Кейинги йилларда китобхонликни юксалтириш йўлидаги қатор тизимли ишлар самараси бу борада эришилаётган ютуқларда акс эта бошлади. “Ёш китобхон”, “Китобхон оила”, “Китобхон маҳалла” каби тадбирларнинг анъанавий тус олаётгани қувонарли.
Икки йилдирки, ҳукуматнинг 2020 йил 14 декабрдаги қарори билан ҳар йили апрель ойида ташкил этилаётган “Китобхонлик ҳафталиги” ҳам яқин келажакда анъанавий тадбирга айланиб, йилдан йилга янги қиёфа касб этиб бормоқда. Зеро, 2022- 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аҳолига ахборот-кутубхона хизматини кўрсатишни янада ривожлантириш, китобхонликни кенг оммалаштириш ҳамда “Китобсевар миллат” умуммиллий ғоясини рўёбга чиқариш мақсади назарда тутилган.
Душанба куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 18-23 апрель кунлари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан бир қатор манфаатдор идора ва муассасалар ҳамкорлигида “Китобсевар миллат” шиори остида ташкил этилаётган II республика “Китобхонлик ҳафталиги”га старт берилади.
Ўтган йили илк бор ташкил этилган ҳафталикка асосан таълим муассасалари жалб этилган бўлса, бу йилги тадбирлар аҳоли гавжум жойлар, истироҳат боғларига ҳам кўчиши назарда тутилган. Хусусан, маданий-маърифий тадбирлар, турли тақдимотлар, китоб савдоси кўргазма-ярмаркалари, интеллектуал совринли викториналар “Magic City” истироҳат боғида ўтказилади.
Ҳафталик доирасида янги китоблар тақдимоти, таниқли, ёш истеъдодли ёзувчи ва шоирлар билан учрашувлар, ношир ва матбаачилар билан мулоқотлар ёшларнинг китобхонлик маданиятини ўстириш баробарида уларда матбаачилик, ноширлик соҳаларига қизиқиш уйғотишда ҳам муҳим омил бўлади.
Республикамиздаги меҳрибонлик ва мурувват уйлари кутубхоналарига “Меҳр кутубхонаси” ижтимоий лойиҳаси доирасида китоблар тақдим этилади. Журналистика, филология, таржимонлик йўналишларида таҳсил олаётган талаба-ёшлар учун ташкил этиладиган меҳнат ярмаркалари орқали ёшлар бандлигини таъминлаш, ноширлик соҳасида “устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш ва назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлашга эришиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, ҳафталик доирасида “Ноширлик ишини янги босқичга олиб чиқиш, нашриётлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш” мавзусида амалий семинар, “Кутубхоначилар ва ноширлар ҳамкорлиги”, “Болалар адабиётини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзуларида очиқ мулоқотлар ва бошқа турли тадбирлар ташкил этилади.
Бундан ташқари, ҳафталик доирасида ташкилотчилар томонидан энг фаол нашриётларни турли номинациялар билан тақдирлаш, соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган фахрийларни, китоб тарғиботчилари ва ижодкорларни рағбатлантириш ҳам режалаштирилган.
– Вилоятларда ҳам “Меҳр кутубхонаси” лойиҳаси доирасида мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари, ихтисослашган мактаб кутубхоналарига бадиий адабиётлар совға қилинади, – дейди Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева. – Шунингдек, “Биз буюк давлат, буюк тарих буюк маданият яратган халқмиз” шиори остида буюк аждодларимиз маданий меросларини тарғиб қилиш учун Фарғона, Хоразм, Андижон вилоятларида йирик тадбирлар бўлиб ўтади. Алишер Навоий ижодига бағишланган катта анжуман эса Сирдарё вилояти Ахборо ресурс марказида ташкил этилади. Ушбу тадбирларда онлайн тарзда бутун аҳоли вакиллари ҳам иштирок этиши мумкин.
Ҳафталик доирасидаги тадбирлар турфа. Уларнинг ҳар бирига ўзига хос таъриф бериш қийин эмас. Аммо, фикримизча, ҳафталикда фаол иштирок этиб, уларга жонли гувоҳ бўлганингиз маъқул.
Муножат МЎМИНОВА,
“Янги Ўзбекистон” мухбири