Ҳа, мустақиллик — улуғ неъмат. У бизга осон келмади: аждодларимиз қурол кўтариб, қон, кўз ёш тўкиб қўлга киритди. Мустақиллик бу тинимсиз изтироблар, машаққатли йўл ва кўплаб қурбонликлар эвазига халқ қўлига етган шарафдир. Лекин у абадий кафолатланган туҳфа эмас. Ундан айрилиб қолиш мумкинми? Ҳа, мумкин. Эришиш учун асрлар давомида курашиш керак бўлади, аммо йўқотиш учун баъзан биттагина аҳамиятсиз қадам, биргина лоқайдлик етарли. Шунинг учун мустақиллик ҳам бахт, ҳам масъулият, ҳам эътиқоддир. У фақат қўлга киритиладиган эмас, балки ҳар куни асраб-авайланадиган, ҳар бир авлод янгидан сақлаб қолиши шарт бўлган муқаддас неъмат.
Дунёда қанча халқлар ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан маҳрум, қанчалари парчаланиб, яна мустақил бўлишга интиляпти. ХХI асрда ҳам Фаластин халқи ўз давлати учун курашмоқда. Мустақиллик орзусидан воз кечмаган, ўз ватани бор, лекин эрки йўқ халқлар қанча?! Шундай пайтда мустақил Ватанига, ўз давлатчилигига эга халқ қандай бахтли эканини ҳис қилмаслик мумкинми?
Бизнинг замин тарихи анча узоққа — Турон, туркийлар заминига бориб тақалади. Буюк ипак йўли йўқолгандан кейин юртимиз узоқ вақт таназзулга учради, буюк бобомиз Амир Темур давридан кейинги зиддиятлар ортидан бўлиниб, парчаланиб кетди. Собиқ иттифоқ таркибида эса йиллар давомида яна ўзлигимизни йўқотдик. Ва ниҳоят 1991 йилда унинг чангалига чек қўйиб, расман тарихий мустақилликка эришдик.
Мустақиллик дегани кўп йиллар давомида тинимсиз меҳнат қилиш, янгиланиш ва ривожланиш демакдир. Масалан, Ҳиндистон 1947 йилда мустақилликка эришди ва бу
йўлда улкан синовлардан ўтди. Хитой ҳам шундай: асрлар давомида ўз йўлини топди. Туркия эса ўтган йили мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлади.
Айтмоқчиманки, мустақиллик ҳар куни асраб-авайлашни талаб қиладиган, халқни йилдан йилга тоблаб, янги марраларга етаклашга сафарбар этадиган муқаддас қадрият. Қадри билинса, миллатнинг кучига куч қўшади, унутилса, қўлдан чиқиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳар бир авлод мустақилликка тарихдаги бир сана эмас, балки ўз тақдири ва фуқаровий масъулияти сифатида ҳис қилиши шарт. Мустақиллик биздан фахр ва ифтихордек юксак туйғулар билан бирга меҳнатсеварлик, жонкуярлик ва юрт учун жавобгарликни талаб қилади.
Сохта социализм иддаоси
Коммунистлар халқимизни етиб бўлмас хаёллар ва сохта шиорлар билан ишонтирди. “Социализм қурамиз, коммунизм қурамиз, 2000 йилга бориб ҳар бир фуқаро ўз уйига эга бўлади. Ҳокимият шўроларга, ер деҳқонларга, завод-фабрикалар ишчиларга берилади. 2000 йилдан кейин пул деган нарса ҳам қолмайди, ҳамма товар айирбошлаш йўли билан яшайди”, деб миллионларни орзуларга маҳлиё қилди. Бу иддаолар ташқаридан жозибали кўринса-да, аслида, ҳақиқий “утопия” эди.
Карл Маркснинг “Капитал” асарини ўқиган ҳар ким яхши билади: ибтидоий даврдан то бугунгача ҳар қандай меҳнатнинг ҳам, хизматнинг ҳам қиймати бор. Бозор иқтисодиёти айнан шу ҳақиқат асосида яшайди. Инсон табиати қанчалик инкор этмасин, меҳнатнинг нархи, қиймати бор, бу ҳақиқатни ўзгартириш мумкин эмас. Аммо коммунистик иддао шу ҳақиқатни рад этди, натижада эса бутун бир катта империяни инқирозга етаклади.
“Ҳамма нарса давлатники, ҳамма нарса бепул” деган шиор халққа сингдирилди. Албатта, собиқ иттифоқ катта ресурсларга эга эди: пахта, олтин, нефть, қазилмалар, малакали кадрлар. Бироқ инсонни ҳаракатдан тўхтатган, жамиятдаги ижодий руҳни йўққа чиқарган нарса айнан шу сохта социализм иддаоси бўлди. У иқтисодиётни юксалтирмади, балки одамларни меҳнатдан совитди, боқимандаликка ўргатди.
“Ишласам ҳам, ишламасам ҳам маош оламан” деган фикр оммалашди. Натижада сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш, омбор учун ишлаш авж олди. Бозор иқтисодиётининг табиий қонуниятлари эса “буржуазия элементи” сифатида рад этилди. Охир-оқибат шу сохта иддаолар империяни ҳалокатга етаклади, у парча-парча бўлиб, йўқ бўлди.
