Улар халқ тарихини акс эттирувчи кўзгу бўлиш билан бирга, табиат ва жамиятнинг ноёб, хилма-хил ашёлари хазинаси ҳамдир. Шу боис, сўнгги йилларда пойтахтимиз, вилоят ва туман марказларида тарихий йўналишдаги қатор янги музейлар ташкил этилди. Мавжудлари таъмирланди. Музейларнинг илмий концепцияси миллий ғоя асосида қайта тузилиб, экспозициялари замонавий технологиялар уйғунлигида тубдан янгиланди.
Бугун мамлакатимиздаги музейлар сони (филиаллари билан
бирга) 138 тани ташкил этмоқда. Ҳудудлар кесимида энг кўп музей Тошкент шаҳри
(30 дан ортиқ), Бухоро вилояти (19 та), Фарғона ва Самарқанд вилоятлари ҳиссасига
тўғри келади.
Ушбу
музейлардаги экспонатлар сони ҳам сўнгги 30 йилда қарийб икки баравар
кўпайган. 1996 йилда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати
билан ташкил этилган Темурийлар тарихи давлат музейи, Олимпия шон-шуҳрати музейи,
Термиз археология музейи, Ҳазрати Имом мажмуасидаги ихчам китоблар музейи,
Алоқа тарихи музейи, Тошкент политехника музейи ҳамда Қуролли Кучлар музейи каби
масканлар халқимизнинг миллий ўзлигини англаши ва маънавиятини юксалтиришга
хизмат қилмоқда.
Сўнгги йилларда соҳага янада
катта эътибор қаратилиб, кўплаб янги музейлар ташкил этилди. Хусусан, Нукус
шаҳри ва вилоят марказларида барпо этилган Қатағон қурбонлари хотираси
музейининг филиаллари, 2020 йилда пойтахтимизда Иккинчи жаҳон урушида фашизм
устидан қозонилган ғалабанинг 75
йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган Ғалаба боғи мажмуасидаги “Шон-шараф”
музейи, шунингдек, 2020 йилда Ўзбекистон тарихи давлат музейининг филиали
сифатида ташкил этилган Тошкент музейи юртимиз тарихининг ҳали тўлиқ ўрганилмаган
саҳифаларини архив ҳужжатлари, ноёб экспонатлар ва замонавий кўргазма
воситалари орқали тўлақонли ёритиб бераётгани билан келувчиларнинг
катта қизиқишига сабаб бўлмоқда.
Бундан ташқари, охирги йилларда кўплаб давлат ва маданият арбоблари ҳаёти ҳамда фаолиятига
бағишланган музейлар очилди.
Хусусан, Тошкент шаҳридаги Эркин Воҳидов уй-музейи, Марғилон шаҳридаги Эркин
Воҳидов мемориал музейи, Жиззахдаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия музейи, Шайхонтоҳур
тумани Самарқанд дарвоза кўчасидаги Абдулла Қодирий уй-музейи, Абдулла Қодирий
номидаги истироҳат боғи ҳудудидаги Абдулла Қодирий мемориал музейи ҳамда Дўрмон
ижод уйи ҳудудида Абдулла Орипов уй-музейининг очилиши
халқимизнинг асл фарзандлари, адабиёт ва санъат аҳлига кўрсатилган юксак
эҳтиром ифодасидир. Бу масканлар ёш авлодда миллий қадриятларга ҳурмат, Ватан
ва миллат тақдирига дахлдорлик туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиши
билан бирга, янги Ўзбекистоннинг маданий сиёсати, миллий хотирани тиклаш ва
миллий ўзликни англаш нуқтаи назаридан беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Айни вақтда ушбу музейлар мамлакатимизда маданий
туризмни ривожлантиришга ҳам хизмат қилмоқда. Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда
музейлар сонининг ортиши ва экспонатларнинг бойиб бориши аҳоли ҳамда хорижлик
сайёҳларнинг қизиқишини янада ошириб, келувчилар оқимининг кўпайишига ижобий таъсир кўрсатган.
Ислом
цивилизацияси маркази – юксалиш
тимсоли
Мажмуа қурилиши ва безатиш жараёни 8 йил давом этди. Дарҳақиқат, Ислом
цивилизацияси маркази маҳобати, илмий-маърифий қиммати ва меъморчилиги билан
нафақат мамлакатимиз, балки бутун мусулмон дунёси ва халқаро ҳамжамиятнинг
диққат марказидаги масканга айланди.
Марказ очилган илк кунлардан
минтақадаги энг гавжум маданий масканлардан бирига айланди. Ҳозир унга ҳар куни
5000 гача маҳаллий аҳоли вакиллари ва хорижликлар бормоқда. Марказ жаҳон
миқёсида қатор нуфузли эътирофларга сазовор бўлиб, глобал илмий ва маданий
майдондаги нуфузини тобора мустаҳкамламоқда. 2025 йилда марказ Европанинг нуфузли
мукофотларидан бири бўлмиш “Prix Avicenne” мукофотига лойиқ деб топилди.
“Smithsonian Magazine”
талқинига кўра, Ислом цивилизацияси маркази 2026 йилда дунёда энг катта қизиқиш
билан кутилаётган ТОП-10 музей лойиҳаси қаторидан жой олди.
“Prix Versailles” талқинига
биноан 2026 йил учун дунёдаги энг гўзал музейларнинг глобал рўйхатига
киритилди. Танлов ташкилотчилари маълумотига кўра, Ислом цивилизацияси маркази
нафақат ушбу рўйхатга киритилган, балки 2026 йил якунида эълон қилинадиган учта
олий жаҳон мукофотидан бири — “Grand Prix Versailles”, “Interyer” ёки
“Eksteryer” номинацияларидан бирига даъвогарлик қилиш ҳуқуқини ҳам қўлга
киритган. Мукофот ғолиблари йил якунида Париждаги ЮНЕСКО қароргоҳида эълон
қилиниши режалаштирилган.
“BBC Travel” нашри Ислом
цивилизацияси марказини 2026 йилда очилиши энг кўп кутилаётган 6 та музей
қаторига киритди. Нашрга кўра, марказ VII асрга оид Усмон Қуръони ва 2000 дан
ортиқ ноёб қўлёзмага эга бўлиши билан бирга, сунъий интеллект ҳамда VR (виртуал
борлиқ) технологиялари ёрдамида тарихни интерактив тарзда намойиш этиши билан
ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
2026 йил апрелда Ислом
цивилизацияси маркази расман Гиннеснинг рекордлар китобидан жой олди. Мажмуа
ушбу нуфузли реестрга “Дунёдаги энг йирик Ислом цивилизацияси музейи”
номинацияси бўйича киритилди.
Атрофимиздаги одамлар билан саёҳат ҳақида
суҳбатлашганимизда, одатда Ўзбекистон шаҳарларидаги диққатга сазовор манзиллар,
айниқса, ҳудудларнинг ўзига хос миллий таомлари ҳақида кўп гапиради, аммо
музейлар тўғрисида гап очилганини кам кузатамиз. Ваҳоланки, юртимиздаги
аксарият музейларга кириш учун чипта нархи 1 соатлик автотураргоҳ учун тўлов
нархидан қиммат эмас.
Шу ўринда музейларга бағишланган туркум кўрсатувлар ва
ижтимоий тармоқлар учун махсус тарғибот лавҳалари тайёрланиб, доимий тарғибот
ишлари олиб борилса, таълим муассасалари ва меҳнат жамоалари томонидан уюшган
ҳолда музейларга саёҳатлар уюштирилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Элбек НОРМЎМИНОВ,
Ички ишлар
органлари тарихи музейи бошлиғи,
майор