Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency” меҳмонхонасида “Ўзбекистон Республикасида экспортни янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш: мавжуд муаммолар ва уларни ҳал қилишда қонунчиликни такомиллаштириш” мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Халқаро тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати ҳамда Конрад Аденауэр жамғармаси ташаббуси билан биргаликда қонунчиликни такомиллаштириш ва экспортни чекловчи салбий омилларни бартараф этиш орқали Ўзбекистон экспорт салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилди. Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, тегишли вазирлик-ташкилот вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун қулай шароит яратишдир. Бунинг учун сўнгги йилларда давлат ва ҳукумат раҳбари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватловчи миллий институтлар ташкил этиш тўғрисида қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Бундан ташқари, инвестиция фаолияти ва экспорт субъектларини қўллаб-қувватлаш соҳасида тадбиркорлар бизнес режалари ва ривожланиш стратегиясини амалга ошириши учун уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида инвестиция фаолияти ва экспорт субъектларини қўллаб-қувватлаш соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилмоқда. Экспорт назоратини ўтказишда, яъни зарур экспорт сертификатларини олиш ва экспорт божхона расмийлаштируви учун ҳам муҳим ўзгаришлар юз беряпти.

Тадбирда сўз олганлар бу борадаги муаммоларга ҳам тўхталди. Хусусан, Ўзбекистон Иқтисодиет Ассамблеяси раиси Мухтор Умаров ўз нутқида экспорт муаммоларига таҳлилий-танқидий ендошиб, молиявий қўллаб- қувватлаш (финтех, факторинг, дискаунтинг), тарғибот-ташвиқотни кучайтириш, дебитор қарздорлик сабабли тадбиркорларга жарима қўлланилиши, экспорт режаси каби долзарб масалалар билан бирга, муаммога ечим бўлувчи бир нечта таклифларни илгари сурди. “Агар биз профессионал тадбиркорлар синфини шакллантирмас эканмиз, нафақат чет эл бозорларини, балки ички бозоримизни ҳам рақибларимизга бериб қўйишимиз мумкин”,  — деди у маърузасида.

Тадбир давомида давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор йўналишларни ҳисобга олган ҳолда экспорт бўйича қонунчилик ислоҳотларининг асосий йўналишлари белгилаб олинди, Ўзбекистонда экспортни қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди.