Юртимиз тараққиётининг энг муҳим устувор вазифалари эълон қилинадиган ушбу йиллик мурожаатномани интиқлик билан кутилгани ҳам бежиз эмас, чунки унда халқимизнинг дилидаги гаплар баён этилди.
Айниқса, қалбимизни тўлқинлантирган бир жиҳат — илмий салоҳиятни кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг малакаси, уларнинг тил билиш даражасини ошириш, миллий ва халқаро рейтингларда университетлар нуфузи, ўрнини кўтаришга қаратилган масалалар ҳам Муҳтарам Президентимизнинг мурожаатномасида ўз аксини топди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари аждодларимиз, буюк алломаларимиз, ота-боболаримиз руҳиятини ифода этган ҳолда, бугун биз тарбия этаётган авлодлардан бўлгуси Авлонийлар, Берунийлар, Мирзо Улуғбеклар етишиб чиқишига билдирган юксак ишончи - шижоатимизни янада ошириб, жамоага янгича куч берди.
Эндиликда Фарғона давлат университетининг кўп сонли профессор- ўқитувчилари шахсий иш режасидан тортиб, ҳар бир талабанинг кундалик вазифасида Мурожаатномада белгиланган мақсадлар акс этиши табиий. Чунки элимиз билан ахдлашув бўлмиш бу ҳужжат ўзининг халқпарварлиги билан ёшу-кексанинг, устозлару талаба-ёшларнинг юрагига кириб борди.
Олийгоҳ жамоаси ҳам ёшларга сифатли таълим бериш, “талабабай” ишлаш, уларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш, илм-фанга бўлган қизиқишларини кучайтириш йўлида бор куч ва имкониятларини сафарбар этмоқда. Бунинг самараси эса талабалар эришган ютуқларда бўй кўрсатмоқда.
Жумладан, 2022/2023-ўқув йили учун республика олий таълим муассасалари бакалавриат босқичининг 566 нафар талабаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ва номли давлат стипендияларига муносиб кўрилган бўлса уларнинг 18 нафари Фарғона давлат университети талабаларидир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси совриндори 1 нафар, Ислом Каримов номли давлат стипендияси 1 нафар, Навоий номли давлат стипендияси 13 нафар, Улуғбек номли давлат стипендияси соҳиблари эса 3 нафарни ташкил этгани барчамиз учун қувонарлидир. Зеро, шундай илдам, ўз билим қудратига эга, ташаббускор ёшлар халқимизнинг ишончи ва умид куртакларидир.
Президентимиз Юсуф Хос Ҳожибдан иқтибос келтириб, «Заковат бор жойда улуғлик, билим бор жойда буюклик бўлади» деган эзгу ғояни илгари сурганлиги, илмни тараққиёт ўзаги сифатида кўриб, маърифатни ривожлантираётганлиги - ёшларимизнинг бахтли келажаги ҳамда миллатнинг эртанги равнақидан ёрқин далолатдир.
Албатта, таълимга киритилган инвестиция бу – Янги Ўзбекистон, миллат келажаги учун киритилган энг манфаатли сармоядир. Жорий йилда илм-фан ва инновацияларга 1,5 триллион сўм йўналтирилган бўлса, келгуси йилда бу 1,8 триллион сўмга етказилиши давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилди.
Айтиш керакки, биз бундай эътибор ва эъзозга муносиб бўлишимиз, ёшлар орасида Мурожаатномани тарғиб-ташвиқ қилишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз, мазкур даъваткор ҳужжатда қўйилган вазифалар ижросини таъминлашда биринчилар сафида бўлишимиз зарур.
“Албатта, эришаётган барча ютуқларимиз, инсон қадри улуғ бўлган диёр – Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дастлабки натижалардир. Бу бунёдкор халқимиз билан бирга бундай эзгу ишларни давом эттирамиз ва олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз” – дея таъкидладилар юртбошимиз ўз мурожаатномасида. Демак, бугунги эришаётган марраларимиз, оламшумул ислоҳотлар - мамлакат тараққиётининг бир дебочаси. Бугун бу йўлда биздан кутиладигани албатта, жасорат, фидоийлик, тинимсиз ҳаракат ва мустаҳкам иродадир.
Баҳодиржон Шермуҳаммадов,
Фарғона давлат университети ректори