Марказни очиш сабаблари, унинг бошқа турдош муассасалардан фарқли жиҳатлари, энг муҳими, халқимизга манфаати хусусида федерация раиси Жаҳонгир Саримсоқов мухбиримизга сўзлаб берди.

— Лойиҳадан кўзланган мақсад “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” ғоясини рўёбга чиқариш, фуқаролик жамияти институтларининг давлат ва жамият фаолиятидаги иштирокини ошириш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари билан ижтимоий шериклик асосида фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янгича механизмини жорий этиш қаратилган. Унинг доирасида бу йил мамлакатимиз бўйлаб иккитадан маҳалла танланиб, улар ҳудудида маҳаллий ҳокимликлар кўмаги билан ҳуқуқий маслаҳат марказлари ташкил этилади, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов. — Хусусан, яқинда Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳри, Шеробод, Қизириқ, Ангор, Музработ, Жарқўрғон, Шўрчи ва Термиз туманлари ҳокимлари иштирокида ўтган учрашувда ҳуқуқий маслаҳат марказларини ташкил этиш механизмларини муҳокама қилдик.

Бугунги кунда федерациямизга кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда ва бир вақтнинг ўзида ечимини топяпти. Биргина ўтган йилнинг сўнгги тўққиз ойи мобайнида истеъмолчилардан қарийб ўн икки мингта мурожаат келиб тушган. Уларнинг тўқсон уч фоизи ижобий ҳал этилиб, истеъмолчилар фойдасига 15 миллиард 183 миллион 829 минг 380 сўм етказилган зарар ундириб берилди. Бу бежиз эмас. Юртдошларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқини тобора англаб, тушуниб боряпти. Ҳуқуқий саводхонлиги, ҳуқуқий маданияти ошяпти. Биз илгари сураётган ҳуқуқий маслаҳат маркази лойиҳаси бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқишда кўмакчи бўлади.

Бугунги ислоҳотлар ривожи ва ижобий ўзгаришлар жараёнида “маҳаллабай” сўзининг аҳамияти кун сайин ортмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ўтган йили 22 майда Андижон вилоятига ташрифи давомида илк бор бу сўз тилга олинган. Турли соҳаларга оид фаолиятни маҳаллабай ташкил этиш тўғрисида сўз юритилган.

Президентимизнинг ўтган йили 12-13 декабрь кунлари Хоразм вилоятига ташрифи давомида ушбу ибора моҳиятини янада очиб берувчи “маҳалла раиси — ислоҳотчи” ғояси илгари сурилиб, хар бир вазирлик, идора ва ташкилотлар фаолиятини маҳаллабай ташкил этиши зарурлиги таъкидланди.

Муайян ҳудудда яшовчи одамлар манфаатидан келиб чиқиб, улар билан келишган ҳолда ишларни ташкил этиш “маҳаллабай” сўзининг мазмунини очиб беради. Шу маънода, ҳуқуқий маслаҳат марказлари ҳам аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишда маҳалланинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан фаолият юритади. Ҳар бир маҳаллага алоҳида ёндашув асосида иш кўрилади. Марказлар фаолиятига маҳаллабай тизимни жорий этиш ҳамда уни ривожлантиришда ҳам маҳалла раисларининг ўрни ва аҳамияти катта бўлади. Улар энди ўз ҳудудидаги муаммолар бўйича мутасадди раҳбарлар олдига аниқ таклиф ва талаблар қўяди. Билдирилган муаммоларнинг ечими бўйича жон куйдиради, ислоҳотлар марказида туриб, давлат ва халқ ўртасида жонли мулоқот кўпригини барпо этади.

Ҳуқуқий маслаҳат марказларини ташкил этиш лойиҳаси ишлаб чиқилишидан аввал федерация томонидан “Истеъмолчилар уйи” ҳамда “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Бу бўйича ишлар шу кунгача анча жонланди. Айни пайтда жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириш, Президентимиз илгари сурган “Беш муҳим ташаббус”ни ҳаётга изчил татбиқ этиш учун қатор хайрли ишлар амалга ошириляпти.

Шу кунга қадар лойиҳа доирасида Олтиариқ, Қизилтепа, Риштон, Бағдод, Фарғона тумани, Марғилон ва Фарғона шаҳри, Избосган, Тўрақўрғон, Косон, Деҳқонобод, Сариосиё, Узун, Бойсун, Олот каби туман ва шаҳарларда барча қулайликларга эга, кўркам ва шинам йигирмата мажмуа бунёд этилди. Яна саксон битта туман ва шаҳарда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. “Истеъмолчилар уйи” маъмурий комплексидан жой олган “Истеъмолчи қабулхонаси”да истеъмолчиларнинг ариза ва мурожаатлари қабул қилиняпти. Мурожаатларнинг аксари ўша вақтнинг ўзида ҳал этилаётир. Ҳуқуқий маслаҳат маркази бундан фарқли ўлароқ, истеъмолчилардан келиб тушган мурожаатларни маҳаллабай кесимида ўрганиб чиқиш ва ҳал этишга хизмат қилади. Марказда аҳоли муаммоларини тизимли ўрганиш ва уларни аниқ ҳал этиш бўйича давлат бошқаруви ва хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда ишлашнинг янгича тизими йўлга қўйилади. Фуқароларнинг савдо-сотиқ, газ, электр, сув таъминоти, коммунал хўжалиги, экология, қурилиш, кадастр, бандлик, ижтимоий хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, хизмат кўрсатиш, транспорт ва бошқа соҳаларга оид мурожаатлари маҳаллабай кўриб чиқилади. Ҳуқуқий маслаҳатлар бериш билан бир қаторда мавжуд муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилади.

Ҳуқуқий маслаҳат марказлари икки бўлимли қилиб қурилади. Биринчисида пайнет, суғурта, давлат хизматлари (тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, фаолиятини вақтинча тўхтатиш, жисмоний шахс — солиқ тўловчинининг солиқ ва бошқа идоралардан қарзи бор-йўқлиги ҳақида маълумотнома бериш, СТИРни аниқлаш, жисмоний шахслар учун солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР)ни олиш ва бошқалар)ни амалга ошириш мумкин. Бунинг учун шу ҳудуддаги компьютер техникасини пухта биладиган икки нафар билимли ёшни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиб, шароит яратиб берилади.

Лойиҳани молиялаштиришда Қорақалпоғистон Республикаси истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудий бирлашмалари ва уларнинг туман (шаҳар) жамиятлари маблағлари, шунингдек, ҳомийлик маблағлари, маҳаллий тадбиркорлар билан ижтимоий шериклик асосида имзоланган (инвестор) шартномаларида белгиланган маблағлар ва бошқа манбалардан фойдаланиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, ҳудудни яхши биладиган, обрў-эътиборга эга шахсни таянч гуруҳ раҳбари этиб тайинласак, у мавжуд муаммо ва мурожаатларни белгиланган тартибда қабул қилиб, расмийлаштириб тааллуқлиги бўйича тегишли давлат назорат органларга юборилишини таъминлайди. Ижросини назоратга олади ҳамда шу ҳудуд фуқароларига тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказиб аъзоликка қабул қилиш ишлари билан шуғулланади.

Келгусида мамлакатимизнинг 9 минг 440 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳуқуқий маслаҳат марказлари ташкил этилади. Бу орқали ўн тўққиз мингга яқин ишчи ўрни очилади.