Шу боис, ҳалигача халқимиз орасида социализм ҳақида жуда жўн, саёз, романтик тасаввурлар яшамоқда. Гўёки ўша тизим ҳақиқий ҳаёт эмас, балки “сароб” эканини, чўпчакдек бўлганини тан олиш қийин. Чунки ўша вақт “доҳийлари” томонидан мияларга қуйилган ғоялар ҳануз одамларни қувиб келади. Аммо бу ғоялар билан бугунгача яшаш бутунлай нотўғри.
Мисол учун, Хитой ўз вақтида ва шўро тузуми қулашидан оқилона хулоса қилиб, ўз иқтисодиётини бозор қонунлари асосида қурди. У талаб ва таклиф қонуниятини ишга солди, халқини эса меҳнат қилсагина, яхши яшаш мумкинлигига ишонтирди. Шунинг учун ҳам бугун Хитой иқтисодининг ЯИМ қиймати 18 триллион доллар билан дунёда иккинчи ўринга чиққан. АҚШда ҳам асосий мезон — инсон манфаати. Шу боис, АҚШ ЯИМ қиймати 29 триллион доллар билан ҳануз барқарор ва етакчи.
Собиқ иттифоқда эса барча “манфаатлар” тугатилди. Одамлар ишлаб турган завод ва фабрикаларга номигагина бориб келар, маош эса арзимас эди. Ҳамма гўёки тенг қилиб қўйилди. Лекин тарих кўрсатадики, мутлақ тенглик деган нарса йўқ. Жамиятда доимо етакчилар, тадбиркорлар, ҳаракатчан инсонлар ва шубҳасиз, лоқайдлар ҳам бўлади. Ана шу табиий баланс тараққиётни ҳаракатга келтиради.
Собиқ иттифоқ эса сиёсатдаги сунъий тенглаштириш билан бутун жамиятни лоқайдликка етаклади. Одамлар меҳнатга қизиқмай қўйди, ижодий руҳ йўқолди. Ва айнан шу сиёсат, “саробга асосланган социализм иддаоси” сунъий қурилган империяни ҳалокатга олиб келди.
1991 йилда мустақилликка эришганимизда халқ оғир иқтисодий мерос билан юзма-юз қолди. Унда бир тарафлама юритилган, фақат пахта яккаҳокимлигига суянган иқтисодиёт бор эди. Ўзбекистон яқингача ҳам ўзининг мебель саноати, қандолатчилик, техника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришига эга бўлишини кўз олдига келтира олмасди. Собиқ иттифоқ парчаланганда одамлар орасида “Биз энди қандай боқиламиз, қандай қилиб ҳаётимизни давом эттирамиз?” деган ҳадиклар кучайди. Чунки барча маҳсулотлар марказ ёки қўшни республикалардан келиб турарди. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йиллари халқ учун жуда оғир кечди. Одамлар орасида “Куз келса, яхши яшаймиз”, деган кинояли гаплар тарқалиши ҳам ўша пайтда қандай мураккаб жараёндан ўтга-нимизнинг исботи эди.
Биз ўшанда тўлиқ ишонч билан бозор иқтисодиётига ўта олмадик. Деҳқонларга ер ишониб берилмади, давлат қарамоғида бўлган ишлаб чиқаришлар эса хомашё танқислиги туфайли тўхтаб қолди. Бу оғир жараён 20-25 йил давом этди. Биз қўшни давлатлар каби “шок терапияси”дан ўтмадик. Миллий валюта — сўмни ҳам мустақилликдан сўнг бир неча йил ўтиб, фақат 1994 йилда жорий этдик. Бу эса шу маънода эди: биз расман мустақил бўлганимизга қарамай, иқтисодий жиҳатдан ҳали узоқ вақт мустақил эмасдик.
Тўғри, ҳар бир вилоятда “лидер маҳсулотлар” яратилиб, улар билан мақтанилди, четга экспорт ҳақида баландпарвоз гаплар айтилди. Лекин амалда бизда конвертация йўқ эди. Сотилган маҳсулотлар учун тўлиқ ва мустаҳкам доллар киримини таъминлаб беролмадик. Шу сабабли чегаралар ёпилди, товар ва хизматлар ҳаракати чекланди, мамлакатга келадиган туристлар учун виза олиш ҳам қийинлаштирилди. Бу ҳолат халқ онгида “Социализм дегани — ҳамма нарсани давлат белгилайди, давлат бошқаради, давлат таъминлайди” деган фикрни сақлаб қолди.
Мустақиллик йилларидаги машҳур беш тамойилдан бири “иқтисод — сиёсатдан устун” деб эълон қилинганди. Амалда эса бизда на ҳақиқий иқтисод, на соф сиёсат бор эди. Иқтисодий тизим шунчалик издан чиққан эдики, ҳатто банкларда нақд ва электрон пуллар ўртасида катта тафовут пайдо бўлди. Пластикдаги пулни нақдлаштириш учун одамлар 20-25 фоиз устама тўлашга мажбур, бу “обналичка” деб аталган қора бозорнинг очиқдан очиқ яшаши эди.
Кредит олиш эса янги азоб, ҳар бир банкнинг ўзига хос “шапкаси” бўлар, суиистеъмолчилик очиқдан очиқ қулоч ёйганди. Одамлар ўз пулига сотиб олаётган машинаси учун ҳам “навбат”да туриш билан бирга қўшимча тўлов, яъни “шапка” беришга мажбур бўларди. Ишлаб чиқариш, тижорат, ҳатто оддий маиший муносабатларда ҳам “откат”лар ҳаётнинг бир қисмига айланиб қолганди.
Ўша даврнинг ҳавоси шундай эдики, одамлар иқтисодий имкониятдан кўра коррупция ва суиистеъмолчилик деворига дуч келарди. Халқнинг меҳнатдан олган ҳақини адолатли сарфлаш эмас, балки ортиқча харажат ва “йўл ҳақи” билан қайтариш одатга айланди.
Президент ташаббуси — ижтимоий давлат сари қадам
2023 йилда умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганидек, Ўзбекистон ижтимоий давлат мақомига эга бўлди. Бу давлат сиёсатида инсон қадрини биринчи ўринга қўйиш дегани эди.
Бугун давлат, аввало, кам таъминланган ва камбағал қатламлар, ногиронлиги бор инсонлар, боқувчисидан айрилган оилалар, қийналаётган ва етимларга ёрдам беришни устувор вазифа қилиб олди. Уларнинг ҳаётини яхшилаш, рўзғорини юритиш учун кредитлар тақдим этиш, янги иш ўринлари яратиш, жамиятнинг тўлақонли аъзосига айлантириш ислоҳотларнинг асосий мақсади бўлди.
Авваллари пора ва таниш-билишчилик эвазига олинадиган ногиронлик маълумотномалари барҳам топди. ВКК, “Райсобес” каби коррупцияга мойил тузилмалар йўқ қилинди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мутлақо янги тузилма — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Бу ўзгаришлар нафақат ижтимоий адолатни таъминлади, балки халқнинг давлатга ишончи ва умидини янада кучайтирди.
Ҳар бир давлатнинг олий мақсади — ўз мустақиллигини мустаҳкамлаш ва асраб-авайлашдир. Агар мустақилликнинг илк йилларини биринчи босқич деб атасак, у даврда асосий сиёсий йўналиш ёпиқлик сиёсатига таянади. Яъни “ёпиқ бўлсак, бизга ҳеч ким таҳдид қила олмайди” деган тушунча билан мустақилликни сақлаб қолишга ҳаракат қилинди.
Ҳа, олдинги даврда радикаллашувга йўл қўйилмади, лекин шу билан бирга, ривожланиш ҳам бўлмади. Ўша йиллар “уйқу” режимида ўтди. Одамларимиз ҳеч қандай ривожланиш бўлмаётганини кўриб хорижга кетаверди, кетаверди, кетаверди... “Суриш керак” шиори аҳоли ўртасида, айниқса, ёш ва билимдонлар қатлами орасида доминант ғояга айланди.
Иккинчи босқич эса тарихий бурилиш нуқтаси бўлди. Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаган илк кунлариданоқ мустақилликни сақлаш учун фақат ёпиқлик эмас, балки очиқлик сиёсати ҳам самарали эканини исботлади. Дунё билан мулоқотга чиқиб, ҳамкорлик ва дўстлик алоқаларини кенгайтириб, ёрдам олиб, ёрдам бериб ҳам мустақилликни нафақат сақлаб қолиш, балки ривожлантириш мумкинлигини амалда кўрсатди.
Бугунги Ўзбекистон мисолида яққол кўряпмизки: дунёга очиқ бўлиш, глобал ҳамкорлик майдонига чиқиш, минтақавий ва халқаро интеграция жараёнларида фаол иштирок этиш мустақилликни мустаҳкамлашнинг янги, замонавий йўлидир. Энг муҳими, Ўзбекистон бугун очиқ дунё сиёсатида ўз сўзи ва нуфузига эга давлат сифатида намоён бўлмоқда. Бу очиқлик сиёсати нафақат мустақилликни мустаҳкамлайди, балки янги тараққиёт йўлини ҳам очиб бермоқда.
Сўнгги саккиз йилда ижтимоий соҳада эришилган натижаларга назар ташласак, икки муҳим масалани алоҳида қайд этиш лозим деб ўйлайман. Улар мамлакатимиздаги қурилиш ва “прописка” муаммосидир.
2016 йилга қадар Тошкентда ҳам катта қурилишлар, уй-жой барпо этиш ишлари деярли кўринмасди. Расмий статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, 1991 йилдан 2016 йилга қадар бор-йўғи 3636 та кўп хонадонли уй фойдаланишга топширилган. Бу рақам мамлакат миқёси учун жуда кам. 2017 йил-дан 2024 йилгача бўлган даврда қурилган кўп хонадонли уйлар сони эса 12 минг 373 тага етди, яъни 4 карра ошди.
Шу рақамнинг ўзиёқ сўнгги йилларда мамлакатимизда қурилиш соҳасида қандай мислсиз ўзгаришлар амалга ошганини яққол намоён этади. Бугун шаҳарларимизда барпо этилаётган янги уй-жойлар, йўллар, кўприклар ва замонавий инфратузилмалар ислоҳотлар қай даражада ҳаётий ва амалий самара бераётганининг энг ёрқин исботидир.
Узоқ йиллар давомида қурилиш деярли бўлмагани учун доимий “прописка” тизими ҳам ёпиқ ҳолда сақланди. Бу эса мустақиллик сиёсати эмас, балки ўша ёпиқ тизим, тоталитар тузумнинг яна бир қолдиғи эди. Чунки мустақил мамлакатнинг пойтахтига ўз халқи эркин киролмаса, у ҳақиқий мустақиллик эмас, балки собиқ иттифоқ давридан мерос қолган сегрегация рамзидир.
Албатта, вилоятларда ҳам ўзига тўқ, билимли, замонавий фикрлайдиган инсонлар кўп эди. Улар Тошкентда яшашни, фарзандларини олий таълимга олиб келишни, ўз меҳнати ва иқтидори билан пойтахт тараққиётига ҳисса қўшишни истарди. Бу табиий эди. Прописканинг очилиши эса янги даврнинг муҳим аломати бўлди. Шу билан мамлакатда миграция жараёнлари тезлашди.
Миграция уй-жой қурилиши, хизмат кўрсатиш соҳаларини кескин ривожлантирди. Натижада пойтахт аҳолисининг бир қисми шаҳар марказидан четроққа, Бўстонлиқ сингари ҳудудларга кўчишни бошлади. У ерда кўчмас мулк нархлари ошди, янги ерлар очилди, янги инфратузилмалар қурилди. Шу билан бирга, Тошкентдаги бадавлат инсонлар ўз капитали ва бизнесини вилоятларга олиб чиқишга киришди. Бугун Жиззах, Навоий, Қашқадарё ва бошқа ҳудудларда чорвачилик, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларига сармоя йўналтирилмоқда.
Шу тариқа пойтахтда тўйинган капитал ҳудудларга чиқди. Бу эса фақат марказ эмас, балки бутун республика ривожланаётганининг яққол исботидир. Энг муҳими, бу жараён социализмдагидек боқимандаликни яратмади. Чунки ижтимоий давлат дегани ҳамма нарсани давлатдан кутиш эмас, балки ҳар бир инсонга имконият эшигини очиб беришдир. Имконият бор жойда эса тараққиёт ҳам, адолат ҳам бўлади.
Биз узоқ йиллар давомида расмий ҳужжатларда камбағаллар сонини камайтириб кўрсатиш, уларни йўқдек ҳисоблаш билан банд бўлдик. “Камбағал” сўзини ишлатишдан уялиб, унинг ўрнига “кам таъминланган” деган сўзни оммалаштирдик. Аммо бир ҳақиқатни англашимиз шарт: камбағаллик абадий ҳолат эмас. У — транзит босқич, ҳаракат ва имконият берилса, инсон ундан чиқиб кета олади.
Бироқ социализм асосига қурилган камбағаллик тамоман бошқача эди. Унда одамларда боқимандалик кайфияти кучайди, ижтимоий пассивлик урчиди. Шунинг учун ҳам у ўтиб кетмайдиган, одамларни ўз ичига тортиб қоладиган ҳолатга айланди. Одамларнинг ногиронлик нафақаси олиш учун талашиб- тортишиши, давлатдан ортиқча таъма қилиши — бу ҳолат қанчалар ачинарли эди!
Бугун эса вазият бутунлай ўзгарди. Янги Ўзбекистонимиз меъмори — Президентимиз ислоҳотларининг асосида одамларни боқиш эмас, балки уларни боқимандаликдан чиқариш ғояси турибди. Инсонга нафақат нафақа, балки иш ўрни, кредит, ўзини ўзи банд қилиш имконияти яратиляпти. Яъни давлатнинг вазифаси инсонга имконият бериш, унинг қобилиятини рўёбга чиқариш, уни тўлақонли жамият аъзосига айлантиришдир.
Тадбиркорлар — юрт тараққиётининг драйверлари
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда тадбиркорлик салоҳияти жадал ривожланиб, юртимизнинг иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи омилга айланди. Бугун Ўзбекистонда йирик бизнес ва савдо тармоқлари нафақат пойтахтда, балки барча ҳудудларда халққа хизмат қилаётгани, мамлакат иқтисодиётига катта ҳисса қўшаётгани сир эмас.
Масалан, “Корзинка” мисоли. Илгари Зафар Ҳошимовнинг барча дўконлари фақат Тошкент билан чекланган, у вилоятларга маблағ киритишга эҳтиёткорона қараган. Аммо бугунги кунда ушбу тармоқ бутун Ўзбекистон бўйлаб ўз шохобчаларини очди.
Бу улкан йўл қандай босиб ўтилганини рақамлар яққол кўрсатади: 2016 йилга қадар “Корзинка” таркибида бор-йўғи 17 та дўкон бўлган бўлса, ҳозирда улар сони 163 тадан ошди. Бу орқали давлат бюджетига ҳар йили 1 триллион 325 миллиард сўмдан зиёд тушум келмоқда. Тармоқнинг энг катта ютуқларидан бири — у 12 мингдан зиёд фуқарони иш билан банд қилгани, минглаб маҳаллий тадбиркорларни эса ўз маҳсулотларини “Корзинка” расталари орқали харидорга етказиш имконияти билан таъминлагани бўлди. Бу дегани, бир савдо тармоғи нафақат чакана савдони, балки маҳаллий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам тубдан жонлантирмоқда.
Бундай мисоллар жуда кўп. Улар иқтисодий ўсишнинг асосий драйверлари сифатида нафақат ички бозорни тўйинтирмоқда, балки янги иш ўринлари, сифатли маҳсулотлар ва шаффоф солиқ тизимини шакллантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Шу йиллар давомида бутун дунёда кузатилган глобал пандемия иқтисодий кўрсаткичларга катта зарба берганини инкор этолмаймиз. Бироқ тадбиркорликнинг кучли салоҳияти туфайли бу тўсиқлар босиб ўтилди. Агар пандемия бўлмаганида, ривожланиш янада юқори суръатларда кечиши аниқ эди.
Бугун эса Президентимизнинг тадбиркорларга яратиб берган кенг имконият ва имтиёзлари натижасида бу жараён янги босқичга чиқди. Солиқ юки енгиллаштирилиши, кредит сиёсати либераллаштирилиши ва тадбиркорликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши — буларнинг барчаси юртимизда хусусий секторнинг давлат тараққиётидаги улушини янада оширмоқда.
Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар бугунги Ўзбекистон тараққиётининг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучидир. Улар орқали юртимизда ишлаб чиқариш чуқурлашмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда, халқимиз турмуш сифати юксалмоқда.
Ана шу хизматлар юксак баҳоланаётганидан далолат сифатида жорий йил 20 август куни Президентимиз тадбиркорлар билан учрашиб, уларнинг ташаббусларини қўллаб- қувватлади, иқтисодий эркинлик ва солиқ имтиёзлари учун янада кенг йўл очди. 20 минг тадбиркорнинг солиқ қарзи билан боғлиқ муаммоларини улар кутмаган миқёсда ижобий ҳал қилиб берди. Керак бўлса, йирик тадбиркорлар кўкрагига орден ва медаллар тақди. Бу бугунги ислоҳотлар даврида тад-биркорликнинг қанчалик юксак қадрланиши ва давлат тараққиётидаги беқиёс ўрнидан далолат.
Давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси тадбиркор шахсини нафақат иқтисодий жараёнлар иштирокчиси, балки янги Ўзбекистон тараққиётининг асосий устуни сифатида кўраётганининг ёрқин ифодасидир. Демак, мамлакатимиз тараққиётида тадбиркор давлат ва халқнинг энг ишончли таянчига айланмоқда.
Президентимиз айтганидек, “Янги Ўзбекистон тараққиётини, истиқболини таъминлайдиган куч бу — тадбиркорлар. Давлатимизни бой қиладиган куч бу — тадбиркорлар. Халқимиз, оилалар ҳаётини фаровон қиладиган куч бу — тадбиркорлар”.
Бугун нолиганлар кимлар ва улар нима қилиши керак?
Барча даврлар ва барча жамиятларда нолувчилар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Америкада ҳам, Европада ҳам, Япония ёки Россияда ҳам уларни учратиш мумкин. Чунки одамлар турлича фикрлайди, уларнинг билим даражаси, қарашлари ва ижтимоий ҳолатлари ҳам турлича.
Ҳақиқат шуки, дунёда барча нарса мукаммал эмас. Лекин инсон табиати шундайки, у меҳнат ва ҳаракат орқали ўз ҳаётини обод қилишга қодир. Уйини қуриши, атрофини гўзаллаштириши, боғига дарахт экиши, гуллар билан безаши орқали бу дунёни ўзи учун қимматли ва муносиб масканга айлантира олади.
Мустақилликдан кейин бозор иқтисодиётига тўлиқ ўтиш кечикди. Шунинг таъсирида жамиятда ҳали ҳам социализм асоратлари билан яшайдиган, давлатдан кўпроқ кутадиган, тайёрга ҳавас қиладиган авлод сақланиб қолди. Бу, айниқса, ёши каттароқ, шўро даврида яшаган инсонлардир. Улар ўтмишдаги арзончилик, барча нарсанинг давлат томонидан тақсимланишини соғинади.
Бироқ бу ҳолат учун уларни маломат қилиш эмас, балки англаш керак: уларнинг онгига социализм ва коммунизм ғоялари чуқур сингдирилган эди. Шунинг учун уларнинг янги иқтисодий муносабатларга мослашиши қийин кечади, бу ҳақиқат. Аммо ҳаёт талаб қиладиган ҳақиқат шуки, ҳар ким ўз тақдирининг эгаси, фаровонликка эришишнинг энг тўғри йўли эса меҳнат, ташаббус ва ҳаракатдир.
Лекин эрта тонгдан туриб, “Менинг бахтим ва омадим калити фақат ўз қўлимда” деб ишга отланадиган инсонлар — Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Зафар Ҳошимов, Фарҳод Маматжанов, Баҳодир Абдурайимов, Мурод Назаров, Фахриддин Илёсов, Шуҳрат Эргашев, Шавкат Шарипов, Шуҳрат Илҳомов, Абдуҳошим Исмоилов, Ҳикмат Абдураҳмонов, Альфия Мусина, Лазиз Адҳамов каби кўплаб тадбиркорлар бор. Улар ишга шунчаки пул топиш учун эмас, балки яратувчанлик, ислоҳотлар, янги ғояларни амалга оширишдан руҳий қувват ва энергия олиш учун жону дили билан киришади.
Кимдир эса бу пайтда норозилик кайфияти билан уйғонадию ижтимоий тармоқларда барча “негатив” фикрларини тўкиб-сочади. Лекин иши, ташвиши, масъулияти бор одам ижтимоий тармоқларда вақт йўқотиб ўтирмайди — муваффақиятли инсонларнинг вақти иш билан тўлган. Шу боис, кўп ҳолларда “негатив” ёзиб ўтирувчилар ҳаётини виртуал оламга боғлаб қўйган, ўз кучига ишонмайдиган одамлардир.
Дунё тажрибаси ҳам шундан далолат беради: Илон Маск, Жек Ма, Стив Жобс ёки Билл Гейтс каби машҳурлар ўнлаб, ҳатто юзлаб лойиҳалардан фақат биттасини омадли қилган, қолганлари омадсизликка учраган. Лекин улар ҳеч қачон шаштидан тушмаган, биргина муваффақият учун ҳам қувонган ва яна йўл излашда давом этган. Шунинг учун ҳам бугун дунё таваккалчи, жасур ва позитив инсонлар атрофида айланмоқда.
