Чемпионат якунига етгач, кеча Чирчиқ шаҳрида жойлашган Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида самбо бўйича мутахассисларнинг малакасини оширишга бағишланган семинар бошланди.
Семинарни Халқаро самбо федерацияси (FIAS) техник комиссияси вакили Дмитрий Максимов олиб бормоқда. Семинарда Ироқ, Афғонистон ва Ўзбекистон мамлакатларидан мураббийлар қатнашишяпти.
Кеча ўтказилган назарий дарсларда самбо бўйича Ўзбекистон терма жамоа бош мураббийи Роман Шакиров, университет ректори, профессор Маҳмуджон Болтабоев, Халқаро кураш турлари назарияси ва услубияти кафедраси мудири Шуҳрат Арслонов, доцент Эрлан Байтураевлар иштирок этди.
Бугун мураббийлар амалий машғулотларда қатнашади. Шундан сўнг имтиҳонлар ташкил этилади. Имтиҳонларни муваффақиятли топширган мутахассисларга Халқаро самбо федерациясининг махсус сертификати берилади.