Эзгулик, меҳр-мурувват, одамийлик ва оқибат каби хислатлар ўзбек халқининг томири, қон-қонида жўш урадиган фазилатлардандир. Халқимизда «Мурувват дилни поклайди» деган пурмаъно ҳикмат бор. Орамизда шундайлар борки, улардаги инсоний фазилатлар туфайли ҳам бу дунёда қуёш тафти ҳароратли, ҳаёт мазмунли ва турмушимиз чиройлидир. Айниқса, байрам кунларида кўнгли ўксик инсонлар ҳолидан хабар олиш халқимизнинг азалий қадриятларидан ҳисобланади.
Қоракўл туманидаги «Мурувват» ногиронлиги бўлганлар бўлган шахслар интернат уйида 3 декабрь - Хaлқаро ногиронлар куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.
Қоракўл тумани ҳокими Шерали Саломов бошчилигидаги туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари мазкур муассасадаги кўнгли ўксик инсонларни йўқлаб бордилар.Тадбирда туман ҳокими муассасада яшовчиларни байрам билан қутлади.
Маскандаги инсонларга улар ёлғиз эмасликларини, давлатимизнинг кучли ижтимоий ҳимоясида эканликларини яна бир бор эслатган туман ҳокими, Президентимиз томонидан халқимизга, айниқса ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар тўғрисида гапириб ўтди. Шифо илинжидаги шахслар тезроқ шифо топиб, ўз оилалари бағрига соғ-саломат қайтишларига тилак билдирди.
Мазкур катта оилада Республикамизнинг барча ҳудудларидан келган инсонлар бўлиб, 300 нафардан ортиқ эркаклар бири бирларига меҳр бериб, ўзаро тотувликда ҳаёт кечирмоқдалар. Бир қарашда имкониятлари чекланган бўлиб кўринган бу инсонларнинг ҳаёт синовларини сабот билан енгиб ўтаётганлигини кўриб, йигитларнинг матонатига таҳсин айтмасдан ўтолмайсиз.
Байрам муносабати билан беморларга совғалар улашиб, муассаса ходимлари билан навбатдаги суҳбатини қурган туман ҳокими Ш.Саломов бу ердаги мавжуд шарт-шароитлар билан яна бир бор қизиқди. Беморларга кўрсатаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун шифокор ва ҳамшираларга миннатдорчилик билдириб, ҳар қандай амалий ёрдам ва кўмакка туман ҳокимлиги доимо шайлигини эслатиб ўтди.
Туман ҳокимлиги мутасаддиларининг навбатдаги ташрифи ва эътибори ҳам муассасада даволанаётган юртдошларимизга чексиз завқ улашди.
Турли ёшдаги кишиларнинг санъаткор шериклари томонидан ижро қилинаётган куй ва қўшиқларига монанд кўзларида қувонч, қалбларида шукроналик билан жўр бўлаётганлиги тўрт мучали соғлом ҳар бир инсонни ўзлигини англашга, меҳр-оқибатли бўлишга ундайди.
Дунёда меҳрнинг, қадриятнинг умри боқийдир. Инсоний фазилатларгина улуғлик сари бошлайди. Қаердаки, меҳр-оқибат, қадр-қиммат мавжуд экан, шу ерда бахтиёрлик, фаровонлик ҳукм сураверади.