Истеъмолчининг қайд этишича, Термиз шаҳрида жойлашган авиакассадан Қарши — Москва — Термиз йўналиши бўйича 1 700 000 сўмга битта авиабилет сотиб олган, бироқ учиш вақти пандемия кучайтирилган пайтга тўғри келгани сабабли учиб кетолмаган. Авиачипта учун тўлаган пулини қайтариб олиш учун бир неча маротаба мурожаат қилган бўлса-да қайтариб ололмаган. Мурожаат ўрганилиши натижасида эса, чипта учун тўланган маблағ истеъмолчига қайтарилишига эришилди.
Яна бир мурожаат Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида яшовчи Д.З. томонидан келди. Унда қайд этилишича, истеъмолчи Бухоро шаҳри марказида жойлашган Ҳ.Раҳматов ЯТТга қарашли "Техномир" маиший техника дўконидан "Электролюкс" кондиционерини 7 806 000 сўмга харид қилган, аммо ҳозир кафолати муддати тугамай у носоз аҳволга келиб қолган. Ушбу муаммони бартараф этиш бўйича истеъмолчи тадбиркорга бир неча бор мурожаат қилган, бироқ мурожаати инобатга олинмаган. Мурожаат ўрганилиши натижасида сотувчи томонидан кондиционернинг сифатли таъмирлаб берилишига эришилди.
Шунингдек, Навоий вилояти Навоий шаҳрида яшовчи Фарҳод Бекпўлатов ўз мурожаатида Навоий шаҳрида жойлашган маиший савдо дўконидан 5 500 000 сўмга муддатли тўлов асосида телевизор сотиб олгани, бироқ кафолат муддати ичида носоз чиққанидан норозилик билдириб, ушбу масалада амалий ёрдам сўраган. Мазкур мурожаат ўрганилиши натижасида истеъмолчига телевизор учун тўлаган 5 500 000 сўм пули қайтарилишига эришилди, дейилади федерация ахборот хизмати хабарида.