Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида давлатлараро муносабатлар фақат сиёсий мулоқот ёки иқтисодий манфаатлар эмас, балки таълим, илм- фан ва инсон капиталини ривожлантириш орқали мустаҳкамланаётгани ҳам бор гап.
Президентимизнинг яқинда Туркияга навбатдаги расмий ташрифи ҳар томонлама алоқаларни мазмунан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Мазкур ташриф дўстлик ришталарига таянган муносабатларни замонавий стратегик шериклик даражасига кўтариш, энг муҳими, келгуси тараққиётни белгиловчи соҳалар, хусусан, таълим ва инновацияларни ҳамкорлик асосига айлантиради.
Бу галги ташриф икки давлат ўртасида сиёсий ишонч, иқтисодий тенг манфаатдорлик ва интеллектуал салоҳият уйғунлашаётганини яққол намоён этди. Айниқса, олий таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ташрифнинг узоқ муддатли аҳамиятини белгилаб бермоқда. Давлат раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг тўртинчи йиғилишидаги иштироки билан бир қаторда Истанбулда биринчи ўзбек мактабининг барпо этилиши икки мамлакат ўртасида илм-фан соҳасидаги ҳамкорликнинг ўзига хос намунаси сифатида тарихга муҳрланди.
Ҳар бир давлатнинг рақобатбардошлиги таълим тизими билан баҳоланади. Шу маънода, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликда таълим масаласининг устувор йўналиш сифатида ўрин эгаллагани бежиз эмас. Сўнгги йилларда икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида қўшма таълим дастурлари, академик алмашинув, илмий тадқиқотлар ва педагог кадрлар тайёрлаш бўйича тизимли ишлар бажарилмоқда.
Юртимизда таълим соҳасига қаратилаётган юксак эътибор олий таълим муассасалари олдига янги вазифаларни қўймоқда. Халқаро ташрифлар натижасида берилаётган имкониятлар ўқитиш сифатини ошириш, халқаро тажрибани атрофлича ўрганиш ва уни миллий таълим тизимига мослаштиришни талаб этади. Туркия университетлари билан ҳамкорлик ёшларимизнинг дунёқарашини кенгайтириш, илмий салоҳиятини ошириш ва глобал рақобатга тайёр мутахассислар этиб тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Хусусан, мамлакатнинг илғор ОТМлар 1000 талиги рўйхатидан ўрин олган нуфузли университетлари билан ҳамкорлик қилиш учун Бухоро давлат педагогика институти ҳам салмоқли одимлар қўймоқда. Жумладан, Йилдиз техника, Ҳажеттепе, Ҳожи Байрам Вали, Гази университетлари билан қатор истиқболли ҳамкорлик йўналишлари бўйича англашув меморандумлари имзоланди. Меморандумлар доирасида профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, магистратура ва докторантура даражасида илмий раҳбарлик, икки дипломли дастурлар, шунингдек, Эрасмус+ ва бошқа халқаро грантлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари келишиб олинди. Ўзбек тили, маданияти ва миллий санъатини янада юксак кўтариш, ўзбек тили дарсларини Бухоро давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари иштирокида Туркия университетларида онлайн ўтиш, миниатюра санъатини ривожлантириш мақсадида олийгоҳлар ўртасида талабалар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг Туркияга расмий ташрифи икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар сонини кўпайтириш, транспорт соҳасидаги фаолиятни мустаҳкамлаш, энг муҳими, ёшлар ва таълим соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш — ҳамкорликнинг узоқ муддатли пойдеворини яратишга хизмат қилади. Янги Ўзбекистон тараққиёт йўлининг асосий йўналиши сифатида таълим ва илм-фан соҳаси танлангани эса шу йўлда қатъий қадам қўйиш зарур эканини кўрсатиб берди. Бугун йўлга қўйилаётган ҳамда эришилаётган муҳим сиёсий ва ҳамкорлик келишувлари яқин орада самара бериши шубҳасиз. Чунки билимли ва замонавий фикрлайдиган ёш авлод таълимига қаратилган эътибор ёрқин келажак сари қўйилган энг ишончли қадамдир.
Баҳодир МАЪМУРОВ,
Бухоро давлат педагогика
институти ректори, педагогика фанлари доктори,
профессор
Ҳамкорлик материали