Шу кунларда пойтахтимизда “Янги Ўзбекистон: тараққиёт, инновация ва маърифат” мавзусидаги халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги бўлиб ўтаяпти. Жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътиборини тортган мазкур нуфузли халқаро анжуманда дунёнинг қарийб барча қитъасидан 450 дан зиёд эксперт иштирок этмоқда.
Хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар, эришилган ютуқлар, навбатдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлатнинг ташқи ҳамда ички сиёсатидаги устувор йўналишлар юзасидан фикр алмашилаётгани ҳафталикдан ўрин олган тадбирлар мазмунини белгилайди.
Ҳафталик доирасида “Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари — иқтисод ўсишининг асосий тамойили” ҳамда “Ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш: долзарб таклифлар ва ечимлар” мавзуларида мулоқотлар бўлиб ўтди.
Тадбирда хорижлик мутахассислар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳал қилувчи ўрин эгаллаган транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига тўхталиб ўтди. Шунингдек, халқаро юк ташиш ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ва минтақалар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.
Илҳом МАҲКАМОВ, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазири:
— Азалдан ўзаро ҳурмат ва ишонч, савдо ва транспорт-коммуникация алоқалари дўст халқларимизни бирлаштириб келган. Ҳозир ҳам транспорт коридорлари тармоғини кенгайтириш ва минтақаларимизнинг транзит салоҳиятини ошириш қўшма ҳамкорлик фаоллигига боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликни, жумладан, Халқаро транспорт форуми, ЦАРЭС, ЭСКАТО, ТРАCЕКА, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Туркий давлатлар ташкилоти каби халқаро шериклар билан муносабатларни мустаҳкамлаши йўлида ижобий ўзгаришлар юз берди. Сўнгги беш йилда мамлакатимизда халқаро юк ташувининг барқарор ўсиши кузатилиб, ўртача йиллик суръати 8 фоизни ташкил этди.
Ташқи савдо ва транзит юк ташувлари ҳажмини ошириш мақсадида Европа Иттифоқи ҳамда МДҲ давлатларидан Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон орқали Ҳинд океани портларига чиқиш имкониятига эга янги мультимодал транспорт йўналишларини шакллантириш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда. Трансчегаравий савдони, шунингдек, МДҲ давлатларининг Жанубий Осиё мамлакатлари билан савдо алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш мақсадида “Термиз” халқаро савдо маркази қурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон темир йўли қурилиши лойиҳасини амалга ошириш бўйича салмоқли ишлар бажарилмоқда.
Лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистон ва Ҳиндистон темир йўлларига, шунингдек, Арабистон денгизи портларига чиқадиган янги ва энг қисқа транзит коридорларини шакллантириш ҳамда юк ташиш вақти ва нархини 30–40 фоиз камайтириш имконияти яратилади.
Транспорт соҳасида давлат бошқарувини самарали ташкил этиш мақсадида ушбу тармоқда ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мисол учун, соҳани либераллаштириш натижасида Ўзбекистонда хорижий ва хусусий авиакомпаниялар очилгани ҳисобига соғлом рақобатни яратиш имконияти пайдо бўлганини таъкидлаш мумкин. Натижада мамлакатда 5 та хусусий авиакомпания иш бошлади. Qanot Sharq Airlines, Silk Avia, Humo Air, Panorama Airways, Centrum Air шулар жумласидан.
Марказий Осиёнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида минтақамиздаги иқтисодий манфаатларимизни янада фаол илгари суриш вақти келди. Ушбу форум очиқ фикр алмашиш ва янги, илғор ғояларни илгари суриш, қўшма ташаббусларни шакллантиришга ёрдам бериши билан аҳамиятли. Биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз орқали транспорт тармоғини халқларимиз равнақи йўлида хизмат қилувчи янада самарали, изчил ривожланаётган хавфсиз соҳага айлантира олишимизга ишонч бор.
Иннокентий БЕЛЯКОВ-ЗАГУМЕНОВ, “DB Engineering & Consulting GmbH” компаниясининг лойиҳалар менежери (Германия):
— Мамлакатингиз темир йўл транспортининг транспорт-логистика секторини ривожлантиришда Ўзбекистон ва Германия темир йўллари ўртасидаги ҳамкорлик тарихи ва истиқболлари билан танишиш имконияти яратилгани учун миннатдорлик билдираман.
Биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида юртингизни барқарор ривожлантириш ҳамда унинг жаҳондаги нуфузини ошириш, шунингдек, транспорт-логистика тизимини яхшилаш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлардан хабардормиз. Мазкур ислоҳотлар туфайли Ўзбекистон иқтисодиётининг изчил ўсиши транспорт-коммуникация комплексини жадал ривожлантиришни талаб этмоқда.
Темир йўл инфратузилмаси мураккаб ва капитал талаб қилувчи тизим бўлиб, дастлабки қўшма лойиҳаларимиздан бири — “Ангрен-Поп” темир йўл линиясини қуриш ва электрлаштириш бўйича амалга оширилган кенг кўламли лойиҳа Фарғона водийсини Тошкент вилояти билан боғлаш имконини берди. Германиялик мутахассислар иштирокида мазкур лойиҳа доирасида МДҲда ўзига хос — узунлиги 19 километрдан ортиқ бўлган темир йўл туннели барпо этилди. “DB Engineering & Consulting GmbH” компанияси мутахассислари мураккаб тоғли ҳудудларда туннел қуришда илғор услуб ва технологияларни қўллади. Ушбу лойиҳа “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг “DB Engineering & Consulting GmbH” компанияси билан турли инфратузилма объектларини қуриш бўйича ҳамкорлигини мустаҳкамлади. Айни пайтда “Бухоро — Мискин — Урганч — Хива” линиясини электрлаштириш ишлари биргаликда бажарилмоқда. Мазкур лойиҳа туфайли Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини кенгайтириш, транзит йўлаклари ўтказиш имкониятини ошириш ва ҳавога чиқадиган зарарли газларни камайтириш мумкин. Лойиҳа якунига етгач, тезюрар поездларни ишга тушириш режалаштирилган. Бу эса йўловчиларнинг Тошкентдан Урганчгача қатнов вақтини 7 соатга (ҳозир 18 соат) қисқартиради.
Бу лойиҳаларнинг барчаси Ўзбекистон ва минтақанинг жадал ривожланишига мамлакатингиз ва Германия компанияларининг ўзаро манфаатли ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари орқали эришиш мумкинлигини тасдиқлайди. Шубҳасиз, транспорт соҳасидаги ислоҳотлар натижаси Ўзбекистон темир йўллари ва бутун транспорт тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш имконини беради. Бу эса мамлакат тараққиёти ва аҳоли яшаш сифатини оширишга самарали таъсир кўрсатади.
Майк ФОРМОСО, “PSA International Company” компаниясининг Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё ҳамкорлиги минтақавий раҳбари (Сингапур):
— Бугунги тадбирда иштирок этганимдан бағоят мамнунман. У Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда тутган ўрни, транспорт транзит салоҳиятни оширишда муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлайман.
Ўзбекистонда транспорт логистика марказлари қуриш бўйича лойиҳани амалга ошираётган эканмиз, унинг ишга туширилиши мамлакатингизнинг транспорт транзит салоҳиятини, темир йўллар қурилиши, автомобиль йўлларида юклар ташиш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Умуман, лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишдан асосий мақсад юртингизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни қўшни мамлакатлар, хусусан, Марказий Осиё давлатларига етказиш, Ўзбекистондаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга эса хомашёни тез фурсатда сифатли етказиб беришдир.
Юртингиздаги бир қанча ишлаб чиқариш корхоналарида бўлдик. Уларнинг ишлаб чиқариш жараёнини ўрганиб, зарурий хомашёларни қандай келтириш бўйича ишлаяпмиз. Бундан ташқари, Ўзбекистонда транспорт логистика марказларига маҳсулот етказиб беришни рақамлаштириш ишлари ҳам жадал давом этмоқда.
Кўплаб хорижий компаниялар иштирок этган бу тадбирда авиация, темир йўл, маҳсулотларни етказиб бериш, рақамлаштириш бўйича фикр алмашдик. Ўйлайманки, бу нафақат мен учун, балки ҳамма иштирокчилар жуда фойдали бўлди.
Тилек ТЕКЕБАЕВ, Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири:
— Айнан транспорт-инфратузилмавий коммуникацияларни такомиллаштириш ва Марказий Осиёга халқаро транзит юк ташувчиларини жалб этиш минтақа давлатларини бирлаштирувчи энг муҳим йўналишлардан биридир. Шу маънода, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳасининг амалга оширилиши Марказий Осиёни яхлит логистика хабига, яъни жаҳоннинг муҳим бозорига айлантиришга ҳисса қўшади.
