Хизмат сафари давомида ЛУКОЙЛ-Волгоград НҚИЗда ишлаб чиқариш жараёнлари ва амалга оширилаётган инновацион лойиҳалар билан яқиндан танишилди.
Шунингдек, ЛУКОЙЛ-Волгоград НҚИЗ «Волгоград нефть базаси» раҳбарлари ва мутахассислари билан кичик доирада учрашувлар ташкил этилди.
Завод ҳудудидаги 80 Га ер майдонларига қуёш панеллари ўрнатилган, бунинг натижасида заводнинг 28,5 фоиз электр энергиясига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланган.
Завод лабораторияси нефть маҳсулотлари сифатини бошқариш ва уларни назорат қилишда инсон омилини минимизация қилиш мақсадида LIMS (Laboratory Information Management System) дастури билан таъминланган бўлиб, дастур лаборатория жиҳозлари билан интеграция қилинган. Дастур тегишли нефть маҳсулоти намуналари ўрнатилгач, автоматик тарзда таҳлилларни ўтказади ва барча кўрсаткичларни мониторинг қилиб боради. Ушбу дастурни жорий этиш орқали инсон омили билан кузатилиши мумкин бўлган хатоликлар тўлиқ бартараф этилган.
Шунингдек, хизмат сафари давомида «Волгоград нефть база»да нефть маҳсулотларини сақлаш ҳолатлари ва истеъмолчиларга етказиб бериш тизими билан танишилди.

«Волгоград нефть базаси» МЧЖда мавжуд сиғимлар энг замонавий сатҳ ўлчагичлари билан жиҳозланган бўлиб, нефть маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва етказиб бериш тизими тўлиқ рақамлаштирилган.
Шу билан бирга, барча автоёнилғикашлар тўлиқ рақамлаштирилган бўлиб, SCS-300 электрон қулфлар тизими билан таъминланган.
Мазкур электрон қулф тизими автоёнилғикашларда нефть маҳсулотларини ташишни назорат қилиш учун мўлжалланган бўлиб, натижада метр-шток, калибровка планкаларидан фойдаланиш, люкларни очиш/ёпиш заруриятидан воз кечилган. Электрон сенсорлар юкни ортишдан бошлаб АЁҚШга етказиб беришгача бўлган жараёнларда нефть маҳсулотларининг назоратини таъминлайди.
Бунда нефть маҳсулотларини қуйиш ва тўкиш фақатгина етказиб берувчи ва қабул қилиб олувчи рухсати билангина амалга оширилиши нефть маҳсулотларини манзилга бус-бутун етказиб берилишини таъминлайди.

Сафар давомида «ЛУКОЙЛ-Волгоград нефтни қайта ишлаш заводи» МЧЖнинг географик жойлашувидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистонга нефть маҳсулотларини етказиб бериш юзасидан музокаралар олиб борилди ҳамда «Бухоро НҚИЗ» МЧЖ томонидан бирламчи бензин ва газойл хом ашёлари импорти учун эълон қилинаётган тендерларда қатнашиш таклифлари берилди, деб хабар беради «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати