Фестиваль иштирокчилари Нурота туманига ташрифи давомида Навоий тасвирий ва амалий санъат мактабида мактаб ўқувчилари томонидан миллий кийиниш маданиятини тарғиб қилувчи санъат кўргазмасида иштирок этди.

Улар «Эшон Судур» МФЙдаги ҳунарманд, оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган Саодат Файзиева хонадонида бўлиб, ҳунарманд томонидан миллий меросимиз ва қадриятларимизни ўзида мужассамлаштириган каштачилик санъати сир-асрорлари билан танишди.

Айни пайтда С.Файзиева «Устоз-шогирд» йўналиши бўйича 80 нафар ишсиз хотин-қизни ҳунармандликка жалб этган ҳолда фаолият олиб боряпти.

Тадбирнинг асосий қисмида тумандаги ҳунармандчилик, тикувчилик билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг қўл меҳнати билан яратилган маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди. Умумий ўрта таълим мактабларида ташкил этилган «Ораста қизлар» ва «Қизларжон» тўгараклари аъзоларининг миллий либосларда чиқишлари, мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган «Қўғирчоқ театри» томошалари ўзига хослиги билан кўпчиликни қизиқтирди, деб хабар беради «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.