Ушбу муассасаларда инсон шаъни ва қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқлари камситилишига сабаб бўлмайдиган муносиб шароит яратилиши лозим. Омбудсман вакиллари ўрганишларда айни шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратади ҳамда ушбу муассасаларда сақланаётганлар мурожаатини қабул қилади.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйига мониторинг ташрифида 31 нафар фуқаро бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти олишда муаммоларга дуч келаётгани, яъни аксарият ҳолларда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Таъкидлаш лозимки, уларнинг айримлари шахсан мулоқот қилиш, ўз фикрини баён этиш имкониятига эга эмас.
Ушбу масала Омбудсман минтақавий вакили томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди. Натижада 18 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини Давлат хизматлар агентлигидан олиш учун тўлов интернат уйи ва божхона ходимлари томонидан тўлаб берилган.
5 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасига агентлик томонидан аниқлик киритилган бўлиб, интернат уйи томонидан тўловлар амалга оширилгандан сўнг паспорт олиш учун тегишли ташкилотга тақдим этилиши режалаштирилган. 8 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритиб бўлмаётганлиги сабабли Давлат хизматлар агентлиги томонидан маълумотлар олиш имкони йўқлиги маълум қилинган.
Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили, Давлат божхона қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси ва ИИБ ҳамкорлигида Қоракўл туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйида тадбир ташкил этилиб, васийликка олинган фуқароларнинг 14 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID карталари топширилди. Яна 7 нафар фуқаронинг ҳужжатлари тайёрланиш жараёнида эканлиги маълум қилинди.