Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳасини келишиш бўйича экспертлар гуруҳи билан ўтказилган видеоконференция шаклидаги биринчи йиғилишда муҳокама қилинди.

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, тадбир МДҲ Ижроия қўмитаси томонидан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон Республикаси вазирлик ва идоралари экспертлари билан бир қаторда Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Республикалари, Россия Федерацияси, шунингдек МДҲ Ижроия қўмитаси ва тармоқ ҳамкорлиги органларининг ваколатли вакиллари ва экспертлари иштирок этди.

Томонлар Концепция лойиҳасини қўллаб-қувватлади ва ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга ошириш имконини берадиган ҳуқуқий ахборот алмашиш учун МДҲ Ягона электрон платформаси ўз вақтида яратилаётгани ва мақсадга мувофиқлигига доир фикрда якдил.

Йиғилиш якунлари бўйича томонлар эксперт гуруҳининг кейинги йиғилишида Концепция лойиҳасини муҳокама қилиш борасидаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев томонидан МДҲ Давлат раҳбарлари Саммити давомида ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида координацияни кучайтириш ва ҳуқуқий ахборот алмашиш учун Ягона электрон платформани яратиш ташаббуси илгари сурилган эди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур ташаббусини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан алоқадор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ахборот алмашиш учун Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг Ягона электрон платформасини яратиш бўйича Концепция лойиҳаси тайёрланиб, янада такомиллаштириш учун МДҲ Ижроия қўмитасига юборилди.