Бу ерда, айниқса, таълимга қаратилаётган эътибор эътирофга сазовор. Туманимизда бир қатор ёшлар адабиёт ва шеърият йўналиши бўйича Республикада ўтказилган танловда ҳам, вилоят рассомчилик йўналиши бўйича ўтказилган мусобақада ҳам 1-ўринларни эгаллаб, бошқа кўплаб кўрик-танловларда, шунингдек спортнинг турли йўналишлари бўйича ҳам юқори натижаларга эришиб келяпти. Туманимиздаги янги ташкил қилинган «Яккачиқир» маҳалласида янги мактабнинг фойдаланишга топширилиши ва бошқа мактабларнинг капитал таъмирдан чиқарилиши Президентимизнинг таълимга қаратаётган эътиборининг ёрқин натижаларидан десак, янглишмаймиз. Мактабгача таълим муассасалари ҳам мукаммал таъмирдан чиқарилиб, кичкинтойларни ўз бағрига чорлади. Бундан ташқари Тупроққалъа маскани ҳудудида ва Питнак шаҳар ҳудудидаги ҳокимият биноларида қурилиш ишлари амалга оширилди ва яна бир қанча бинолар янгидан бунёд этилди. Кундан-кунга чирой очиб, ривожланиб бораётган «Муҳаббат» маҳалласида жойлашган «Султон Санжар Мозий» марказий жоме масжиди янгидан қуриляпти. Туманда «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБнинг банк хизматлари маркази иш бошлаган. Тез-тез ўтказилиб туриладиган фуқаролар қабулида фуқароларнинг муаммолари тингланиб, жойида ҳал қилиниб, ўрганиш учун вақт талаб қилган мурожаатлар юзасидан тегишли ташкилот раҳбарларига топшириқлар берилади ва ижроси назоратга олинади. Туманимизда сезиларли муваффақиятларга, Президент эътирофига сазовор бўлган ёшларимиз ҳам бор. «New Best Style» гулқоғоз ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Дилшод Хожиев яқинда «Келажак бунёдкори» медали билан тақдирланди.
Юқорида айтиб ўтганларим Ўзбекистоннинг кичкина, янги ташкил қилинган бир гўшасидаги ўзгаришлар эди. Биз мана шундай муносиб амалларни кўплаб қилишга ва халқимизнинг розилигига эришишга доим интилиб яшаймиз. Шундагига Тупроққалъа ҳам бошқа туманлар каби янада гуллаб-яшнаши тайин.
Гулноза Собирова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази Хоразм вилояти
Тупроққалъа туман бўлинмаси бош мутахассиси.