Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясига Асака туманида яшовчи З.Абдуллаевдан мурожаат келиб тушди. Унга кўра, фуқаро туман марказида жойлашган тижорат банкларидан бирига қуёнчиликни ривожлантириш учун кредит сўраб ариза топширган, бироқ банк ходимлари турли баҳоналар билан кредит беришни ортга сурган.
Федерациянинг Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси мурожаатни ўрганиши натижасида истеъмолчига банкдан 26 миллион сўм маблағ олиб берилди.
Яна бир мурожаатни Каттақўрғон туманида яшовчи Қ.Раббимова йўллаган. Истеъмолчининг ёзишича, у ўтган йили 11 ноябрда муддатли тўлов асосида товар сотиб олиш учун банкка мурожаат қилади. Банк “Гулноза Сабрин” хусусий фирмасига 95 миллион сўм ўтказилгани, маҳсулот эса тез орада етказиб берилишини айтади. Бироқ орадан тўрт ой ўтса ҳамки, 95 миллион сўмлик товар Қ.Раббимовага етказиб берилмайди.
Мазкур мурожаат ҳам федерациянинг Самарқанд вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан ўрганилиб, фуқарога 95 миллион сўмлик маҳсулот етказилишига эришилди.