Инсон, жамият, давлат манфаатлари уйғунлигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларимиз ижобий томонларини ҳар тарафдан кўрсатди. Янги Ўзбекистонни барпо этиш билан боғлиқ барча ислоҳотларимиз реал ҳаётда муваффақиятли амалга ошмоқда. Бу ютуқларимиз нафақат халқимиз томонидан ҳис этилмоқда, айни пайтда у дунёнинг йирик давлатлари раҳбарлари, нуфузли сиёсатчилар, халқаро экспертлар тарафидан ҳам юксак даражада эътироф этилмоқда.

Бугун янги Ўзбекистон ўзининг мустақил йўлини топди, у жаҳон ҳамжамиятининг эркин субъекти сифатида деярли барча халқаро масалалар ечимида ўз сўзини айта олмоқда. Биз дунёга, дунё эса бизга очилди.

Мазкур фикрлар Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида янада кенгроқ ва чуқурроқ ўз аксини топган. Байрам “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ҳолда кенг нишонланади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз тубдан ўзгарди. 74 йил давом этган мустабид тузум юртимизни ҳар томонлама вайрон қилди. Собиқ марказ томонидан Ўзбекистон қолоқ, аграр давлат сифатида “ушлаб турилди”. Иқтисодиётимиз бир томонлама — собиқ иттифоқни хомашё билан таъминлаб турадиган соҳаларгина ривож топди. Халқимиз 6 миллион 250 минг тонна пахта етиштирса-да, Ўзбекистонга “дотациядаги давлат”, халқига эса “боқиманда” деган ёрлиқлар ёпиштирилди.

Мустабид тузум йилларида халқимизнинг маънавий-маданий ҳаёти, айниқса, ачинарли бўлди. Келинг, мустақиллик байрами арафасида бу борада етказилган зарарлар, миллий-маданий меросимиз, айниқса, миллий тарбия тизимимизга етказилган зиёну заҳматлар ҳақида икки оғиз фикрлашайлик. Ҳар ҳолда бу ёш авлод онгида халқимиз бошидан кечирган оғир кунлар, етказилган моддий ва маънавий заҳматлар ҳақида муайян билим ва тасаввур беради деб ўйлаймиз. Бундай билим ва тасаввурлар эса тарихдан сабоқ олишга хизмат қилади. Қолаверса, мустақилликнинг қадр- қиммати, унинг ўзбек халқи тарихий тақдиридаги ўрнини билиш учун, энг аввало, мустабид тузум мазмун-моҳиятини онгли равишда англаш муҳимдир.

Энди мустабид тузумнинг ўзбек халқи миллий ўзлигини англашига қарши қаратилган айрим тадбирларига мисол келтирамиз. Масалан, миллий-маънавий, айниқса, диний қадриятларимизга қарши курашда ўша давр сиёсий ҳокимияти томонидан ўйлаб топилган “Курашчан худосизлар” ташкилоти жуда ачинарли ишлар қилди. Ушбу ташкилотнинг бўлинмалари барча ташкилот, корхона, муассасаларда ташкил этилган. “Курашчан худосизлар” ташкилоти, унинг бўлимлари руҳонийлар, динга эътиқод қилувчиларга қарши шафқатсизларча курашди, ташкилотнинг бош ғояси эса “эски қадриятларга” қарши курашдан иборат бўлди.

Миллий-маънавий қадриятларимизга қарши кураш бутун мустабид тузум даврида мутлақо тўхтамади. Компартия давлатнинг миллий, айниқса, диний қадриятларга қарши курашда икки хил йўл тутди. Бир томондан, давлат дин ишларига аралашмаслиги расман эълон қилинган бўлса, иккинчи тарафдан, диний қадриятларга қарши кураш асло тўхтамади, давлат, унинг куч ишлатар органлари барча диний ишларни кузатиб, “тартибга солиб” турди. 1940 йилда нашр этилган “Антирелигиозный учебник” китобида синфий душманлар ҳали тўлиқ яксон қилинмагани, улар энди диний ташкилотларда уя қургани, социализм ғояларига қарши реакцион, душманларча фаолиятини тўхтатмагани, минглаб миллий зиёлилар, руҳонийлар ўзларининг тамомила мағлуб бўлганини тан олмагани баён этилади.