Улдис РЕЙМАНИС, Латвия Республикаси транспорт вазирлиги давлат котиби ўринбосари:
— Айнан Европа ва Осиё ўртасида халқаро савдони ривожлантириш орқали барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда транспорт ва логистиканинг ўрни алоҳида. Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида интермодал ва мультимодал трансчегаравий ҳамда транзит транспорт хизматлари кўрсатишни ривожлантириш, шунингдек, Болтиқ денгизи мультимодал коридори орқали Европа Иттифоқидан Марказий Осиё мамлакатлари учун етказиб бериш занжири салоҳиятини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш долзарб вазифа. Айнан транспорт соҳасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз ушбу вазифани уддалашга хизмат қилмоқда.
Тадбир давомида ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларида ривожлантириш юзасидан долзарб таклифлар илгари сурилди. Мазкур йўналишда янги транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар эса алоҳида эътирофга лойиқ.
* * *
Жамиятнинг ҳар томонлама фаровонлиги — оила мустаҳкамлиги, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига боғлиқ. Шу боис, мамлакатимизда оила, хотин-қизлар ҳамда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, касб эгаллаши ва тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, гендер тенгликни таъминлаш борасида концептуал ғоялар амалга оширилмоқда.
Пойтахтимизда мазкур халқаро шериклик ташаббуслари ҳафталиги доирасида бўлиб ўтган “Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” мавзусидаги анжуманда шу хусусда сўз юритилди.
Зулайҳо МАҲКАМОВА, Бош вазир ўринбосари:
— “Аёлни эъзозлаш — эзгулик ва адолат мезони” деган ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, истеъдоди ва қобилиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган 100 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
2022–2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастур, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилингани бу борада эътиборга молик ишлардан бўлди. Шунингдек, хотин-қизларнинг ижтимоий ва сиёсий фаоллигини юксалтириш, иқтисодий имкониятини ошириш, таълим, соғлиқни сақлаш йўналишларида қўллаб-қувватлаш, Оила институтини мустаҳкамлаш борасида қилинган ишларни мамнуният билан қайд этиш мумкин.
Шу билан бирга, ҳали бажаришимиз зарур бўлган ишлар кўп. Хусусан, илғор тажриба асосида хотин-қизларнинг таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва бу борада манфаатли ҳамкорлик қилиш, хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни янада ривожлантириш бўйича халқаро тажриба алмашиш, соғлиқни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, илм-фан, таълим соҳалари ва маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликни янги босқичга кўтариш, барқарор тараққиётга хизмат қиладиган самарали қарорлар қабул қилиш учун халқаро ҳамжамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш зарур.
Ҳамкорликда изланиш ва ўзаро манфаатли қарорлар қабул қилиш — тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлаш сингари эзгу мақсадларимизга эришиш имконини беради. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича Ўзбекистон амалиёти билан ўртоқлашар эканмиз, бу борада хорижлик меҳмонларимизнинг ҳаётий фаолияти ва самарали тажрибаси ҳам биз учун юқори аҳамият касб этади.
Жанна БЕЛСКАЯ ВАНДЕРБЕЕКЕН, “Singapore Fashion Association” консультанти, Брюссель аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ассоциацияси аъзоси (Сингапур):
— Аёл сифатида биз улкан имкониятлар даврида яшаяпмиз. Биз нафақат аёл, қиз, она ва опа-сингил, айни пайтда орзуларимизни амалга оширадиган профессионаллар сифатида ҳам намоён бўлишга интиламиз. Бугун Ўзбекистонда ва дунёда аёллар тадбиркорлиги гуллаб-яшнаётган гўзал даврнинг чўққисида турибмиз. Бу, албатта, аёлларнинг бизнес соҳасида иштирок этишини қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор туфайлидир.
Бугун “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда қатор йўналишларга эътибор қаратганимни айтмоқчиман. Булар маҳаллий брендларни равнақ топтириш, енгил саноатни ривожлантириш, глобал интеграция, рақамлаштириш ҳамда таълим. Ҳар бир йўналиш қатор лойиҳаларни ўз ичига олади. Биз бу лойиҳалар орқали ҳамкорликда анча иш қилишимиз мумкин. Ишлаб чиқарувчилар билан алоқа ўрнатиш орқали маҳаллий брендлар ривожланишига кўмаклашиш, енгил саноат соҳасида стартапларга ёрдам бериш учун инкубатор дастури яратишни режалаштирганмиз.
Маҳаллий таълим муассасалари билан ҳамкорликда мода ва плиткалар дизайни бўйича тренинглар ташкил этилади. Ўзбекистон ишлаб чиқарувчиларини халқаро мижозлар билан боғлайдиган платформани ишлаб чиқиш, инновацияси бўйича тадқиқот ва ишланмаларни амалга ошириш, барқарор мода бўйича ҳамкорликни рағбатлантириш, савдо соҳасида ўсиш ва инновацияларни рағбатлантириш учун электрон бизнеснинг рақамли трансформациясини қўллаб-қувватлаш олдимизда турган муҳим вазифалардан.
Садагат ГАҲРАМОНОВА, Озарбайжон Республикаси Оила, аёллар ва болалар давлат қўмитаси раиси ўринбосари:
— Ҳар гал Ўзбекистонга келганимда оила, аёллар, маҳалла ҳаётига оид ибратли жиҳатларга гувоҳ бўламан. 44 йилдан бери раҳбарлик лавозимида фаолият кўрсатиб келаман. Тўрт фарзандим бор. Тажрибамдан шунга ишонч ҳосил қилганманки, аёллар иш жойига келгач ҳам барибир оиладаги муаммолар, ўзлари дуч келаётган ижтимоий масалалар ҳақида бош қотиради. Шу сабаб аёлларни касбий ривожлантиришда уларни ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Озарбайжонда ҳам ёлғиз, эҳтиёжманд аёлларнинг иқтисодий жиҳатдан мустақиллигини таъминлаш мақсадида доимий бизнес семинарлар ўтказиб келинади.
Роза АХМАДИЕВА, Қозон давлат маданият институти ректори (Россия Федерацияси):
— Ўзбекистонда инсон капиталига, таълим ривожига катта эътибор қаратилмоқда. Мамлакатингизнинг тараққиёт йўли жуда тўғри танлангани ислоҳотлар натижасидан ҳам кўзга яққол ташланмоқда. Бундай кенг қамровли ўзгаришлар жараёнида аёлларга, уларнинг жамиятда ўрни ва мавқеини топишига катта эътибор қаратилмоқда. Зеро, авлодлар давомчилари, тарбиячилари ҳам айнан аёллардир.
Ҳозир барча йўналишда, жумладан, музей соҳасида ҳам ижодий лойиҳалар пайдо бўлмоқда. Айни пайтда деярли барча музей ва кутубхоналарда рақамли технологиялар жорий этилмоқда. Шундай қилиб, экспозиция ва кўргазмалар яратишда дизайнерларга тобора кўпроқ мурожаат қилинмоқда. Юқори сифатли музей ва кўргазма маҳсулотини олиш учун дизайнерлар, дастурчилар ва гамификация соҳасидаги мутахассислар билан ҳамкорликда ишлаш керак. Университетимиз музей ва кутубхона соҳасида рақамли технологиялар билан ишлаш бўйича катта тажриба тўплаган ва биз тажрибамизни ўртоқлашишга тайёрмиз.
Афнан АЛ-ШУЙБИ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги Аёлларни ривожлантириш ташкилоти ижрочи директори:
— Авваламбор, Ўзбекистонда бўлиб турганим ва меҳмондўст халқингиз билан мулоқот қилганимдан жуда мамнунман. Мен Саудиядан ташриф буюрдим, аммо штаб квартирамиз Қоҳирада жойлашган. Мен нафақат Саудия, балки бизнинг ташкилотимизга аъзо 7 нафар Ислом мамлакатлари номидан гапирмоқчиман. Ҳозирги кунда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, аёлларни таълим олишига яратилаётган имкониятлар, шунингдек, аёлларнинг иш билан банд қилиш йўналишидаги ислоҳотлар бўйича Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё давлатларида, балки бутун ислом оламида етакчилик қилмоқда. Ҳар бир мамлакатнинг ўз тажрибаси бор, аммо Ўзбекистонда амалга оширилаётган тажрибаларни бошқа мусулмон мамлакатларига оммалаштириш ва андоза олиш учун жуда кўп ислоҳотларни кўрдим ва ўргандим. Чунки, аёллар фарзандини бахтли қилиши учун бу диёрда ҳамма имкониятлар яратилган.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Рисолат МАДИЕВА ёзиб олди.