Учрашув аввалида бошқарма бошлиғи ўринбосари Жасур Қаюмов мустақиллик буюк неъмат эканлиги, истиқлол йилларида кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланганлиги, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олганлигини таъкидлади.

Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ўз сўзида Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган шароитлар ҳақида тўхталиб, Давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ бўлим ходимлари билан юзма-юз мулоқотдан мамнунлигини изҳор этди. Ҳеч шубҳасиз, истиқлол йилларида юртимизда янги давлат ва жамият қуриш йўлида тарихий ишлар амалга оширилаётгани, мард ва олижаноб халқимизнинг букилмас иродаси ва улкан салоҳияти билан катта марралар забт этилаётгани алоҳида таъкидланди. Хусусан, халқимизнинг оғирини енгил қилиш, унинг муаммоларини вақтида ва самарали ечиш, одамларимизнинг ҳаёт даражаси ва сифатини яхшилаш барча ислоҳотларимизнинг бош мақсади этиб белгилангинлиги, замонавий ва барча қулайликларга эга хизмат биноларининг қад кўтараётгани ҳар бир ижодкор кўнглини тўлқинлантиришини айтиб ўтди.

– Бугунги учрашувдан бир олам таассурот олдик, – дейди Ангрен шаҳар Давлат хизматлари маркази бўлим бошлиғи Зухриддин Маликов. – Инсон ҳар доим эзгу ният қилиб, яхшиликни дилига тугиб яшайди. Ҳақиқатан ҳам, биз Давлат хизматлари маркази ходимлари халқ эътиборидаги, назардаги инсонлармиз. Шундай экан, нафақат муомиламиз, одобимиз балки юриш-туришимиз, хулқимиз билан ҳам бошқаларга намуна бўлишимиз лозим.

Самимий руҳда кечган тадбирда шеърлар ўқилди. Учрашувда Маҳмуд Тоир Нурафшон шаҳар Давлат хизматлари маркази кутубхонаси учун китоблар совға қилди. Ўз навбатида, Давлат хизматлари агентлиги вилоят бошқармаси томонидан халқ шоирига ташаккурнома ва эсталик совғалари топширилди.