Бугунги кунда йўл-транспорт ҳодисалари сони тобора ошиб бормоқда. Бунга кўпинча ҳайдовчиларнинг уқувсизлиги, йўл қоидасини яхши билмаслиги сабаб бўлаяпти. Шу боис мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимида талаб ва назорат кучайтирилди.
Натижада ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга кўмаклашишини айтиб, бунга ишонган фуқароларни чув туширишга ҳаракат қиладиганлар ҳам кўпайди. Ғузор туманида яшовчи Рустам Сафоев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам шундайлар хилидан экан.
Рустам таниши Акрамнинг гувоҳнома олиш ниятида эканини эшитгач, дарҳол унга ўз хизматини таклиф этди.
– Қашқадарё вилояти ИИБда ишлайдиган танишим бор, – деди у. – Бир нечта одамга шулар орқали права олиб берганман. Истасанг, сенинг ҳам масалангни гаплашиб кўришим мумкин. Чунки имтиҳонлар жуда оғир, улар ёрдам бермаса, ўзинг ўтолмайсан.
– Шундай қилсанг зўр бўларди-да, – деди Акрам ҳам қизиқиб қолиб. – Ўша танишинг билан гаплашиб кўр-чи, тартиби қандай бўлар экан?
– Тартиби аниқ, – деди Рустам. – Уч юз доллар берсанг бўлди, имтиҳонга кирганингда ўзлари ёрдам бериб юборишади. Кейин правани олаверасан. Бирор муаммо бўлса, ўртада мен борман, ишонавер.
Акрам бу масалада уйидагилар билан маслаҳатлашиб кўриши кераклигини айтди.
– Майли, маслаҳатлашиб кўр, сўнг ўзинг телефон қиларсан, – деди Рустам бамайлихотир. Бироқ эртаси куниёқ унинг ўзи Акрамга телефон қилди.
– Нима қилдинг, жўра? Уйдагилар билан гаплашдингми, нима дейишди?
– Улар-ку рози, лекин пулни қачон беришим керак? Ҳозир бунча пулим йўқ эди.
– Майли, бўлиб-бўлиб тўларсан, ҳозирча борини беравер, ишни тезлаштирмасак кейин вазият янада оғирлашиб кетиши мумкин.
Шундан сўнг ҳам Рустам Акрамга икки кунда икки марта телефон қилиб, пулни тезлаштиришни сўради.
Акрамда чиндан ҳам бунча пул йўқ эди. Шу боис бир таниши орқали Рустамга икки миллион сўм пул бериб, қолганини иш ҳал бўлганидан сўнг беришини айтди.
Рустам бу шартга рози бўлган бўлса-да, кўп ўтмай пулнинг қолганини ҳам сўрай бошлади. Ваъда қилинган гувоҳнома ҳақида эса лом-мим демасди. Унинг гап-сўзларидан фирибгарлик қилаётганини фаҳмлаган Акрам бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилди ва Рустам Сафоев рад этиб бўлмас далиллар билан қўлга олинди. Жиноят ишлари бўйича Ғузор тумани судида Рустам Сафоевнинг жиноят иши кўриб чиқилиб, унга иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.