Бугун янги Ўзбекистонда аҳоли, айниқса, ёшларни миллий қадриятлар асосида тарбиялаш, улар онгига миллий ўзлик тамойилларини чуқурроқ сингдириш билан боғлиқ вазифалар адо этилаётган бир даврда собиқ мустабид тузумнинг илк даврлариданоқ одамларни шўро мафкураси асосида, социалистик инқилоб руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор берилгани, мазкур ишлар миллий-ахлоқий қадриятларни йўқ қилиш асносида олиб борилганини яна бир бор эслаш лозим.

Ўша давр компартиясининг маддоҳлари ўзининг энг долзарб вазифаси сифатида кун тартибига аҳолини инқилобий руҳда тарбиялаш масаласини қўйди. Уларнинг фикрича, ахлоқ борасидаги инқилобий кайфият, энг аввало, инқилобий жўшқинлик асосида шаклланади. Инқилобий ахлоқ тушкунлик, ўз ишига умидсизлик, эски, чиринди мафкуралар билан келиша олмайди. Эътибор қилинг-а, минг йиллар давомида шаклланган миллий тараққиёт ғояларимиз, мутафаккир алломаларимиз томонидан яратилган миллий ахлоқ концепциялари “чиринди”, “эски” эмиш!

Оқибатда миллий-маънавий, хусусан, ахлоқий қадриятлар деформацияси, айниши, бузилиши, қадриятлар қадрсизланиш жараёни юзага келди. Айниқса, мустабид совет тузуми шароитида миллий маънавиятга ўша даврда шаклланган доҳийлик мафкураси кучли таъсир кўрсатди. Бундай мафкуранинг моҳияти қатор “доҳийлар” шахсига сиғиниш, тарихни сохталаштириш, социализмни ягона қадрият сифатида эътироф этишдан иборат бўлди. Бундай шароитда доҳийлик мафкураси жамият маънавий ҳаётини издан чиқарди, оммавий онг фақат бир жиҳатга — киши тафаккурида социалистик қадриятларни улуғлашга қаратилди.

Миллий-маънавий, айниқса, ахлоқий қадриятлар қадрсизланиши ўтган асрнинг 70-80-йилларида авж олди. Жамиятда, хусусан, маънавий ҳаётда демократиянинг чекланиши, ахлоқий қадриятларга нисбатан беписандлик муносабати аста-секин одамларда сиёсий ҳаётдан бегоналашув жараёнини юзага келтирди. Бундай бегоналашув эса ижтимоий сустликка олиб кел-ди. Ижтимоий сустлик ҳар доим ҳам ижтимоий боқимандалик билан уйғун ҳолда ўзини кўрсатади. Бу даврда авваллари буржуа ахлоқи деб танқид қилинган “жамиятга оз бериб, кўпроқ олиш” тамойили авжига чиқа бошлади.

Ахлоқий қадриятлар қадрсизланиши, емирилишига ўша йилларда авж олган хизмат лавозимини суиистеъмол қилиш, танқид учун танқид этиш, қўшиб ёзиш, давлат мулкини талон-тарож қилиш, кўзбўямачилик, жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бепарволик каби иллатлар ҳам жиддий таъсир кўрсатди. Айни пайтда кишиларнинг муайян қисмида у ёки бу масалада бир хил гапириш ва бошқача фикрлашдан иборат руҳий кечинма шаклланди. Шу ўринда таниқли адиблар Чингиз Айтматов ва Мухтор Шохоновнинг суҳбатидаги қуйидаги иқтибосни келтиришни лозим топдик: “Мустабид тузум ҳукм сурган даврда бутун жамиятга, сен билан менинг, ҳаммамизнинг дунёқарашимизга мафкуравий шири кийдириб қўйилди. Шу йўсин ҳамма ва ҳар бир киши қаттиқ бўйинтуруқ асосида ягона тузум манфаатларига итоат эттирилди” (Чингиз Айтматов, Мухтор Шохонов. “Чўққида қолган овчининг оҳи зори”).

Ҳа, ана шу, айрим юртдошларимиз ҳали ҳам сажда қилаётган, қўмсаётган собиқ мустабид тузуми ҳаммамизга Чингиз Айтматов айтгани каби бўйинтуруқ кийгизди, эътиқоди суст айрим одамларимизни манқуртга айлантирди. Миллий маънавиятимиз, қадриятларимиз топталди, ерга кўмилди, ёндирилди, йўқ қилинди.

Бироқ миллий мустақиллик туфайлигина биз азалий миллий-маънавий, маданий меросимизни сақлаб қола олдик. Таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, мустақиллик ғояларини фуқаролар онгига, миллий ўзликни халқимиз тафаккур тарзига сингдирган феномен ҳодиса ҳам маънавият эди. Одамларимизда “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” деган азалий қад-риятни тиклаган, озодлик, эрк, мустақиллик каби муқаддас тушунчаларнинг мазмун-моҳиятини англатган омил ҳам маънавият эди. Мамлакат мустақиллиги, юрт ободлиги, одамлар эркинлиги, шахс қадри каби юксак қадриятларни реал кучга айлантирган ҳам маънавият, маърифатдир.

Маънавият масаласи жамият тараққиётининг устувор йўналиши деб эълон қилинди. Одамларни совет даври ғоявий-мафкуравий зуғумларидан озод қилиш, уларнинг онгида шаклланган мустабидлик тафаккур тарзини бартараф этиш, жамиятдаги ижтимоий қўрқув ҳиссини йўқотиш борасидаги тизимли ишлар натижа бера бошлади.

Айниқса, 2017 йилдан кейин мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада амалга оширилган ишларни алоҳида қайд этиш керак. Уларнинг айримлари қуйидагилардан иборат: биринчидан, бугунги дунёнинг тобора глобаллашиб бориши шароитида маънавият борасидаги ишларнинг мутлақо янги тизими яратилди. Маънавият ишлари самарадорлигини оширишнинг ҳуқуқий-меъёрий базаси ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борадаги ишларни тизимлаштириш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази, унинг ҳудудий бўлим ва бўлинмалари ташкил этилди.

Учинчидан, маънавият ва маърифат соҳасидаги ишларда турли бошбошдоқликларнинг олдини олиш, пала-партиш ишларни тартибга солиш мақсадида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Бугунги кунда мазкур институт томонидан маънавий соҳадаги ишларни илмий таҳлил қилиш, соҳа самарадорлигини оширишнинг янги йўл-йўриқлари, замонавий усулларини яратиш бўйича жиддий ишлар қилинмоқда.

Тўртинчидан, ҳокимлик, вазирлик ва бошқа ташкилот ва муассасаларда маънавий- маърифий ишларни тартибга солишда муайян ютуқларга эришилмоқда. Президентимиз раҳбарлигида Республика маънавият ва маърифат кенгаши ташкил этилди. Худди шундай, вилоят ва туман-шаҳарлар ҳокимлари раҳбарлигида ҳудудий кенгашлар фаолияти йўлга қўйилди.

Унутмаслигимиз лозимки, миллий тарбия ва маънавиятимизнинг чуқур илдизлари юртимизда туғилиб, ижод этган мутафаккир алломаларимиз илмий меросида ўз аксини топган. Бироқ тан олишимиз лозим, биз ҳали алломаларимиз миллий-маънавий меросини яхши ўрганмаганмиз. Шунинг учун ҳам маънавият, тарбия билан шуғулланувчи ташкилот, муассасалар, таълим-тарбия ўчоқларида алломаларимиз яратган асарларга муҳтожлик бор.

Шу маънода, яқинда Имом Бухорий, Абу Ҳафс Насафий, Сирожиддин Ўший, Имом Зандавастий, Алоуддин Самарқандий, Абул Муин Насафий каби 10 нафар алломанинг ҳаёти ва ижодига бағишланган рисолалар чоп этилишини муҳим воқеа сифатида қабул қилиш мумкин.

Дарҳақиқат, бугун дунёда содир бўлаётган тўс-тўполонлар, турли минтақа ва давлатлар ўртасидаги зиддиятли ҳолатлар, манфаатлар тўқнашувлари тарбия ва маънавият масаласига алоҳида эътибор беришни талаб этмоқда. Шу ўринда давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрларига диққат қилиш керак деб ўйлайман: “Инсоният тарихига назар солинса, дунёдаги кўплаб халқлар, аввало, ўзининг маънавий бирлиги ва миллий ғояси орқали юксалишга эришганига гувоҳ бўлиш мумкин. Маънавий ривожланиш бу — виждон, ор- номус ва адолатни муқаддас билиб, эл-юрт манфаати учун астойдил ҳаракат қилиш демакдир. Маънавият — жамият тараққиётини белгиловчи асосий мезондир. Чунки одамларнинг маънавияти юксалгандагина жамиятда тинчлик, хотиржамлик ва тараққиёт бўлади”.