Албатта, Аллоҳ барчани ҳам тадбиркор қилиб яратмайди. Лекин шу ўринда Амир Темур бобомизнинг теран сўзлари ёдимга тушади: “Ишбилармон, мардлик ва шижоат эгаси — тадбиркор ва ҳушёр киши мингта тадбирсиз, лоқайд кишидан афзалдир”. Бу ҳақиқатни ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди.
Янги Ўзбекистон Учинчи Ренессанснинг пойдевори сифатида
Биз ўтган асрнинг турли даврларида кўплаб шиорлар остида яшадик. “Ёруғ коммунизм йўлида”, “Беш йиллик режалар”, “Колхоз ва бригада пешқадамлиги билан” каби шиорлар муайян вақтда жамиятни руҳлантирди, одамларга мақсад берди. Кейин мустақиллик йилларида ҳам маънавият ва келажак ҳақидаги турли шиорлар майдонга чиқди. Улар замон эҳтиёжига кўра маълум маънода ўз вазифасини бажарди, аммо вақт ўтиши билан кўпчилик учун шиорлар сўздан нарига ўтмай қола бошлади.
Халқ Шавкат Мирзиёев раҳбарликка келганда, у қандай ғоя орқали мамлакатни бирлаштиришини интизорлик билан кутди. Лекин Президентимиз бошқалардан фарқли равишда халқни янги шиорлар билан эмас, балки аниқ амалий мақсадлар билан руҳлантирди. Олий таълим тизимини яхши билган, илм аҳли ичида етишган маърифатпарвар раҳбар сифатида шундай деган эди: “Бизга керак бўлган келажак билим билан, илм билан, маърифат билан яратилади”.
Шунинг учун ҳам бугун янги Ўзбекистоннинг асосий ғояси Учинчи Ренессансни бунёд этишдир. Чунки ҳақиқий ривожланиш йўли кенг кўламли ислоҳотлар билан бирга маърифат, илм ва юксак билимли авлодни тарбиялашдан бошланади.
Ҳар бир ривожланган давлат тажрибаси шунга далилки, тараққиётнинг ҳақиқий пойдевори илмда. Хитой бугунги қудратига табиий бойликлари ҳисобига эмас, балки илм- фан ва технологияларга қаратилган улкан сармояси орқали эришди. Германия Иккинчи жаҳон урушидаги вайронагарчиликдан саноат ва таълим тизимига таяниб тикланди. Нефти ҳам, гази ҳам йўқ Сингапур эса йўлни билимли ёшлар ва самарали бошқарув орқали топди. Япония ҳам шунга ўхшаш йўлдан борди, асрлар давомида интизом ва билим билан қайта тикланди.
Президентимиз ҳам айнан шу ҳақиқатни чуқур англаб, янги Ўзбекистоннинг келажагини илм ва маърифат билан боғлади. Агар ўтмишда Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврлари бўлган бўлса, Учинчиси ҳам бўлиши табиий. Чунки тарих ғилдирак каби айланади. Бугунги ўзбек ёшлари — Учинчи Ренессанснинг асосий кучи. Шу боис, таълим соҳасидаги ислоҳотлар биринчи даражали вазифа сифатида белгиланди. Илгари олий ўқув юртларига қабул кўрсаткичи бор-йўғи 9 фоизни ташкил этарди, у ҳам кўпинча пора ва адолатсиз йўллар орқали амалга ошарди. Натижада ўн минглаб ёшлар билим олиш имкониятисиз қолган. Бугун эса вазият бутунлай ўзгарди: мамлакатимизда 205 та университет мавжуд, уларнинг ярми давлат, ярми нодавлат ва хорижий университетлардир.
Тошкент ҳақли равишда “талабалар шаҳри” деб аталмоқда. Бир миллионга яқин талаба бугун илм оляпти. Бу нафақат мамлакат ичида, балки жаҳон миқёсида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Ўзбекистон олий таълими юқори рейтингга кириш ва таълим марказига айланиш сари қадам ташлаяпти. Яқинда хорижий сафарлардан бирида ўзга мамлакат олимлари мендан ҳайрат билан “Нега сизларда университет кўп?” деб сўради. Бунинг жавоби аниқ: янги Ўзбекистон билимга чан-қоқ, малакали кадрлар етиштириш йўлидан кетяпти.
Энг қувонарлиси, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали минглаб ёшлар Гарвард, Стенфорд, Кембридж, Йелл ва Нагоя каби олийгоҳларда таҳсил олмоқда. Улар қайтгач, чеккада қолиб кетмаяпти, балки давлат бошқарувида, вазирликларда, йирик агентликларда фаолият олиб боряпти. Масалан, Алишер Саъдуллаев каби ёшлар бугун катта масъулиятли лавозимларда ишлаяпти. Улар утопик шиорларга ишонмайдиган, ҳақиқий натижа ва шахсий меҳнатига суянадиган авлод.
Биз аввал таълимдан қўрқар эдик: одамлар чет элга чиқишини чеклардик, доллар олишни қийинлаштирардик, четга чиқиш учун стикер талаб қилардик. Энди эса ҳаммаси очиқ: стикер йўқ, банкдан бемалол доллар оласиз, чет элга чиқиш эркин. Қўшни давлатлар билан муносабатлар очилди. Ҳозир Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш ва қўшни мамлакатлардан минглаб талабалар Ўзбекистонда ўқимоқда. Университетларда хорижий профессорлар фаолият олиб боряпти. Бу жараёнларнинг натижаси тез орада сезилади: билимли, замонавий фикрлайдиган ёшлар даври келмоқда.
Боболаримиз айтган: “Дангасанинг ёстиғи тагида райҳон, бойнинг ёстиғи тагида тикан бўлади”. Ишёқмас инсон тундан тонггача райҳон исини ҳидлаб ухлайди, унда масъулият ҳам, ташвиш ҳам у даражада кўп эмас. Ишбилармон инсон эса тикан устида ётгандек, эрта туриб, ўз ер-экинлари, ишчилари учун қайғуриб, янада кўпроқ меҳнат қилади. Тараққиётга етаклайдиган кучнинг бош мезони фаол ҳаракат ва билимга интилишдадир.
Президентимизнинг умиди ҳам ана шу боболаримиздек буюк авлод етишиб чиқишида. Чунки тарихимизда Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Мотуридий, Форобий, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи каби жаҳон илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ зотлар етишиб чиққан. Уларга фақат фахрланиб қарашгина етарли эмас, балки уларнинг машаққатга тайёрлиги, илмга чан-қоқлиги, узлуксиз изланишга интилишидан ибрат олишимиз зарур. Улардаги илм ва меҳнатга садоқат руҳи бизда ҳам уйғонмоғи, янги авлодни ҳаракатга ундаши керак. Президентимизнинг барча ислоҳотлари ва таълимга қаратган эътибори ҳам ана шу руҳни қайта жонлантиришга хизмат қилади. Чунки келажакда янги Ўзбекистоннинг қудрати илмли, изланувчан ва масъулиятли ёшлар қўлида бўлади.
Ўзбекистоннинг географик тақдири ва ундан келиб чиққан сабоқлар
Ўзбекистон жойлашуви ҳақида гапирганда кўпинча “Марказий Осиёнинг чорраҳаси, маркази, юраги”, дея ғурур билан таъкидлаймиз. Бу таъриф айрим жиҳатдан тўғри бўлиши мумкин, бироқ бизнингча, мамлакатимиз географик жойлашуви бир вақтнинг ўзида катта синов ҳамдир. Чунки Ўзбекистон дунёдаги денгизга чиқиш имконияти йўқ йирик давлатлардан бири. Қарийб 38 миллион аҳоли яшайдиган бу юрт барча маҳсулот айланмаси, импорт ва экспорт жараёнларини амалга ошириш учун камида учта давлат орқали денгиз йўлларига чиқишга мажбур.
Бу ҳолат табиий равишда иқтисодиётимизга ҳам таъсир қилади. Йўллар ёпилгани ёки қўшни мамлакатлардаги зиддиятлар сабаб биттагина контейнер маҳсулотнинг нархи икки баробарга ошиши мумкин. Бу эса логистика харажатларини кўпайтириб, иқтисодий ўсишга салбий таъсир кўрсатади. Шу жиҳатдан қараганда, Ўзбекистоннинг ҳар бир қадами фақат ички ислоҳотлар билан эмас, балки ташқи муносабатлар ва қўшничилик сиёсатини ҳам пухта ўйлашга чорлайди.
Асрлар давомида бу муаммоларга тарихий ечим сифатида Буюк ипак йўли хизмат қилган. У Шарқ ва Ғарбни боғлаб турган буюк мўъжиза эди: савдо орқали нафақат маҳсулотлар, балки ғоялар, илм-маърифат ва маданиятлар алмашган. Ўша замонларда Ипак йўли интернет вазифасини бажарган, дунё цивилизациясини уйғун ривожлантирган. Бироқ Васко да Гама ва унинг замондошлари сув йўлларини очгач, қуруқлик орқали савдо аҳамиятини йўқотди. Чунки сув йўллари ҳам арзон, ҳам қулай эди.
Мана шу йўқотишлардан кейин минтақамиз секин-аста кучдан қолди. Бу эса кейинги асрларда бошқа кучлар томонидан босиб олинишимиз ва бўлиниб кетишимиз сабабларидан бири бўлди. Аммо тарих бир нарсани кўрсатди: географик ҳолат тақдир бўлиши мумкин, аммо ундан тўғри сабоқ чиқарган халқ ўз йўлини топа олади.
Ўзбекнинг денгизи — билими
Албатта, ўзбекларнинг нажоти илм ва тафаккурда. Унутмаслигимиз керак: биз учун энг катта денгиз бу — билимлар олами. Бугунги ўзбек ёшлари учун ҳақиқий бойлик ҳам, имкониятлар дунёси ҳам уларнинг ақли, заковатидадир. Чунки бизга нажот берадиган қувват нафақат табиий ресурслар, балки, энг аввало, билим ва маърифатдир. Ота-боболаримиз “Билимга йўғрилган ҳунар ҳам барака беради” деб бежиз айтмаган.
Агар ақл билан иш юритсак, Риштоннинг сополини, ироқи тўқимачиларидан мерос кашта ва ипак зардўзлиги санъатини, миллий маҳсулотларимизни дунёнинг исталган нуқтасига етказишимиз мумкин. Бунинг учун катта инфратузилмаларга боғлиқ бўлиб ўтириш шарт эмас, интернетнинг ўзи биз учун янги Ипак йўли.
Шунинг учун айтамизки: Ўзбекистон ёшлари учун интернет янги денгиз, билим эса унинг кемасидир. Кераклиси ақл, яратувчан фикр ва ҳаракат. Шу билангина биз ўз орзу ва мақсадларимиз соҳилига ета оламиз.
Ўзбек халқи асрлар давомида меҳнатсеварлиги, ҳунармандчилиги, тадбиркорлиги ва маданий дунёқараши билан оламга танилган. Бизнинг қўлимиздан чиққан сопол, ипак, заргарлик, қурилиш ва санъат намуналари ҳамиша халқлар орасида ҳавас уйғотган. Шундан билиш мумкинки, юзага чиқишнинг ҳақиқий йўли ҳеч қачон осон бўлмаган — у сабр, изчил меҳнат ва интилиш билан қўлга киритилган. Шунинг учун ҳам бугун қийинчилик қанчалик катта бўлмасин, биз шунчалик ҳаракат қилишимиз, оёққа туриш ва юксалишга интилишимиз шарт.
Биз доим ўзимизни бошқалар: Америка, Европа давлатлари, Япония ва Туркия билан қиёслаймиз. Лекин назаримизда, бу унчалик тўғри эмас. Агар таққослаш зарур бўлса, энг адолатлиси ўзимизни кечаги ҳолатимиз билан баҳолашдир. Олдин қандай эдик, бугун нимага эришдик, эртага қандай бўлишимиз мумкин? Ана шундай қиёс ҳақиқий тараққиётнинг мезони бўлади. Чунки тараққиётнинг ҳақиқий мезони жамиятнинг кечаги ҳолатидан олдинга қадам ташлаши, сифат жиҳатидан янги босқичга ўтишидадир.
Тарихимизга назар ташласак, қачон ҳозиргидек эркин бўлганмиз? Қачон ўз тақдиримизга ўзимиз эгалик қилганмиз? Қачон фақат армияси ёки пахтаси, табиий бойликлари учунгина эмас, балки халқининг иродаси ва салоҳияти учун қадрланган миллат бўлганмиз? Бугун биз ана шу саволларга очиқ жавоб топяпмиз.
Айтиш лозимки, мустақилликнинг ҳақиқий мазмунига етиб бориш учун 2016 йилдан буён катта меҳнат қилинди. Тўхтаб қолган соҳалар кўтарилди, оқсаган йўналишларга давлатимиз томонидан ҳаракатлантирувчи туртки берилди.
Президентимиз сиёсатининг энг муҳим нуқтаси жамиятга эркинлик нафасини олиб киргани бўлди. Чунки ўзбек халқи ҳеч бир тарих чорраҳаларида пассив ёки кучсиз бўлмаган. Биз, ўзбекларга эркинлик беринг, мамлакатимизни ўзимиз бунёд этамиз, ҳисоб берувчи эмас, ҳисоблашиладиган қудратли давлатга айлантирамиз. Дарҳақиқат, мулоҳаза қилайлик, тадбиркорга нима керак — эркинлик, қолганини ўзи билади, илм- фан ва маърифат аҳлига нима керак — эркинлик, натижа ва ютуқларни кўраверамиз, кўряпмиз ҳам. Энди янги Ўзбекистон тараққиётини баҳолаш учун бизга бошқа мамлакатлар билан таққослаш керак эмас.
Албатта, биз ривожланган мамлакатлар даражасига чиқишни истаймиз. Лекин бунинг учун фақат давлатнинг ҳаракати етарли эмас, балки ҳар бир фуқаро, жамиятнинг ҳар бир вакили фаол бўлиши лозим. Ҳар ким ўз соҳасида ҳаракат қилса, ўзини кечагидан яхшироқ қилиб кўрсатса, мамлакат ҳам умумий ҳисобда янги марраларга тезроқ етади.
Янги Ўзбекистон бунёдкори Шавкат Мирзиёев феномени — бугунги кун воқелиги.
Бу ҳақда жуда кўп ва хўб ёзиш мумкин: биз ва дунё бу ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда. Лекин масала Президент шахсини кўкларга кўтаришда эмас — натижада. Кейинги 9 йилдаги юртимиздаги энг катта янгилик — халққа қайтган неъмат: эркинлик, озодлик, ҳурфикрлик. Қонун устуворлиги мустаҳкамланди, очиқ мулоқотга минбарлар берилди, фуқаролик позицияси кучайди. Тарихий бурилишнинг ҳақиқий ўлчови ҳам шу: ҳурриятнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши.
Инсон табиатан эркиндир, чунки биз туғилган биринчи дақиқалардан эркинмиз. Шунинг учун эркинлик фақат ҳуқуқий норма эмас, у шахс камолоти ва жамият янгиланишини ҳаракатга келтирувчи омил.
3000 йиллик тарих кесимида бундай кенг имкониятлар кам кузатилган. Бугун фикр эркинлиги, ташаббус ва фаол фуқаролик позицияси институционал шаклга эга бўлди. Янги босқичда вазифа аниқ: эркинликни қонун устуворлиги, узлуксиз ислоҳотлар ва миллий маданий меъёрлар билан барқарор уйғунлаштириш.
Президентимиз озодлик, эркинлик ва ҳурфикр учун шароит яратди.
Энди эса навбат бизга: мустақиллигимизни илм-маърифат ва юксак заковат билан мустаҳкамлайлик, миллий бирлик ва жипслик билан қўллаб-қувватлайлик, ҳалол меҳнат ва садоқат билан безайлик. Шундагина янги Ўзбекистоннинг пойдевори мустаҳкам бўлиб, Ватан тақдири авлодлар қўлида ишонч билан давом этади.
Шерзодхон ҚУДРАТХЎЖА,
сиёсий фанлар доктори,
профессор