Энди фуқаролар ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан давлат идораларига югурмай, аксинча, давлат идоралари раҳбарлари ҳудудларда аҳолининг аризаларини ўрганмоқда ҳамда шикоятчиларга амалий ёрдам кўрсатмоқда.

Вилоят ҳалқ таълими бошқармаси ташаббуси билан Учқўрғон туманидаги 30-умумтаълим мактабида жисмоний ва юридик шахслар учун таълим соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш, фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди. Унда вилоят ҳалқ таълими бошқармаси ҳамда Учқўрғон туман халқ таълими бўлими масъул ходимлари, бўлим бошлиқлари, мактаб директорлари иштирок этиб, аҳолидан тушган аризаларни жойида ҳал қилиш чораларини кўрдилар. 

Мурожаатларнинг аксарияти таълим-тарбия, мактабдаги қулайликларни кенгайтириш билан боғлиқ эканлиги эътиборни тортади. Мисол учун, «Янгиер» МФЙда яшовчи Дилрабо Шоабдуллаева 30-умумтаълим мактабида куни узайтирилган гуруҳлар фаолиятини тиклаш масаласи бўйича мурожаат йўллади. Мазкур сўров бўйича фуқаро Д.Шоабдуллаевага ҳозирги пандемия шароити туфайли бошланғич синф ўқувчиларининг асосий дарслардан сўнг куни узайтирилган гуруҳларда машғулотларни давом эттириши мақсадга мувофиқ эмаслиги, бу вазият уларнинг саломатлигини асраш билан бевосита боғлиқлиги тушунтирилди. 

Шу маҳаллада яшовчи Нодира Ортиқова эса мазкур таълим муассасасида ўқувчилар учун пазандачилик тўгараги фаолияти йўлга қўйилиши бўйича илтимосини билдирди. Унинг сўрови мутасаддиларда қизиқиш уйғотди ҳамда пандемия талаблари юмшатилиши билан ёшлар учун фойдали бўлган бундай тўгараклар фаолиятини кенгайтиришга рухсат берилиши, чора-тадбирлар белгиланиши маълум қилинди.

- Мен Қайқи қишлоғида жойлашган 8-умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлайман, - дейди Муҳаммадсоли Адашев. - Таълим масканимизда 1490 нафар ўқувчи бор. 784 ўринга мўлжалланган мактабимизда ўқувчилар сони меъёридан икки баробар ортиқлиги боис икки навбатда ўқишдан ташқари меҳнат таълими хонаси, ҳатто ошхона биносидан ҳам ўқув хоналари сифатида фойдаланишга мажбурмиз. Бундай вазият таълим-тарбия жараёнига салбий таъсир кўрсатмаслиги учун масалани кечиктирмай ҳал этиш зарур. Мактабимиз кейинги йил Давлат дастурига киритилган бўлиши қарамай, мен қўшимча бино қурилишини жадаллаштириш мақсадида сайёр қабул жараёнида шу муаммони яна кўтардим.

Тумандаги 37-умумтаълим мактаби раҳбари Муҳаббат Турсунова ҳам мактаб биноси эскирганлиги ҳамда қўшимча бино кераклиги юзасидан таълим муассасини келгуси йил дастурига киритиш бўйича мурожаати мутасаддилар томонидан тингланди ва бунга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, қурилиш лойиҳаларни пухта ўрганиш ва юқори ташкилотларга тақдим этиш чоралари топширилди.

«Қурама» МФЙдаги 17-умумтаълим мактаби директори Манзура Қамбарованинг мактаб ҳудудини қўрғонга олишга доир аризаси қўшимча вақт талаб этадиган мурожаатлар сирасига киритилиб, инобатга олинди.

«Янгиер» МФЙ, «Роҳат» кўчаси, 19-уйда яшовчи икки фарзанднинг онаси Одина Болтабоеванинг мурожаатига кўра, унга 30-умумтаълим мактабидан 0,5 штат бирлиги бўйича фаррошлик хизмати таклиф этилди. Худди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Абдулазиз Муллажонов эса мурожаатига асосан мазкур таълим муассасасига боғбон бўлиб ишга жойлаштирилди.

Умуман олганда, сайёр қабулда бир кунда фуқаролардан жами 13 та мурожаат тушиб, шундан 2 таси жойида ҳал этилди. Қолганлари қўшимча вақт талаб этилгани боис ўрганиш учун тавсия қилинди.

Орифжон ЖЎРАЕВ,
«Янги Ўзбекистон» мухбири.