Тадбирда Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари” уюшмаси раиси Муртазо Раҳматов, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодир Жумаев, Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев ва бошқалар иштирок этди. Йиғилганлар китоб ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Таъкидланишича, янги ўқув қўлланмада жамият ва давлатни барқарор ривожлантириш бўйича устувор дастурий ҳужжат бўлган Ҳаракатлар стратегияси доирасида бошланган, мамлакатимиз равнақи сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтариш ва янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессансга мустаҳкам асос яратишга қаратилган туб демократик ислоҳотлар ҳолати ва истиқболлари мақсад ва вазифалар ҳар томонлама ёритилган.
— Мазкур ўқув қўлланма Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган асарлар орасида Ҳаракатлар стратегияси доирасида ёзилгани ва замонавий иқтисодий билимларни ўз ичига қамраб олгани билан ҳам аҳамиятли, — деди, профессор Муртазо Раҳматов. — Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигиниг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президенимиз Шавкат Мирзиёев ислоҳотларимизни бош ғояси сифатида таълим, таълим ва яна бир бор таълимга юксак даражада эътибор қаратиш бўйича алоҳида тўхталиб ўтгани барчамизни бирдек қувонтиради. Шу боис ушбу ўқув-қўлланма таълим соҳасидаги яна бир катта қадам десак мублоаға бўлмайди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети олимлари ҳамда мамлакатимизнинг етакчи иқтисодчилари томонидан ёзилган ушбу китобда мамлакатимиз равнақини сифат жиҳатдан мутлақо янги босқичга кўтариш ва Янги Ўзбекистон барпо этиш, Учинчи Ренессансга мустаҳкам асос яратишга қаратилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва ривожланиш истиқболлари, реал далиллар, тарихий маълумотлар асосида атрофлича ёритилган.
— Янги Ўзбекистон ибораси халқимизнинг кундалик қадриятига айланмоқда ва ёшларимиз учун мақсад ҳаракат йўналиши сифатида дастурил амал бўлмоқда, — деди ректор Қўнғиротбой Шарипов. — Мазкур китобда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва бевосита раҳбарлигида ишлаб чиқилган 2017—2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича амалга оширилаётган улкан иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар нақадар тўғри юритилиб, самара бераётгани акс эттирилган.
Умид қиламизки, мазкур ўқув қўлланмада ёритилган мавзулар билан танишиш натижасида ўқувчи янги Ўзбекистонни барча соҳалари ҳамда тармоқларини янада ривожлантириш бўйича сўнгги беш йилда изчил равишда амалга оширилган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг ҳолати ва истиқболлари, мақсад ва бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳақида тўлақонли тасаввурга эга бўлади.