Ҳақиқатан, маънавият бор жойда тинчлик, хотиржамлик, тараққиёт, одамгарчилик, ҳамкорлик, самимийлик, ўзаро ҳурмат каби умуминсоний қадриятлар қарор топаверади.

Аммо бугунги кунда маънавият танқислиги юз бермоқда. Бугунги дунё тарихий ривожланишнинг ҳозирги босқичида ғоят зиддиятли, инсоният тақдирида кескин бурилиш даврига келиб қолди. Азалий-анъанавий қадриятлар ўрнини фақат шахсий манфаат, айш-ишрат, ҳузур-ҳаловат майлларига йўғрилган “янги эътиқод ва ахлоқ” эгаллаётгани, ахлоқий қадриятлар миллат ва халқлар менталитетига мос келмайдиган ҳуқуқий меъёрлар билан алмаштирилаётгани, Ғарб тамаддунининг демографик, миллий-этник ҳамда маънавий асослари емирилаётгани инсониятни жиддий муаммолар, ҳал этилиши жуда мураккаб бўлган ҳолатга олиб келмоқда.

Афсуски, бундай салбий ҳолатлар мамлакатимиз ижтимоий-маънавий ҳаётига ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда. Маънавият танқислиги глобал муаммоларни келтириб чиқармоқда. Назаримизда, бу бало-қазодан қутулиб бўлмайдигандек. Чингиз Айтматов бу ҳақда шундай ёзади: “Айни чоғда миллий ахлоқ- одоб, кўникма, стратегик идеалларга мутлақо ёт бўлган ва ҳар куни муваффақиятли равишда тарғиб қилинаётган “бозор маърифати”, “янгича турмуш тарзи”, афсуски, одамлар онгига сингдириляпти. Шундай кунларга ҳам етиб келдик. Яна бундан бешбаттар бўлади. Бу ҳам аччиқ ҳақиқат”.

Кейинги пайтларда инсоният тақдиридан хавотирга тушган минглаб маърифатпарварлар, зиёлилар дунёни фақат ва фақат маънавият, маърифат қутқаради, шунинг учун ҳам “маърифатли дунё”ни барпо этиш жаҳон афкор оммасининг энг устувор вазифаси бўлиши керак деб бонг урмоқда. Бироқ анъанавий, одамларни яхшилик, эзгулик, инсонпарварлик, самимийлик каби умуминсоний қадриятлар сари етаклайдиган “маърифати дунё” ғоясига “бозор маърифати” тарафдорлари жиддий қар-шилик кўрсатмоқда.

Хўш, “бозор маърифати” ғоясининг асоси нима? Бугунги дунёда ўзаро соғлом инсоний муносабатлар ўрнини бешафқат, ўта агрессив, радикал туйғуларга бурканган номуссизлик, беҳаё нафс эҳтирослари, моддиятга қуллик, тарбия ва маънавият жараёнини инкор этиш, ошкора адолатсизлик, тенгсизлик, халқаро ва миллий ҳуқуқий меъёрларга ҳурматсизлик ва манманлик, инсон зотининг қадр-қийматини оёқости қилишдек жирканч ахлоқий муносабатлар назаримизда “бозор маърифати” ғоясининг мазмун-моҳиятини ташкил этади.

Пул ва мулк фетишизми ҳар қандай самимий инсоний туйғуларни четга улоқтирмоқда. Табиий, анъанавий қадриятлар ўрнини сунъий, одамларни моддиятга қул қилишга, инсон қадр-қимматини бир чақа пулга сотиб юборишга тайёр қадриятлар эгалламоқда. Анъанавий, табиий қадриятлар эса сунъий идеаллар қаршисида ночор ва ҳимоясиз аҳволга тушиб қолмоқда. Табиий инсонпарвар ақл ўрнини сунъий технократик ақл эгалламоқда. Бу эса инсониятнинг ҳадемай сунъий ақлнинг итоаткор қулига айланиб қолиш эҳтимолини янада оширяпти.

Биз юқорида маънавият танқислиги ҳақида гапирган эдик. Дарҳақиқат, озиқ-овқат, кийим- кечак танқислигига чидаш мумкин, астойдил ҳаракат қилинса, уларнинг танқислигини бартараф этса бўлади. Тафаккур танқислигининг ҳам олдини олса бўлади. Бироқ маънавият, тарбия танқислигининг олдини олиш ўта мушкул. Тартибсизликка, ахлоқсизликка, давлат ва жамият томонидан қабул қилинган турли ҳуқуқий-меъёрий нормаларни бузишдан роҳат оладиган одамларни тарбиялашдан ҳам оғир масала бўлмаса керак.

Таниқли файласуф олим Б.Тўраевнинг таъкидлашича, маънавият танқислиги инсоният тўплаган маънавий мерос дурдоналари қадрсизланишига, инсониятнинг ўз тарихий ўтмишидан бегоналашувига олиб бориши мумкин. Хуллас, маънавият, маънавий қадриятлар, маънавий мерос хавф остида қолмоқда. Уни сақлаб қолиш, маънавиятсизликдан асраш ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Маънавиятсизликка дучор бўлган инсоният учун миллат, халқ, ватан манфаатлари ортиқча ташвиш ҳисобланади. Эътиқодсиз, миллатсиз, ватансиз ультракосмополит шахслар тўдаси вужудга келади. Улар учун миллат, дин, ватаннинг ҳеч бир қадр-қиммати йўқ. Бундай шахслар учун ўтмиш ҳам, тарих ҳам, келажак ҳам, маънавият ҳам, маънавий мерос ҳам кераксиз, ортиқча нарсадир. Бундай шахсларда меҳрибонлик, меҳр-шафқат, ачиниш, қайғуриш, фахрланиш туйғулари бўлмайди.

Айримлар “оломон маданияти”, “бозор маърифати”, маънавият танқислиги каби нохуш масалалар ҳақида мустақиллик арафасида гапириш шартмиди деб ўйлаши мумкин. Қатъий фикримизча, гапириш, бу ҳақда бонг уриш лозим. Гап шундаки, ҳар қандай янги нарса, жумладан, “оломон маънавияти” аввалбошда ўз оҳанрабоси билан барчани ўзига тортади. Эътиқоди суст, миллий қадриятларимиздан хабари кам айрим ёшлар эса ўша мазмунсиз, маънавиятсизликни тарғиб қилувчи “ғоялар” олдида дарров таслим бўлади.

Келинг, фикримиз тўғрилигини исботлаш учун яна мустабид тузум томонидан тарбия соҳасида амалга оширилган “ислоҳотлар” ҳақида фикрлашсак. Ўша даврда ахлоқ мутлақо сиёсийлаштирилди. Қадриятлар тизимидаги сиёсий-ғоявий ва ахлоқий қадриятлар қўшиб юборилди. Шунинг учун бу даврдаги энг асосий шиор “Коммунизм ғалабаси учун хизмат қиладиган барча нарсалар — қадрият”дан иборат эди.

Мустабид тузум ўзбек халқи ахлоқий қадриятларини қатағон қилиш, айниқса, миллатни ватанпарварлик ғоялари билан суғоришга хизмат қиладиган маънавий омилларни чеклашга алоҳида ўрин берди. Қадимий ахлоқий қадриятлар, миллий ғурур ва халқчил ғояларни ўзида акс эттирган, неча минг-минглаб мисраларни, жилд-жилд китобларни ташкил этадиган асотир ва афсоналар, ривоят ва эртаклар, мақол, топишмоқ ва латифаларга халқни эзувчи ғоялар билан бойиган қадрият сифатида қаралди. “Алпомиш”, “Равшанхон”, “Нурали”, “Шерали”, “Келиной” каби достонларга, қўшиқлар, миллий куй-оҳанглар, ганчкорлик, наққошлик, кулоллик, каштадўзлик сингари маънавиятимиз дурдоналарига бирёқлама муносабатда бўлинди, уларга замонасозлик, синфийлик, партиявийлик нуқтаи назаридан туриб баҳо берилди.

Яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратиш лозим деб ўйлайман. Миллий маънавиятимизга дахлдор кўплаб асарларимиз ўша давр сиёсатдонлари томонидан атайин бузиб кўрсатилди. Биргина мисол: машҳур халқ куйчиси Ўтар шоир Сафаров айтган “Ойпарча” достони қайта ишланиб, хоҳлаганча қисқартирилиб, “замонавийлаштирилган”идан, яъни ундаги асл ғоялар, миллийликка чорлайдиган тушунчалар тушириб қолдирилганидан кейингина нашрга берилган. Ўтар шоир Сафаров ўзи айтган “Ойпарча” достони нашр этилганда ўғли Қора бахшига ўқитиб йиғлаган ва “Ахир буни мен айтган эмасман-ку”, деб афсус-надоматлар чеккан.

Юқорида келтирилган мисоллардан муддао шуки, бугунги ёш авлод яқин ўтмишда ота-боболаримиз бошидан кечирган оғир кулфатларни, миллий-маънавий меросимиз кучли қатағонга учраганини, натижада минг йиллар мобайнида яратилган буюк меросимиз топталганини билиши, юракдан ҳис этиши лозим. Кечаги тарих бугун биз учун сабоқдир.

Миллий давлат мустақиллигини қўлга киритганимизга 34 йил бўлганига қарамай, ҳали ҳам мустабид тузум даврида шаклланган таълим-тарбия тизимини илоҳийлаштиришга уринишлар бор. Аммо ўша давр таълим-тарбия тизими моҳиятини ўзбек халқи миллий ўзлигини англаш жараёнини йўқ қилишга, одамларимизни миллий-маънавий меросдан бебаҳра этишга, миллат тафаккурида совет тузумига “меҳр” уйғотишдан иборат сиёсат ётганини айрим ватандошларимиз, айниқса, ёшларимиз билмайди. Бу — ўта хавфли ҳолат.

Айниқса, юқорида қайд этганимиздек, бугунги дунё барчамиздан сиёсий-мафкуравий жиҳатдан ҳушёр бўлиш, теварак-атрофимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни теран таҳлил қилиш ва улардан сабоқ чиқаришни талаб этмоқда. Таъбир жоиз бўлса, мустақиллигимизнинг тақдири, давлат ва миллат тараққиёти, истиқболдаги барча стратегик мақсадларимиз натижаси маънавият ва маърифат борасидаги сиёсатимиз ва унинг қай даражада амалга ошишига боғлиқ. Бироқ, бир томондан, миллий маънавиятимизга мустабид тузум даврида етказилган зиён-заҳматлар, бошқа тарафдан, бугунги долғали кунларда тобора кучайиб бораётган мафкуравий курашлар, одамлар онги, тафаккурини заҳарлашдан манфаатдор кучлар-нинг ҳаракатлари замонавий жамиятни янада кучли хавф-хатарга қўймоқда.

Шу ўринда маънавий ҳаётдаги турбулентлик ҳодисаси ҳақида айрим фикрларни билдиришни маъқул кўрдик. Турбулентлик ҳодисаси кўпроқ аниқ фанлар — физика, кимё соҳаларига тегишли бўлса-да, бугунги кунда мазкур ҳодисани маънавият, тарбия борасида ҳам қўллашни мақсадга мувофиқ деб биламиз. Турбулентлик лотинчада жўшқинлик, тартибсизликни англатади. Ҳозирги замонда тарбия, маънавият бўйича жараёнларда ана шу турбулентлик ҳолатини ҳар қадамда учратса бўлади.

Бироқ миллат ва давлат тақдирини ўз сиёсатининг асосий йўналишларидан деб билувчи ҳар қандай сиёсий куч мамлакат маънавий ҳаётини ўз-ўзидан бўлаверадиган ҳодиса сифатида талқин қилиши мумкин эмас. Бу борада янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижобий ишларни алоҳида қайд этиш лозим.

Масалан, биз юқорида таъкидлаган маънавий-маърифий ишларнинг ягона тизим асосида олиб борилаётгани, давлатимиз раҳбарининг жамият ижтимоий-маънавий барқарорлигини таъминлашдаги муҳим ўрни, жойларда тарбия масаласига барча катта ва кичик раҳбарларнинг мутасадди этиб белгиланиши — буларнинг бари юртимизда ушбу масалалар давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганидан дарак беради.

Афсуски, маънавиятдаги турбулентлик ҳолатининг айрим кўринишлари бизда ҳам учрамоқда. Масалан, баъзи ижтимоий тармоқларда давлатнинг тарбия, маънавият соҳаларидаги фаолиятини шахс эркинлигига тажовуз сифатида баҳолаш учраяпти. Бу давлатнинг тарбия борасидаги фаолиятини инкор этиш билан баробар. Ўзбек миллий қадриятлари орасида жамоавийлик масаласи ҳар доим устувор аҳамият касб этиб келган. Шахс тарбиясидаги индивидуализм ҳар доим инсоннинг жамиятдан бегоналашувига сабаб бўлади. Шунинг учун тарбия масаласига жамият, жамоатчилик муаммоси сифатида қаралган. Жамоатчиликнинг тарбия, маънавият масалаларига кучли эътибори бу жараёндаги турбулентлик ҳолатининг олдини олади. Тартибсиз тарбия жамиятнинг кушандасидир.

Тартибсиз тарбияни, турбулентлик ҳолатидаги маънавиятни тартибга келтирувчи омиллар жуда кўп. Шулардан энг муҳими, назаримизда, идеал шахс ва жамиятга интилиш масаласидир. Яқинда бир илмий анжуманда ана шу масала хусусида фикр билдириб, идеал, айниқса, маънавий идеал масаласи бугунги глобаллашув даврида инсониятни турли хавф-хатарлардан қутқариб қолувчи муҳим омил эканини таъкидладим. Бироқ анжуман иштирокчиларидан бири “Идеал жамият ва шахс тўғрисидаги фикрлар бугун ортиқча, бундай “қизил гаплар” одамларни реал ҳаётдан узоқлаштиради”, деди.

Аксарият иштирокчилар маънавият ва тарбияда идеал жамият ва шахс масаласи ҳеч қачон эскирмайдиган, жамият аъзоларини тараққиёт, баркамолликка, ижтимоий ҳамкорликка, адолатли жамиятга ундайдиган ғоя ва мафкуралар мажмуаси эканини қайд этди. Шу маънода, идеал шахс ва жамият тўғрисидаги билим ва кўникмаларимиз тараққиётга инти-лишимизни тартибга солади, руҳлантиради, амалий фаолиятимизга маъно-мазмун беради, тарбия жараёнидаги турбулентликни самарали ўзанга солади. Глобал таҳдидлардан ҳимоя қиладиган ягона омил билим ва маънавият эканини унутмасаккина, идеал жамият сари барча интилишларимиз реал натижа беради.

Маънавият ҳақида фикрлашар эканмиз, шубҳасиз, бугун инсониятга таҳдид солиб турган хатарлар тўғрисида гапирмаслик мумкин эмас. Инсониятга, алоҳида олинган миллат ва давлатга бўладиган хатарлар ичида энг хавфлилари ҳарбий, ижтимоий, иқтисодий, ахборий, мафкуравий, маънавий, маданий, миллий мазмунга эга хатарлардир. Назаримизда, бугун инсониятга, жумладан, мамлакатимиз тақдирига салбий таъсир кўрсатаётган хатарлар сирасида иқтисодий, ижтимоий, миллий, мафкуравий хатарларга алоҳида диққат қилиш керак.

Масалан, бугунги бозор муносабатлари шароитида иқтисодий хатар энг долзарб масалалардан бирига айланди. Одамлар ижтимоий онгида моддиятнинг энг устувор аҳамиятга эга бўлиб бораётгани туфайли “Ҳамма нарсани пул ҳал қилади” деган ақида ёшларнинг аксарият қисмида уларнинг ҳаётий тамойилига айланмоқда. Натижада эътиқоди суст айрим ёшларимизда барча нарсаларни пул, моддият билан ўлчаш кўникмаси шаклланяпти. Бунинг энг хавфли жиҳати эса ундайларнинг миллат, жамият ва давлат манфаатларидан тобора узоқлашиб бориши, миллий ўзлик, маънавий қадриятларимиз, минг йиллар давомида шаклланган тарбия ва маънавият тизимимизни очиқдан очиқ инкор этишида кўринмоқда. Бундай хатарларнинг олдини олишнинг ягона йўли эса маънавиятга бериладиган эътибор билан боғлиқ.

Яна бир муҳим хатар тўғрисида гапирмасак бўлмайди. Бу бугунги мавжуд вазият туфайли содир бўлаётган ижтимоий хатардир. Бундай хатар кўпинча кўзга кўринмайди. У ҳар бир миллат ва давлатнинг ички сиёсатидаги ижобий ва салбий ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жамият аъзоларига таъсири билан баҳоланади. Бугун янги Ўзбекистонни барпо этиш, маърифатли давлат қуриш, бу жараёнда халқимизнинг бевосита иштироки туфайли ижтимоий хатарнинг хавфи тобора камайиб бормоқда. Бироқ дунёдаги ўзгаришлар, жаҳон ахборот тизимининг юртимизга бевосита таъсири тафаккур тарзи саёз айрим ёшларни домига тортяпти. Бу эса ўша ёшларнинг жамиятдан бегоналашуви, миллий-маънавий қадриятларни назар-писанд қилмаслик ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

Бизни, бутун янги Ўзбекистонни хавотирга солаётган хатарлардан яна бири — миллий мазмундаги хатар. Гап шундаки, бугунги дунёда “умумий уй”, “дунё одами”, “ягона халқ”, “устувор мақсад”, “гедонизм — завқ маънавияти”, “янги нарса эскисидан яхшироқ” каби ғоялар асосида миллий ўзликни йўқотишга қаратилган ҳаракатлар авж олмоқда. Бу жараёнда глобаллашувнинг салбий оқибатлари ҳам жуда катта. Тўғри, глобаллашув жараёнида умуминсоний муаммоларни ҳал этиш, инсониятни турли хавфлардан огоҳ этиш ва қутқариш борасида кўплаб ишлар амалга оширилмоқда. Аммо глобаллашувнинг қатор салбий кўринишлари ҳам борки, улар тўғрисида гапирмаслик мумкин эмас.

Масалан, глобаллашув энди тўхтамайдиган, ҳар қандай воқеа-ҳодисага таъсирини ўтказмасдан қолмайдиган ҳодисага айланиб бўлди. Таъбир жоиз бўлса, глобаллашув ҳар қандай миллатни ўзликдан жудо қиладиган, миллий қадриятларни чилпарчин қилиб ташлайдиган, пировард натижада давлатлар ва миллатлар деган буюк қадриятларни йўқ қилишга олиб борадиган йўлдир. Бу жараён “жаҳон кишиси” деб номланадиган ғайриодатий, ёлғон ғоялар асосида кечмоқда. Бундай хатарлардан қутулишнинг ягона йўли — маънавият ва маърифат.

Шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбари ҳар бир йиғилиш, аҳоли билан учрашувларда маънавият, унинг беқиёс кучи ҳақида куйиниб гапиришдан чарчамаяпти. Ҳақиқатан, бугунги дунё таҳдидларига фақат тарбия, маънавият билангина қарши тура оламиз. Миллатни турли таҳдид ва хатарлардан асраб қолиш, мамлакатни янада тараққий эттириш, мустаҳкам ижтимоий-маънавий муҳитни яратишда маънавият каби ўлмас феномен ҳодисанинг аҳамияти тобора кенгайиб ва чуқурлашиб бораверади. Бу ҳақда гапирар экан, Президентимиз бундай дейди: “Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз янги тараққиёт даврига қадам қўйган бугунги кунда халқимиз, айниқса, фарзандларимиз онгида Ватанга муҳаббат, юртимиз келажагига дахлдорлик, тинч, эркин, фаровон ҳаётнинг қадрига етиш туйғуларини кучайтиришда маънавий-маърифий соҳалар вакиллари, маданият ва санъат намояндалари ҳамда ижод аҳлининг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Биз бундай шарафли йўлда уларни ўзимизга энг яқин кўмакчи ва маслакдош деб билиб, уларнинг ёрдами ва қўллаб-қувватлашига таянамиз”.

Дарҳақиқат, муаззам, биз учун ғоят муқаддас мустақиллик байрами арафасида жамият ижтимоий-маънавий муҳитини мустаҳкамлайдиган, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлайдиган, одамларимизга самимийлик, инсонпарварлик ғояларини сингдирадиган, турли глобал хавф-хатарлар, мафкуравий таҳдидлардан асрайдиган ягона куч маънавиятдир. Маънавиятимизнинг бойлиги эса миллат ва давлат тараққиётининг кафолатидир.

Абдухалил МАВРУЛОВ,

тарих фанлари доктори, профессор