эсда қоларли лаҳзалар эса, шубҳасиз, 2025 йил 5 июнь куни БААга қарши ҳал қилувчи сафар ўйинида рўй берди. Тўғри, биз гол киритиб, ғалаба қозонмадик. Аммо ишонтириб айтаманки, фаолиятим давомидаги ҳеч бир ғалаба ўша кунги дуранг натижасидан ортиқроқ қувонч ҳадя этмаган менга, бу футболдан-да каттароқ нарса эди… Бу қувончни фақат биргина сўз билан ифодалаш мумкин: МУНДИАЛ!
Шу куни Президентимиз телефон орқали терма жамоамизни алоҳида табриклади. Бундан буён ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини айтиб, юксак ишонч билдирди. Давлатимиз раҳбарининг табрикда айтган “Аминман, бу тарихий ютуқ халқимизни эзгу мақсадлар йўлида янада бирлаштиради, минг-минглаб ёшларимиз учун илҳом манбаига, ибрат тимсолига айланади, Янги Ўзбекистоннинг халқаро обрў-эътиборини янада оширишга хизмат қилади.
Сизлар футбол майдонларидаги мана шундай шонли ютуқдан янги куч ва руҳ олиб, келгуси йили АҚШ, Мексика ва Канада давлатларида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақасининг биринчи ва ягона вакили бўлишдек юксак шарафни чуқур ҳис этган ҳолда, янада катта жонбозлик кўрсатасизлар, деб ишонаман”, деган сўзлари кўнглимизни тоғдай кўтарди, айни чоғда зиммамизга халқимиз, Ватанимиз олдида янги масъулият юклади.
2025 йил 10 июнь куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида Қатар терма жамоасига қарши бўлиб ўтган саралаш босқичининг сўнгги тур баҳси ҳам чинакам байрамга айланиб кетди. Президентимиз учрашувни стадионда томоша қилди, байрамона кайфият бутун аренани қамраб олди. 86-дақиқада ҳисобни 2:0 кўринишига келтирган голга муаллифлик қилганим асло ёдимдан чиқмаса керак. Ўйиндан сўнг бутун делегация аъзоларининг муносиб тақдирланиши эса юртимизда футболга алоҳида эътибор, ёшларга юксак ишонч рамзи бўлди.
Энди олдимизда жаҳон чемпионати майдонлари турибди. Яхши биламиз: у ерда ҳамма нарса бошқача бўлади, тезлик, босим, шу билан бирга, имконият ҳам. Жамоа сардори, Европа майдонларида тўп тепган, у ердаги футболчилар билан ўзимизнинг йигитларни солиштириш имконига эга инсон сифатида бемалол айтишим мумкин, бизда ҳар қандай рақибга қарши муносиб қаршилик кўрсата оладиган, етук, маҳоратли ўйинчилардан иборат бир бутун авлод шаклланган.
Янги йил кириб келган шу дамларда одам режалар тузади, ўзига ўзи ваъдалар беради. 2026 йилга қадам қўяр эканмиз, халқимизга ваъда берамиз: биз жамоамиз билан бутун дунё кўз ўнгида халқимиз, мухлисларимиз ишончини, албатта, оқлаймиз, мундиалда Ўзбекистон номини муносиб ҳимоя қиламиз.
Элдор ШОМУРОДОВ,
футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори